Деннис Дейли: “Ҳарвардда Навоийнинг туркийдаги девонини кўрдим”

Қиш охирларида Ўзбек тили ва адабиёт университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов қўнғироқ қилиб, Самарқанддан Аидахон Буматова деган ёш олима келгани, у билан яқиндан танишиб, ижодий ҳамкорлик қилишимни сўради. Кўп ўтмай Аидахон билан Юнусободда кўришиб, асосан адабиёт, каминанинг ғазал таржималари ҳақида суҳбатлашдик. Суҳбат асносида Аидахон АҚШда босилган, ҳазрат Навоийнинг 21 та ғазали жамланган китобни кўрсатди. Ҳеч хабарим йўқ эди, роса қувониб кетдим. Тезда варақлаб чиқарканман, таржимоннинг кичик биографиясига, суратига эътибор қаратдим: Деннис Дейли. Тез орада Дейли жанобларини Фейсбукда қидириб топдим, электрон манзилини олиб, хат юбордим. Шу йил февраль ойида у билан Массачусетс штати Бостон шаҳрида кўришиш насиб этди. Ёмғир шивалаб турганига қарамай, четроқдаги тумандан биз билан қисқа бўлса-да суҳбат қуришга етиб келди муҳтарам шоир ва таржимонимиз.

А.О.: Ассалому алайкум! Сизни кўриб, хурсандлигим юз чандон ортди. Ғойибдан таниб юрувдим, мана энди Америкада кўришиб турибмиз. Илтимос, ўзингиз ҳақингизда бир-икки оғиз айтиб ўтсангиз.

Деннис Дейли: Ва алайкум ассалом! Камина массачусетсликман. Уйим ҳозир турган жойимиздан жуда узоқ эмас, Сейлем деган ҳудудда жойлашган. Шоирман, десам бўлар, аммо Америкада ҳам шоирлар фақат шеър ёзишмайди, балки таълим даргоҳларида, компания ва бошқа корхоналарда ишлашади. Менинг ҳам иш жойларим кўп бўлган. Охирги фаолият юритган жойларимдан бири бу 9000 дан ортиқ кишини ўз ичига олган жамоа-иттифоқ бўлиб, унинг директори лавозимида фаолият олиб борганман.

А.О.: Хатларингиздан бирида Ўзбекистонга борганингизни ёзгандингиз. Бу қандай кечган? Таассуротларингиз эскирмаган бўлса, ўртоқлашсангиз, илтимос.

Д.Д.: Ўзбекистон ҳақида жуда илиқ хотираларим бор. Анча йил бурун қизим Женнифер Дейли Хоразм вилояти Урганч шаҳрида “Тинчлик корпуси” кўнгиллиси сифатида ишлаган. Мен у билан кўришиш учун Тошкентга борганман, у ердан қизим билан Самарқанд, Бухоро, Хивадан тортиб Мўйноқ ва Орол денгизигача бўлган ҳудуд бўйлаб саёҳат қилганмиз. Юртингизнинг тарихий масканлари, муқаддас қадамжолари билан танишганман. Бориб кўришга арзигулик ажойиб мамлакат у. Менга жуда ёққан Ўзбекистон. Қизим ҳозир турмушга чиққан, фамилияси ўзгарди, энди у Женнифер Камби, икки нафар фарзанди бор. “Тинчлик корпуси”дан кейин ҳам ўзи Ўзбекистонга бориб, инглиз тилидан дарс берган.

А.О.: Инсон камолотида унинг таълим олган масканлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Сиз қаерда, қайси соҳада ўқигансиз?

Д.Д.: Бостон коллежида бакалавр даражасини олганман. Норт Истерн университетида ҳам ўқиганман, магистрликни инглиз тили ва адабиёти бўйича олганман. Устозларим жуда яхши дарс ўтишарди, талабалик йилларим ҳаёт давомида асқотадиган зўр тажриба орттирганман, десам бўлади.

А.О.: Шоирликни қисмат дейишади. Сиз унга қандай келиб қолгансиз? Нималар ҳақида кўпроқ ёзасиз? Ўқувчиларингиз кимлар? Америкада шоирликнинг нонини ейиш қанчалик осон ё қийин?

Д.Д.: Ёшлигимда роса шоир бўлгим келган, аммо бу катта меҳнат, тинимсиз ижод қилишни талаб этишини ҳам билардим. Машҳур шоир Сэмуел Френч Морс устозим эди. У “Нью Йорк Таймс”да адабиёт, шеърият ҳақида жуда кўп мақолалари билан қатнашиб турарди, беназир муаллим эди. Ўша киши мени шеъриятга ошно этган. Ўшандан буён ижод қиламан. Оила, бола-чақа ташвиши билан, Сейлем департаментида ишлаганим кезлар шеър ёзишга кўп вақт ажратолмай қолган пайтлар бўлган. Аммо йиллар ўтиб яна жўшқин ижодга қайтдим, ёзганим эски нарсаларни қайта кўриб чиқдим, китоблар чиқардим. Ўн йилча аввал шоирликка жиддий қарай бошладим. Ижод намуналаримни нашриётларга, журналларга юборганман, ҳозирча олтита китобим турли нашриётларда босилди. Баъзи ижодкорларни биламан, ёшликда жуда яхши ижод қилишади, кейин ташлаб қўйишади, менда ундай бўлмади, яъни мен ёзиб бошлаганимдан буён оз-оз бўлса-да ижод қилиб келмоқдаман.

