“Маданият” газетасига интервью

АЪЗАМ ОБИДОВ: “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ТАШАББУСЛАР ЭМАС, ФАҚАТ ОШ КЕРАК…”

Алишер Навоий, Чўлпон, Усмон Носир каби кўплаб буюк ёзувчи-шоирларимизнинг асарларини инглиз тилига таржима қилиб, ушбу асарларни, адабиёт ва санъатимизни жаҳон мамлакатларида беғараз тарғиб қилиб келаётган таржимон ва шоир Аъзам Обидов билан суҳбатимиз айнан таржима санъатининг бугунги аҳволи ҳақида бўлди.

— Таржимонлик бобида яхшигина тажрибангиз бор. Сизни бугунги таржимонларимиз қилаётган ишлар қай даражада қониқтиряпти?
— Таржима ва таржимонлик санъати борасидаги ишлардан, очиғи, умуман қониқаётганим йўқ. Бу яқин бир-икки йил эмас, 15-20 йилдан буён ўйлантириб келаётган масала. Аммо ҳеч ким марказлашган, уюшган таржимонлар мактабини яратиш ҳақида ўйламаяпти. 
Лекин айтиш жоизки, юртимизда чет эл адабиётларини ўзбек тилига таржима қилиш борасида айтишга арзигулик ишлар амалга оширилди. Масалан, “Жаҳон адабиёти” журнали ва сайти, “Китоб дунёси” сайти бу борада яхши ишлар қиляпти. Чет эл классик китобларининг янги таржималари бериб бориляпти, таржима қилинган асарларни қайта таржима қилиб кўришяпти, бу — жуда яхши. Мен ўзбек адибларининг асарларини жаҳон тилларига таржима қиламан, мақсадим — шу фаолиятни ривожлантириш. Афсуски, бу соҳага ҳеч ким қизиқмаяпти, шуғулланмаяпти. Бунинг сабаблари кўп.
Бизда тайёр таржимонлар ва таржимонларни етказиб берадиган мактаб, собиқ иттифоқ таржима мактабида шаклланган марказлашган таржимонлар гуруҳи йўқ. Ўзбек тили ва адабиёти ҳамда жаҳон тиллари университетида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида гуруҳлар бор, аммо уларнинг ҳаммаси тарқоқ ва кичик. Қолаверса, кўплаб элчихоналардаги масъулларимиз ҳам лаёқатсиз, адабиётимизни ривожлантириш ўта муҳим вазифа эканини тушунмаяпти.
— Ушбу гуруҳларни қандай қилиб бирлаштириш мумкин, деб ўйлайсиз?
— Бунинг учун жиддий ва ўта аҳамиятли конференция уюштириш керак. Аммо у кўзбўямачилик ёки қоғозбозлик учун бўлиши керак эмас! Унда барча таржимонларимиз рўйхати тузилиб, қай бири қайси асарни таржима қила олишини ўрганиш, малакаси етмаса, пухта режа асосида 4-5та гуруҳни шакллантириб, уларнинг хорижда ўқиб келиши масалаларини ўртага ташлаш зарур. Хулосалардан келиб чиқиб, пишиқ лойиҳа ишлаб чиқиш керак. Хорижда бу ишларга маблағ сарфлайман деган инвесторлар тайёр турибди. 
Ўзим ҳам “Ёзувчи-рассом резиденцияси” деб номланувчи дастур тайёрладим. Дастур доирасида чет элдан таржимонлар, ёзувчи-шоирларни юртимизга таклиф қилиб, ўзбек ижодкорлари билан ҳамкорлик қилишларига кўмаклашдим. Бироқ бу миллион-миллион халқи бор мамлакат учун жуда камлик қилади. 
Кучли адабиётимиз, санъатимиз, бой тарихимиз, маданиятимиз бор. Булар ҳақида тўлиб-тошиб гапиришимиз мумкин. Навоий асарларидан бири — “Фарҳод ва Ширин” достонининг насрий баёнини инглиз тилига таржима қилдим, таржимага икки чет эллик (америкалик ва британиялик) соҳа мутахассиси муҳаррирлик қилди. Улар асар яхши таржима қилинганини айтишди. Аммо бу китобнинг тарғиботи билан ҳеч ким қизиқмади… Ишимга эътиборсиз бўлишса ҳам, тушкунликка тушмадим, бу билан тўхтаб қолмаяпман. 
— Таржимангиз тақдимотини ҳамкорликда ўтказиш учун Ёзувчилар уюшмасига таклиф билан чиқмадингизми?
