Muslima va Muhsinjon

Муслима ва Муҳсинжон –
Опа-ука икковлон,
Суяр бир-бирин доим,
Эътиборли, мулойим.
Бешга кирар яқинда,
Сўзлар одоб ҳақинда,
Муслимахон укасин
Тўғирлайди ёқасин.
Муҳсинжон эса уч ёш,
Чаққонгина, лек ювош.
Қулоқ тутар опага,
Чиқмас баланд тепага.
Тегмайди ҳар нарсага,
Жилмаяди барчага.
Муслима овқат маҳал
Эслатиб турар ҳар гал:
“Бисмиллоҳ” айтмаса ким,
Шайтон яқинлашиб жим
Ошно бўлар ошига,
Кулфат келар бошига.
Миниб олар устига,
Айлантирар дўстига!”
Қўрқиб кетар Муҳсинжон,
Елка силкитиб шу он,
“Бисмиллоҳ” деб бошлайди,
Кулча нонни тишлайди.

***
Опажони эрталаб
Сабоқ берар эркалаб.
“Кий ўнг қўлдан кўйлакни,
Ўнг оёқдан шиппакни.
Юзни ювгач, бер салом,
Ўнг қўл билан е таом.”
Муҳсиннинг чақнар кўзи,
Унга ёқар “ўнг” сўзи.
Ўнг оёқла топ-тоза
Ҳатлашади дарвоза.
Осилмасдан шохчага,
Кетишади боғчага.