Навоийга яқин юраклар
– Бугун улуғ мутафаккир бобомиз ижодини бутун дунё ўрганаяпти, – дейди филология фанлари доктори, Тошкент давлат Шарқшунослик институти профессори Боқижон Тўхлиев. – Табиийки, бу табаррук зот дунё адабиёти тарихида нодир силсила ҳисобланади. Навоий ўз даврида мавжуд бўлган барча адабий жанрларни, илмларни чуқур ўрганган ижодкордир. Чунончи, қомусий алломаларга хос тарих, адабиёт, тилшунослик каби илмларни хадди аълосига етказиб ўрганган зот. Шоирнинг энг юксак хизмати ўзининг она тилини юксакликка олиб чиқишдаги интилиши, гўзал ижоди. Ҳусайн Бойқаро таърифи билан айтганда, «ўлиб» бораётган туркий тилга жон киритгани. Навоий ижоди ҳақида сўз кетганда беш достонни ўзида жамлаган «Хамса»ни тилга олмай илож йўқ. Туркий тилнинг ниҳоятда сермаҳсуллигини, жозибадорлигини очиб берган асарни ўқиб, Жомий айтадики: «Яхшиямки, Навоий «Хамса»ни туркийда яратди. Агар форсийда яратганда эди, бу тил эгалари учун қиладиган иш қолмас эрди». Бу шунчаки тасодифий, йўл-йўлакай айтилган баҳо эмас. Балки «Хамса»нинг нималигини, унинг қандай ёзилишини билган ижодкорнинг замондош шоирини жуда холислик билан тан олиши.
Академик Азиз Қаюмов шундай деган эди: «Биз навоийшунослик бўйича бир мунча ишларни амалга оширдик, лекин ҳар битта асарини алоҳида изоҳлаш даражасига етганимизча йўқ». Назаримда бугун шу эҳтиёж янаям сезиляпти. Ҳозир Тошкент давлат шарқшунослик институтида Навоий асарларининг конкордансдан, яъни шоир қўллаган сўзларнинг мазмуни устида иш олиб борилмоқда. Ҳозирча «Хамса»нинг ана шундай конкорданслари яратилмоқда. Институтнинг мумтоз адабиёт кафедраси томонидан Навоий асарлари инглиз тилига таржима қилинмоқда. Шу билан бирга шоирнинг эски чиғатой тилига оид сўзларини олим Қосимжон Содиқов таржима қилиб китоб чоп эттирди. Навоийшунос олим Афтондил Эркинов ҳазратнинг яна бир девонини аниқлади. У «Оққуюнли мухлислар девони» бўлиб, бу қўлёзма Мисрда 1971 йилда топилган. Қолаверса, шоир ижодига мос туркий тилнинг муқобилини топиш борасида луғатини тузиб, насрий баёнини, илмий шарҳини яратяпмиз. Шу кунгача «Ғаройиб ус-сиғар» девони бўйича 200 дан ортиқ ғазалнинг илмий шарҳлари яратилди. Уларнинг дастлабки қисмлари китоб ҳолида чиқарилди. Шоирнинг битта девонида 650 тадан ғазал бор ва бундай девон 4 та. Яна ҳали форс тилида ёзилган асарлари турибди. Уларни ҳам тадқиқ қилиш ишлари зиммамиздаги муҳим вазифа.