— Очиғини айтаман, мен уюшма билан “ўртоқ” эмасман. Чунки ёлғондан, кўзбўямачилик учун ҳамкорлик қилиш мақсадида “Оддий-оддий китобларингни музейга кўргазма учун бер”, дейишади. Шунинг учун ҳам уларни ҳамкорлик қиладиган жиддий ташкилот эмас, деган хулосага келганман.
— Аслида сиз қилаётган ишларни Ёзувчилар уюшмаси бажариши керак эмасми?
— Ижод фонди — айнан ўзбек адабиётини дунёга тарғиб қилиш вазифаси юклатилган биринчи жамоат фонди, давлат ташкилоти; Ёзувчилар уюшмаси — айнан улар учун бу энг муҳим вазифа; Ўзбек тили ва адабиёти университетининг устувор вазифаси адабиётимизни жаҳон майдонига олиб чиқиш, аммо инглиз тилини мукаммал ўргатадиган битта бўлса ҳам чет эллик ўқитувчиси йўқ. 
Аслида уларнинг ўзи таклиф билан чиқиши керак эмасмиди? Улар қилаётган ишларимдан ва тарғиботларимдан бехабар, дейсизми? Асло ундай эмас, жуда яхши хабардорлар. Масалан, шу йилнинг бошида қилган тақдимотимга давлат ташкилотидан вакил келди, кўриб яхши лойиҳа эканини айтди. Кейин ташкилотнинг ўзи ўзбек адабиётини қандай тарғиб қилиш кераклиги ҳақида анжуман ўтказди. Унга Ёзувчилар уюшмасидан “ухлаб ётган” ёзувчилар чақирилибди, буни ойнаи жаҳон орқали кўрдим. Анжуманни “ура-ур” қилиб, ўтказиб юборишди. Аммо нега анжуманда мустақил ижодкорларни, мени ҳам чақиришмади? 
Маданият вазирлигини ҳам, бошқаларини ҳам тушунаман, бизнинг янги лойиҳаларимиз қайсидир маънода ҳукуматнинг концепциясига тўғри келмас… Янги нарсалар ҳеч қачон тезда қабул қилинмаган, буни кўп кузатамиз. Лекин мен учун хобби бўлган бу ишларим муҳим бир жараёнга айланишини, халқимизга янада кўпроқ фойдам тегишини истайман. Ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқиш учун йўл кўрсатгим келади. Афсуски, бу ишга масъуллар “ухлаб” ётибди.
— Сизнингча, уларни “уйғотиш” учун нима қилиш керак?
— Кўплаб тадбирларимга таклиф қиламан, лекин улар келишни исташмайди, аксинча, ошга чақиришади. “Чет элдан 10 га яқин ёзувчи-рассомларни таклиф қилиб олиб келдим, келинглар”, деб ёзувчиларимизни чақирсам, учтагинаси келди. Лекин ошга чақирса, ҳаммаси югуриб боради. Афсуски, бизнинг ёзувчиларга ош ва мукофот, дала-ҳовли, имтиёз билан даволанадиган шифохоналар керак… 
Кучли ёзувчиларимиз бор, лекин узлатда, улар халқ ҳақида ёзишяпти, аммо халқнинг ичига киришни билишмайди. Қандай қилиб дунёга чиқиш йўлларини билишмайди, айримлари бу ҳақда ҳатто бош қотиргиси келмайди. Масалан, четга чиқиш хоҳиши бўлса, Ҳиндистонда ёзувчилар учун ўтказиладиган оддий дастурларга, Европага, Америкага тавсия қилишим мумкин. Улар эса, афсуски, инглиз тилини билмайди, тил ўрганишга иштиёқ ҳам йўқ. Каттасидан тортиб ёшларигача ёзганларини олиб келиб, таржима қилиб беришимни сўрашади. “Ўзинг қил, ўзинг ўрган, уйғон! Қачонгача судраш керак, ўзинг ҳам ҳаракат қил”, деяпман энди.
Асарни ёзувчининг ўзи бошқа тилга тушуниб таржима қилса, кўпроқ фойда кўради, дунёга танилади. Бу борада ҳам ёрдам бериш учун бепул инглиз тили курсларини, суҳбат дастурларини ташкиллаштиряпман, аммо борадиган ёзувчи-рассомлар, шоирларимиз йўқ. Улар вақтини қизғанади. Лекин ошга чақирсанг, доимо вақт топади.


Абдуқодир МЎМИНОВ ёзиб олди (суҳбатлашди). Суратга олди А.Мўминов.
Давоми бор..