Иорданияга саёҳат

Иордания пойтахти Аммандан каналимни кузатиб бораётган дўстларга самимий салом ва дуоларим!

Иордания Яқин Шарқдаги тинч ва барқарор мамлакатлардан бири бўлиб, бой тарихи, ранг-баранг табиати ва меҳмондўст халқи билан дунё сайёҳларини ўзига тортади. Аҳолиси тахминан 11 миллион киши, расмий пули эса Иордания диноридир.

Мамлакатнинг табиати жуда хилма-хил: шимолда тоғлар ва унумдор водийлар, марказда Ярмук ва Жераш атрофидаги ўрмонзорлар, жануб ва шарқда эса қизил қумли чўллар жойлашган. Ўлик денгиз Иорданиянинг энг машҳур табиий мўъжизаси – у Ер юзидаги энг паст нуқта ва унга тушган одам ҳечам чўкмайди.

Иордания тарихий мероси билан ҳам катта аҳамиятга эга: дунё мўъжизаси Петра – тошга ўйиб ясалган қадимий Набатийлар шаҳри, Жераш эса Рим даври меъморчилигининг энг яхши сақланган шаҳарларидан бири ҳисобланади.

Пойтахт Амман эса қадимият ва замонавий ҳаёт уйғунлашган шаҳардир. Унда араб, рим, усмонли ва замонавий архитектура қоришиб кетган. Амман аҳолиси меҳмондўстлиги билан танилган.

Танишинг: Муҳаммад Туркий — иорданиялик замонавий рассом, Амманда яшайди. Бадиий санъат коллежини тамомлаган.

Рассомнинг асосий йўналиши — шаҳар манзаралари, замонавий ва ярим абстракт услубдаги асарлар, хаттотлик.

Унинг картиналари дунё бўйлаб кўплаб галереяларда, санъат масканларида намойиш этилиб, мухлислар орасида катта эътиборга сазовор. Туркий ижодида Шарқ руҳияти, ранглар бетакрор уйғунлиги ва шаҳар ҳаётининг поэтик талқини алоҳида ажралиб туради.

Амман еттита тоғда қурилган шаҳар. Ўрганмаган одам тепароқдаги офис ё уйларга пиёда кўтарилгунча ҳансираб қолади. Аҳоли уйлари, ижарага берилган апартаментлар тоғлар бўйлаб чўзилган. Катта кўчалар асосан қирол ва шаҳзодалар номига қўйилган. Бу кўча кимнинг номида? Арабча ўқийдиганлар борми?

Танишинг: Тайсир Назмий, Иордания ёзувчилар жамияти раиси. 1952 йилда туғилган фаластин илдизли ёзувчи, журналист, шоир, танқидчи ва таржимон. У 20 ёшидан ижод қила бошлаган ва Иордания ҳамда араб дунёсида фаолият юритиб, кўп йиллар маданий нашрларда муҳаррир бўлиб ишлаган.

Назмий “Originality Movement” ижодий ҳаракатини бошқаради ва асарларида ижтимоий адолатсизлик, коррупция, сиёсий танқид каби мавзуларни ёритади. Унинг ҳикоялари ва насрий асарлари араб жамиятидаги муаммолар, шахсий ва миллий ўзлик, фаластинлик муҳожирлик тажрибасини акс эттиради. Назмий ўзини араб маданиятига содиқ, бироқ фикр эркинлигини биринчи ўринга қўювчи ёзувчи сифатида кўради.

Иордания ёзувчилар жамияти Аммандаги етти тоғнинг бирида – Жабал Ал-Лувейбдеҳ – даунтаун (марказ)дан анча тепадаги гулларга бурканган маҳаллада жойлашган.

Икки қаватли, салқин ён ҳовлиси бор бинода ёзувчи, шоир, таржимон, рассомлар тез-тез учрашиб туради.

Кирсангиз, (шакарлими йўқми деб сўраб) қўлингизга дарҳол мазали қаҳва тутишади.

Иордания ёзувчилар жамияти мушуги билан ҳам дўстлашиб олдик.

Иордания ёзувчилар жамияти халқаро адабий муносабатларга очиқ, ижодкорлари бирор хорижий тилда бемалол гаплашади. Амманда кўпчилик аҳоли, жумладан таксичилар, сотувчилар инглизча билади.

Адиблар шаҳардаги Юнус Эмро маркази, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Иорданиялик ижод аҳли асарларини испан тилига таржимаси бўйича тадбирда қатнашиб, янги ва яхши дўстлар орттирдим.

Қуръони Каримда баён этилган инсоният ҳаётига оид гўзал ҳикояларнинг биридаги воқеа Иордания пойтахти Амманда содир бўлган деб ишонилади. Бу ерда топилган тарихий далиллар шунга ишора қилади.

Шу қисса келтирилган сура номи ҳам ўша ажойиб тарихий воқеа туфайли қўйилган.

Савол: у суранинг номи нима ва у қисса қандай ном билан машҳур?

Қуръоннинг “Каҳф” сурасида зикр этилган Асҳоби Каҳф — золим подшоҳ даврида ўз иймонини асраш учун шаҳарни тарк этиб, ғорда паноҳ топган ёш мўминлар гуруҳидир. Аллоҳ уларни мўъжиза сифатида узоқ йиллар (309 йил) ухлатиб қўяди, уларнинг содиқ ити Қитмир эса ғор эшигида қўриқчи бўлиб туради.

Уйғониб, улар ўзларини фақат бир кун ёки бир муддат ухлагандек ҳис қилишади. Шаҳарга озуқа олишга тушган йигитларнинг бири уч аср аввалги тангаларни сотувчига бериши орқали сир очилиб, улар Аллоҳнинг ҳимоясида бўлган мўъжиза экани маълум бўлади.

Бу ҳикоя сабоқ сифатида иймон, сабр ва Аллоҳга суянишни ўргатади. Аммандаги Рақим ғори шу воқеа билан боғлиқ зиёратгоҳ сифатида машҳур.

 

Яна кўришгунча омон бўл, Иордания!

2025 йил ноябрь