АҚШда шеъриятга қизиқувчиларни сероб деб бўлмайди. Агар шоир катта мукофотлар соҳиби бўлса, қайсидир маънода таниқли ижодкор бўлса, унинг ўқувчилари кўп бўлади, албатта. Мен Сейлемдаги кафе ва кутубхоналарда ўтказиладиган, 50-100 одам келиб, шеър эшитадиган мушоираларда қатнашаман кўпроқ. Бостон ё Кембриж шаҳарларида каттароқ адабий тадбирлар бўлиб туради. Кўзга кўриниб қолсангиз, “Амазон” каби онлайн ё оддий китоб дўконларидан асарларингизни сотиб олишади. Кембрижда кичик, аммо АҚШда жуда машҳур бўлган, шеърий китоблар сотадиган махсус дўкон бор. 1927 йили ташкил этилган бу масканни Грольер шеърий китоблар ва шеъриятга оид асарлар дўкончаси деб аташади, у Ҳарвард хиёбонида жойлашган. Жон Эшбери, Роберт Блай, Френк О’Ҳара каби шоирлар Ҳарвардда ўқиб юрган кезларда у дўконни ўзига энг яхши ошиён деб билган.

А.О.: Бевосита ҳазрат Навоий ҳақида гаплашсак. Навоий Марказий Осиё минтақасидаги энг буюк ва азиз номлардан бири, хусусан Ўзбекистонда Навоийни жуда эъзозлашади, унинг номи билан алоҳида вилоят ҳам мавжуд. Сиз ҳазратни қандай “топдингиз”?

Д.Д.: Ўзбекистонга бормасимдан илгари у ҳақда ҳеч нарса билмасдим. Биринчи бўлиб Навоий деган номни қизимдан эшитганман, қизим менга ўзи билган нарсаларни гапириб берганида, шундай буюк инсон ҳақида ҳеч нарса билмаганимдан афсусланганман. АҚШда эса Навоийни умуман билмаслигимиздан ҳайратга тушганман. У ҳақда кутубхоналарга бориб, яхшигина маълумот олдим. Инглизларга Жефри Чосер, итальянларга Данте ва ё барча тамаддунлар учун Румий қанчалик қадрли бўлса, Навоий ҳам ўшандай эъзозга лойиқ шоир деб биламан. Мен олим эмасман, Навоий ижоди билан тўлиқ танишиш имконим ҳам йўқ. Аммо унинг инглиз, рус, француз тилларига қилинган таржима асарларидан озроқ хабарим бор. Қизимнинг катта кўмагига таяниб, луғат титиб, Навоий ғазалларининг айримлари билан сатрма-сатр танишиб чиққанман. Уларнинг маъносини аввал насрий усулда ёзиб чиққанман, кейин назмий унсурлардан фойдаланиб, шеърга солганман. Албатта, таржимада Навоий ёзганчалик маъно-ю шаклни қиёмига етказиб берганман деёлмайман. Навоийни инглиззабонларга таништириш имконига эга бўлганимдан хушнудлик сезаман кўнглимда. Унинг ижодига шоир ва олим дўстларим ҳам қизиқиб қолишган, 21 та ғазали жамланган таржима китобни чиқарганимдан кейин эса бу қизиқиш янада ортди. Менимча, Навоийдай шоирни кўпроқ таржима қилиш керак, шубҳасиз, у бунга лойиқдир.

Мен қилган таржималар уммондан бир томчи, арзимас бир уриниш холос. Асосан, унинг ишқий мавзудаги ғазалларини ўгирганман. Илоҳий ишқ билан боғлиқ бу сатрлар ўқувчиларимга ҳам ёқяпти, уларга бу янги ном жудаям қизиқ.

Ҳарвард кутубхонасида тадқиқот олиб бораётган пайтимда Навоийнинг туркийдаги китобини кўрганман.  Афсуски, уни жуда камчилик билади. Ғарбликларга таништиришни кучайтириш керак, деб ўйлайман. Бу ишни ўзим ҳам сизга ўхшаган кишилар ёрдамида давом эттириш ниятим бор. Қўшимча қилишим керакки, мен Ўзбекистонни яхши кўраман, у ерга яна борсам дейман.

А.О.: Вақт ажратиб келганингиз учун, самимий суҳбат ва энг муҳими Навоий ғазалларини таржима этиб, нашр этганингиз учун раҳмат сизга! Соғ бўлинг! Умрингиз зиёда бўлсин!

Д.Д.: Ташаккур!

Аъзам Обид суҳбатлашди

АҚШ, Массачусетс штати, 2018 йил февраль ойи