Баҳорги резиденция дастуримиз охирлаб бораркан, қалбимни ҳам фахр, ҳам озроқ ғамгинлик эгаллаган.
Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда ҳақиқий эркин ва очиқ халқаро адабий-маданий мулоқот учун макон яратдик.
Аммо ҳақиқат шуки, бу ташаббусни айнан шу шаклда, ёлғиз давом эттира олмайман. Бу лойиҳани тирик сақлаш учун оилам ва бошқа саноқли дўстларим қаторида бор кучим, вақтим ва маблағимни сарфладим. Унинг бениҳоят улуғ таъсири ва аҳамиятига қарамай, маҳаллий қўллаб-қувватлаш ҳануз етишмади. Бундай лойиҳалар Ўзбекистон ичидан туриб молиявий қўлланмоғи шарт.
Мен Ўзбекистонга — унинг бой маданиятига, халқига ва очилмаган салоҳиятига чуқур ишонаман. Аммо шу билан бирга, бу резиденция тўлиқ қабул қилинадиган ва қадрланадиган жойда яшаб, ривожланишга лойиқ деб ҳисоблайман.
Энди эса, янги имкониятлар эшигини очяпман. Агар сизнинг давлатингиз, шаҳрингиз ёки ташкилотингиз адабиётга, маданий алмашувга ва инсоний алоқаларга чин дилдан ишонадиган бўлса — мен бу дастур билан сиз томон йўл олишга тайёрман.
Бу боб ёпилишидан олдин, барча дўстларни бир лаҳзага тўхтаб, ортга назар солишга чақираман — йиллар давомида нималарга эришганимизни, айниқса бу баҳорги резиденцияда қилган ишларимизни эслаб кўринг. Менинг ва иштирокчиларнинг аввалги постларини яна бир бор кўздан кечиринг — у ердаги энергия, ижодкорлик ва маънони ҳис қиласиз.
Чунки мен чин дилдан ишонаман: маданий-адабий алмашув ҳозирги замонда ҳашамат эмас — заруратдир.
Бу нафрат, уруш, коррупция ва очкўзликка қарши ягона барқарор ечимдир. Алмашув — сайёрамизда қолган гўзалликни, инсониятдаги энг яхши фазилатларни асраб қолиш йўлидир.
Йиллар давомида тўпланган тажриба ва халқаро алоқаларим билан, мен ҳикоялар, шеърлар ва жонли мулоқот орқали дунёларни яқинлаштиришда давом этаман.
Ўзбекистон — бу бошланиш эди. Якун эмас. Кейинги бобни бошқа мамлакатлар, билан бирга ёзамиз, иншаАллоҳ!
Қарангки, илк ҳамкорлик таклифи эса жуда узоқдан – Австралиядан чиқмоқда!