Таҳририятимизнинг мўъжазгина кутубхонаси бор. Кутубхонамас-у, негадир шундай атагим келади. Бор-йўғи иккита жавон. Уч токчали қўш жавон китобларга лиқ. Қўли ишдан бўшаган ходим борки, келиб у-бу китобларни олиб варақлайди. Йўғон-ингичка, муқоваларида жамолингиз акс этгулик тўпламлар, дастхатлар муҳрланган оҳорли китобчалар, кафтингизга сиғмайдиган луғат, дарсликларгача бор.
Мен бу ерга танда қўйганман. Қизиқ, китобларни титиб, авра-астарини чиқарган бўлсам ҳам яна шу ҳол… Қўллар ўз-ўзидан югураверади. Бу гал…
Бу гал токчада мени етти ёт китоб «жангга чақирди»:
«СОҒИНТИРИБ КЕТГУМ КАДАМЛАРИМНИ»
Кафтимни тўлдириб турган китоб шундай номланади. Муқова ҳусни қанчалар жозибали бўлмасин; бу жозибани ифодалаб беришга ожизлик қилади киши. Кўзлари юмуқ ой, кичрайиб-каттараётган юлдузлар, қанот урчиган замин. Гоҳ оқ, гоҳ сарғимтир тусга киряпти, мавжланиб турган уммон…
Аста-секин варақлайман. Аъзам Обид. Таржималар. Фотосуратлар. Муаллиф казо-казолар билан тушган: ҳинд шоири Раживан Ткачом Пойил, нью-йорклик ёзувчи Хью Феррер, мисрлик адиб Аҳмад Ал-Аиди, ирландиялик Кристофер Метбюс, хитойлик драматург Жанг Шиан… етти иқлимликлар…
Шуурим пардалари ситилиб, онгим тиниқлашади. Бутун вужудим, борлиғим нурга дўнади. Бу шеърнинг, сўзнинг қуввати. Адабиётнинг мўъжизавий қудрати:
Гул кўнгилдан кетмамиш тўзим,
Нафснинг минг хил ғавғоси надир?
Ўн икки ой тўрт бўлди кўзим,
Бир йил кутдим лайлат-ул қадр.
Бу Аъзам Обиднинг шу китобга киритилган шеъридан парча, холос. Шеърнинг бир қатраси қалбга зиё таратар экан, уммони-чи…
Зиёкор қаламкашга ҳурматим ошди. Ният қилдим — у билан албатта учрашаман. Бу шунчаки орзулигича қолиб кетмади. Ният холис эса, Яратган ижобат қилмай қўймас экан. Тошкентга қилган сафаримда дафъатан шу мунаввар қалбли инсонга дуч келдим.
-Бор бўлинг-е,-қўшқўллаб кўришдим у билан. Аъзам ака табассум улаша-улаша кўнглимга инди қўйди: шакаргуфтор суҳбат, сафарлар таассуротлари, инжа фикр-ўйлар…
Аъзам Обид наманганлик, умри чорак асрдан энди беш-олти қадам силжибди. Ёш, кўзларида чақноқ умид-орзу, юрагида ўт ловуллаб турибди. Мақсади шунчаки жўнгина яшаш эмас… У адабиётимизни, ўзбек миллий адабиётини жаҳон шоҳсупаларига олиб чикмоқчи. Ҳозирги замон ўзбек шеъриятидан инглиз тилига қилган таржималари «Dream of lightsome dawns» ва «Tunes of Asia» хориждаги нуфузли адабий доираларда муҳокама қилиниб, юқори баҳоланиши унинг дастлабки уринишларидан.
– Хорижда Навоийни кўрмадим, Бобуру Машраб китоб дўконларида йўқ,- дея афсусланганнамо сўз қотди суҳбатдошим, бироқ Румий ва Ҳофизнинг борлиги суюнарли. Сафардан қайтаётган танишларим «бу юртда бизни билишмас экан» дея ҳафсаласи пир бўлди. Мен сўрадим: «Хўш, ўзимизни таништириш учун ақалли ўзингиз ишлаётган соҳада бирор нарса қилолдингизми?» Афсуски, қониқарли жавоб бўлмади. Кейин ўзимдан яна сўрадим: бирор миллатни, масалан, ўзбекни, унинг адабиётини дунё билиши нима учун керак?
Адабий асарларни таржима қилишга энди киришганимда олдимга катта мақсад қўймагандим. Аммо кейинги йилларда бутунлай бошқача фикрлай бошладим, ҳамма қатори бўй-бастимиз тенглашиб туришини, ўзга миллат адабиёти қаторида бизни ҳам севиб ўқишларини чин дилдан истадим.
Орзулари нурга инган Аъзам ака куюнчаклик билан сўзлайди. Мен уни жим, қулоқ қоқмай тинглайман.
-Сўнгги сафарларимиздан бирида Ҳиндистонда бўлдик. Дилбар шоира Зебо Мирзо, иқтидорли ёш олима Зулхумор Мирзаева билан халқаро «Катҳа» фестивалида қатнашдик. Эҳ, қанийди юртдошларимиз ҳам тил ўрганса, дунё кезса, дўст орттирса, чет элликлар билан ижодий ҳамкорлик қилиб, дўстона алоқалар ўрнатишса…
Айни дам менинг ҳам кўнглимда ўйлар, фикрлар чўғланади. Мамлакатимизда истеъдодли ижодкор ёшлар кўп. Шоирлар, ёзувчилар, сценарийнавислар. Қани энди уларнинг ижодлари жаҳон тилларига ўгирилиб, чет эллик китобхонлар қўлига етиб борса. Жаҳон ўзбек адабиёти ҳам бошқа халқлар адабиётидан қолишмаслигини билса, тан олса.
Аъзам ака билан гурунгимиз узоқ вақт давом этди. Кейин хайрлашдик. Ортга қайтдим. Илиқ таассуротлар қолди кўнгилда. Маънавий оламим бойиди. Завқим чексиз.
Орадан кўп ўтмай бир хушхабар эшитдим. Аъзам Обиднинг шеърлари алоҳида китоб ҳолида чоп этилибди. Ҳинд тилида.
Ўзбек шеъриятининг оҳанглари ҳиндча жаранглашидан яна бир бор хурсанд бўлдим. Бу бизнинг, миллий адабиётимизнинг байрами эмасми? Фавқулодда воқеа-ку?
Шу сингари байрамлар тез-тез бўлиб турса дейман…
Умид АЛИ.
БИР ҚУШ БОР…
Мен бир қушга ўхшар эмишман,
Мослик топиб ҳар йил фаслига,
ўзимни ҳам танийман қисман,
Энди қанот чиққан, аслида.
Лекин мени ўхшатманг, ҳайҳот,
Қуруқ номга мадҳия айтиб,-
Шундай қуш бор, этсанг-да озод
Учиб кирар қафасга қайтиб.
Мени ўша қушга ўхшатманг!
Аъзам ОБИД.
Мақолани cақлаб олиш учун ҳавола: Орзулари осмон қалб («Бекажон» газетаси, 6.11.2008)