– Мумтоз адабиётимизни жаҳон адабиётида улкан дарёга қиёс этсак арзийди, – дейди филология фанлари доктори Рихситилла Алимуҳаммедов. – Бунда ҳазрат Навоийнинг алоҳида ўрни бор. Улуғ шоир ҳақида сўз юритганда, устозимиз профессор Суюма Ғаниевани тилга олмай илож йўқ. Чунки 24 ёшида докторлик диссертациясини шеърият мулкининг султони асарлари билан ёқлаган устозимиз бутун умрини навоийшунослик илмининг машаққатига бағишлади. Суюма опа жуда тартибли, интизомли эдилар. Бирон китоб сўрасак, ёзиб қўярдилар. Биз ҳам ўша вақтга қадар ўқиб бўлишга, вақтида етказишга интилардик. Илмий ишимда ҳам, кейинчалик ҳаммуаллифликда китоблар чиқаришимда яқиндан кўмак берганлар. Узоқ йиллар Шарқшунослик институтида талабаларга дарс берганлар. Ҳар бир дарслари қизиқарли, илмий янгиликларга бой бўларди. Дарсларини хорижга Навоийнинг қўлёзмаларини излаб қилган сафарлари, юртимизга 1991 йилда Эрондан келтирган дастхатлари ҳақидаги хотиралари билан бойитиб ўтардилар. Устозимиз боис мумтоз адабиётимизнинг нақадар катта хазина эканлигини англаганмиз.
Айни пайтда устозимиз қилган илмий изланишларни давом эттириб, ҳазрат асарларининг табдилларини нашрга тайёрлаяпмиз. Бунда Қосимжон Содиқов, Боқижон Тўхлиев, Комилжон Маҳмудов сингари олимларимизнинг фидойилиги таҳсинга сазовор.
Инглиз тилида жаранг сочган ошиқлар достони
Яқинда ижтимоий тармоқларнинг бирида Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достони инглиз тилига таржима қилинганини ва у яхлит китоб ҳолида чоп этилганини эшитиб қувондим. Бундай хайрли ишларни амалга оширган шоир ва таржимон Аъзамжон Обидовни кўпчилик билади. Шиддатидан завқ олгулик бу ижодкор айни пайтда таржимонлик борасида талай ишларни қилишга улгурди.
– Мир Алишер Навоий ижодини чет элларда тарғиб қилиш борасида анча йиллардан бери изланишлар олиб бораман, – дейди у. – Ўтган йиллар ичида АҚШнинг Массачусетс штатида яшаб ижод қилаётган таржимон Деннис Дейли билан учрашдим. Таржимон шоир бобомизнинг 21 та ғазалини инглиз тилига таржима қилганлигини, у китоб бўлиб нашр этилганлигини фахрланиб айтиб берди. Албатта, таржимоннинг ҳазрат ижоди ва юртимиз ҳақида айтган илиқ фикрлари мени тўлқинлантирди. Умар Хайём, Жалолиддин Румий, Ҳофиз ғазалларини поляк тилига таржима қилган варшавалик ижодкор Януш Крзизовский ҳам Алишер Навоий ижодига айрича муҳаббат билан қарайди. У билан ҳамкорликда «Хазойинул-маоний»нинг рус тилидаги «Сокровищница мыслей» китобини нашрга тайёрладик. Кейинчалик, Янушнинг Тошкентда чоп этилган «Қуш тили» (The Language of the Birds) таржимаси халқаро шеърий антологияга кирди.
«Жаҳон адабиёти» журнали учун Навоий ғазалларини инглиз тилига таржима қилдим. Шу билан бирга, шоира Турсуной Содиқованинг «Навоий гулшани» рисоласини, «Алишер Навоий» бадиий фильмини ҳамда АҚШнинг Айова шаҳар театрида намойиш этилган «Навоий ва Гули» спектаклини инглиз тилига ўгирдим. Яна бир қувончли хабар, «Фарҳод ва Ширин» достонини инглиз тилига таржима қилгандим. Китоб шу кунларда қўлимга етиб келди. Энди унинг муносиб ўқувчилари топилса, яхши бўларди.
Март ойида дунёнинг бир қанча таниқли таржимонларини юртимизга таклиф қилмоқчиман. Илгари шоир ва ёзувчиларимизнинг асарларини инглиз, рус, француз, турк каби тилларга таржима қилган бўлсам, энди таржимонларнинг ўзларини ижодкорларимиз билан яқиндан таништириш ниятим бор.
Наргиза АСАДОВА
http://mv-vatanparvar.uz/uz/news?id=9770