Ёзувчи Саломат Вафо ўтган йилнинг сентябр — декабр ойларида Ҳиндистон элчихонасининиг IТЕС дастури бўйича ҳинд диёрида бўлиб қайтди. IТЕС дастури Ҳиндистон ҳукуматининиг қарори билан 1964 йилда ташкил топган бўлиб, 1993 йилдан буён Ўзбекистонда ҳам фаолият олиб боради. Қуйида адибанинг сафар таассуротлари билан танишасиз.
Ҳиндистон турли миллатлар, маданиятлар, динлар ва урф-одатлар қоришиқ мамлакат ҳисобланади. У ерда машҳур ҳинд темпллари билан бирга христианлар черкови ва мусулмон масжидлари ҳам мавжуд. Ҳайдаробод шаҳрида машҳур Биллади темпли қад ростлаган. Ана шундай темплларни, мактаб, касалхона каби муассасаларни мамлакатнинг бой одамлари қурдиришар экан.
Биз зиёрат этишга муваффақ бўлган баъзи меъморий обидалар ота-боболаримиз томонидан қурилган экан. Масалан, Жайпур шаҳрига бораётиб, сафаримизни бобурийлар авлодларининг хилхонасини зиёрат қилишдан бошладик. Бир вақтлар бутун дунёга довруқ солган боболаримиз бу ерда мангу сукутга кетишган. Такдир тўзонлари билан ўзга юртга бориб қолган, энди шу жойларнинг тупроғига айланган, қабрларда қатор-қатор бўлиб ётган аждодларимиз хотираси қалбимизни маъюс хаёлларга тўлдирди. Жайпурда буюк давлат арбоби шоҳ Бобур авлодлари томонидан қурилган Амерфортни кўрдик. Қалъа жуда улкан бўлиб (“Форт” ўзбек тилида “қалъа” деган маънони беради), анча баландликда жойлашган. Қалъа деворлари замонавий Жайпур шаҳригача чўзилиб кетган. Обида меъморчилигида Марказий Осиё, европа ва ҳинд маданияти меъморчилиги анъаналари мужассам.
Дунё архитектураси мўъжизаси Тожмаҳал Ҳиндистон ҳукумати томонидан миллий ифтихор сифатида авайлаб сақланади. Полициячиларниниг текширувларидан сўнг, оёқларимизга халтача кийиб, ичкарига кирдик. Бу тартибни бизда ҳам жорий қилса яхши бўларкан, деб ўйладим. Оппоқ мармарлар қуёш нурида ялтиллаб турибди. Бино деворлари, кошинларида Қуръони карим оятлари акс этган. Кўпгина филм, клиплар бино фонида суратга олинар экан.
Ҳиндистон тарихидаги улкан иншоотлардан бири Аграфорт! Уни Бобурнинг ўғли Жаҳонгир қура бошлаган ва бошқа авлод вакиллари давом эттиришган. Аграфортнинг ҳайратга солувчи томони шундаки, у Шарқ ва Ғарб архитектураси билан ҳинд меъморчилиги мужассам бўлган бетакрор иншоотдир.
Бошқа обидалар каби қалъа ичи жуда кенг. Мен ўйладимки, шавкатли ота-боболаримиз ўз юртида амалга ошира олмаган орзу-умидларини ушбу қалъада акс эттиришган бўлса ажаб эмас. Қалъа боғларига узум, гултожихўрозлар экилган экан. Гуруҳимиз бошловчиси буларнинг ҳаммаси Марказий Осиёдан, хусусан Ўзбекистондан олиб келинган, деди.
Шаҳарчага кечроқ бордик. Баланд, қизил рангли деворлар устида қуёш ботяпти. Қизғиш девор, қизғиш… қуёш… Мен айнан ўша ерда юртим Ўзбекистонни жуда соғинганимни ҳис қилдим. Балки, боболаримиз ҳам ана шу шафаққа қараб Ватанни ўйлашган бўлса ажаб эмас, деб ўйладим. Иншоот Европанинг қадимий қалъаларидек, атрофи сув билан ўралган, кўтарма кўприклар қурилган… Улар ҳалигача мустаҳкам.
Аграфорт айвонлари бежиз ғарб томонга қараб қурилмагандир. Чунки, боболаримиз юртнинг шамоллари ва ифорларини туйиб туришган. Ватан ифорлари улуғ бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурни нечоғлик мутаассир этган.
Тўғри, Ҳиндистон инсонда бир хил таассурот қолдирадиган мамлакат эмас. Мен сафаримнинг дастлабки кунларида одамлар оқимини кўриб, ҳайрон қолдим.
Ҳайдарободда биз истиқомат қилган меҳмонхона яқинида бозорча бўлиб, бозорчага борадиган йўлда уйсизлар яшайди. Чоллар, кампирлар, болалар. Уларнинг ҳаётига ҳавас қилиб бўлмайди. Ўша кунлари тунда ёмғир ёғди, у ерда эса болалар, чоллар бор эди. Ҳар сафар ўша кўчадан ўтганимда рўйхат ва саноқда йўқ бу одамларни кузатиб, Ўзбекистонимизнинг тинчлигига, мунис, меҳрибон, жонфидо, жонфизо ота-оналаримизнинг ўз хонадонларида, ўз болалари бағрида эсон-омон яшаётганига шукроналар айтдим.
Сафар давомида ўзбек адабиётининг жонкуяр дўсти профессор ва шоир Раживан Пайал таклифи билан Керала штатидаги Каликат шаҳрида ҳам бўлдик. Бу ерда дунё ёзувчиларининг китоб кўргазмасида қатнашдик. Капикат чиройли кокос дарахтлари бағрида Араб денгизи соҳилида жойлашган шаҳар. Ҳинд ёзувчилари бизни яхши қабул қилишди. Кўргазма доирасида ҳинд адабиёти муаммолари, ҳинд тили ва инглиз тилида ижод қиладиган шоир-ёзувчиларининг ижодига доир адабий анжуман ҳам бўлди. Ҳиндистон сафари олдидан инглиз тилида “9/1” номли китобим нашрдан чиққан эди. Китобни анжуман қатнашчиларига тарқатдим. Маъруза қилганимдан сўнг кўргазма иштирокчилари ижодимга қизиқиб қолишди. Ўзбекистондан шоир ва таржимон Аъзамжон Обидов ҳам қатнашаётган эди. У ўзбек адабиёти намуналаридан инглиз тилига таржима қилган экан, таржималари анжуман қатнашчиларига маъқул бўлди.
Кўргазмага Америка, Украина, Полша, Бангладеш, Осиё ва Шарқ мамлакатларидан кўпгина шоир-ёзувчилар келди. Денгизга яқин жойлашган меҳмонхонада қизғин суҳбатлар ва оташин мушоиралар бўлиб ўтди. Анжуман ташкилотчилари меҳмонлар учун Араб денгизига саёҳат уюштиришди. Океан, кокос ва палма дарахтлари… Мен океанни аввал ҳам кўргандим, лекин Араб денгизи тўлқинлар шовури, олисларга кетаётган кемалар… чексиз буюк сув денгиз ва осмон бирлашган уфқ. Қирғоқда туриб бу буюк мўъжизани кузатдим.
Ҳиндистон сафари менда она-Ватан муҳаббатини янада кучайтирди десам, муболаға бўлмас…
Саломат Вафо
Ушбу мақолани сақлаб олиш учун ҳавола: Қалъаларда муҳрланган хотира (“ЎзАС”, 15.02.2008)