Ватан эшикларин очди битта дўст

Ўтган сафар мезбон ва ҳамроҳ сифатида жамоамизга қўшилиб, бу мустақил халқаро дастурнинг қандай ташкиллаштирилаётгани, унинг Ватан ва халқимиз учун аҳамиятини чуқур англаб, ўз кўзи билан кўриб, ҳаммасига гувоҳ бўлиб турган Роҳила Сиддиқдан ажойиб шеър:

Ватан эшикларин очди битта дўст,
Меҳмонлар ташрифи бошланди такрор.
Қалбидан шеърдаста тутган шоирлар,
Дунёлар тилида ўқийди
ашъор.
Сен менинг шеърима хуш келдинг, дўстим.

Бугун бағрин очди ўзбек дунёга,
Поёндоз қилди у қалбин қурини.
Қувончлар топди у пойгакда туриб,
Бўшатиб меҳмонга уйин тўрини.
Сен менинг уйима хуш келдинг, дўстим!

Бугун Румий сўзин такрорладик боз,
Кел, кел, кел, кел,
Ким бўлсанг ҳам кел, дўстим.
Болгарим, арабим, ветнамим, турким,
Сенинг ташрифингдан кўккача ўсдим.
Сен менинг қалбима хуш келдинг, дўстим!

Меҳр ёмғир бўлиб ёғди кўзлардан,
Оловланди қалбларда муҳаббат чўғи.
Алмисоқдан таниш, қалб, руҳинг менга,
Бугун танисамда сени бор йўғи.
Сен менинг рухима хуш келдинг, дўстим!

Мен сенинг тилингни билмайман, бироқ,
Қалблар бир бирини тушунди осон.
Қалбларда хайқирар сўзга ошиқлик,
Бу ишқдан нурланар замин, ҳам осмон.
Сен менинг ишқима хуш келдинг, дўстим!

Сен менинг юртима хуш келдинг, дўстим.
Сен менинг уйима хуш келдинг, дўстим.
Сен менинг кўнглима хуш келдинг, дўстим.
Мен менинг руҳима хуш келдинг, дўстим.
Сен менинг ишқима хуш келдинг, дўстим!

10.04.25
Қамчиқ довони.