“Халқ сўзи”: Навоий абадияти

Бу йил сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг 579 йиллигини кенг нишонлаймиз. Аслида адабиёт, маданият ва санъат соҳалари билан алоқадор ташкилотлар фаолиятига назар ташласангиз ҳар бирининг негизида аввало адабиётни, ижодни ривожлантириш вазифаси ётади. Шу муносабат билан, улуғ шоир таваллудига бағишланган адабий кечалар, тадбирлар юртимиз бўйлаб кўтаринки руҳда ўтказиб бориляпти. Таҳририятимиз мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини инглиз тилига ўгирган таржимон Аъзам Обидов билан суҳбатлашди. Зеро, Навоий нафақат улуғ шоир, балки кучли таржимон ҳам бўлган.

Жаҳонга чиқсангиз адабий давраларда классикларни эслайсиз. Америкада Ҳемингуэй, Жек Лондонни кўрасиз китоб дўконларида. Мен ҳам хориж сафарларида юрганимда кутубхоналарда Румий, Шерозий, Ҳайём китобларини кўраман. Шарқ мумтоз адабиёти бўлимида шу каби ижодкорларни доим учратиш мумкин. Аммо Навоийни топа олмайсиз… Таржимага қўл уришдан аввал, нима учун улар орасида Навоий йўқ деб ўзимга ўзим савол бердим. Сабаби мумтоз адабиётни таржима қиладиган таржимон йўқлиги учун бўлса керак, деб хулоса чиқардим. Навоий музейи, Навоий институти, Навоий шаҳри, яна шу номдаги кутубхона, кўплаб кўчалар бор. Аммо булар Навоийни дунёга танитишга кифоя қилмайди. Навоийни таржима қилишга туртки берган сабаб мана шу.

Яна бир сабаб, “Фарҳод ва Ширин” достонини танлаганимнинг сабаби ундаги руҳият инсон қалбига яқинлиги, ўқувчини ўзига жалб қиладиган, бу мавзуда кўп достонлар ёзилган бўлса-да, Навоий бошқача талқинда ёзгани учун ушбу достонни танладим. Аслиятдан Ғафур Ғуломнинг насрий баёни асосида таржима қилинди. Агар Навоийни хориждаги китобхонлар ўқишини хоҳласак шеърий усулда уларни жалб қилишга қийналамиз. Аввал насрий баёнда уларга Навоий ва унинг асари борасида тасаввур уйғотиб, шундан сўнг шеърий таржималар орқали китобхонларга тақдим этиш мумкин. Дунё ўқувчилари ҳозир бир бетли шеърни ҳам ўқишга тоқати йўқ, афсуски. Шу сабаб мақсадли тарзда насрий баённи таржима қилдик. Ўқувчилар ҳукмига ҳавола этдик. Китоб уч минг нусхада чоп этилди. Аслида асарни икки йил аввал таржима қилган эдим, аммо уни чоп этиб, тақдимотини ўтказишга имкон топа олмаган эдим.

Бугунгача қай бир асарни таржима қилган бўлсам, таржимамдан ҳеч қачон қониқмаганман. Сабаби мен инглиз эмасман. Шу боисдан ҳар сафар инглиз тили она тили ҳисобланган муҳаррир кўрмагунча ҳеч қачон таржималаримни чоп этмайман. Бошқа таржимонларга ҳам, айниқса, ёш таржимонларга буни маслаҳат қилган бўлар эдим. Ўзбек тилидан бошқа тилга зўр таржима қилишингиз мумкин, уни сиздан ҳам малакали бошқа таржимон таҳрир қилиши ҳам мумкин. Аммо бунда асарнинг руҳи жонсиз бўлиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шу сабабдан имкони борича таржима қилинган тил вакили бўлган муҳаррир таржимани албатта кўриши керак. Агар шундай қилинса таржима янада мукаммал бўлади.

Таржимон сифатида мени бир нарса афсуслантиради, юртимизда яқин йилларда жуда кўп ижод мактаблари очилди, аммо таржимонлик йўналиши учун яхлит мактаб ҳали-ҳануз шакллантирилганича йўқ. Агар таржима мактаби ташкил этилиб, у ҳукумат томонидан, зиёлилар томонидан қўллаб-қувватланса, у келгусида тайёр таржимонларни етиштиришга катта замин яратади. Албатта, таълим даргоҳларимизда таржимачилик йўналишлари мавжуд. Аммо улар бугун яхши таржимон етиштириб бера оляптими?

Умумий олиб қараганда, таржимонларимиз йўқ эмас, бор. Ўзбек тилидан ўзга тилларга таржима қилаётган хорижлик таржимонлар ҳам бор. Фақат таржимонга тўланадиган ҳақ ҳозирча бизда суст. Бирор таржимон бирор бир китобни таржима қилганидан сўнг у қаерда чоп этишни, қаерда сотиши кабиларни ўйлайди. Шунга қарамай, ижодкор фидойи бўлиши керак. Агар таржимон моддиятга қараб ижод қилса унда у чин асар ярата олмайди. Худди шундай, гўзал таржима ҳам ярата олмайди. Ўзбек адабиётини жаҳонга олиб чиқишни ёки жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек китобхонларига етказишни чин дилдан ният қилган одам гонорарга қараб ўтирмай таржима қилаверади. Фақат маблағга тақамасдан фидойилик билан ишлаши керак таржимон.

Таржима қилишдан мақсад нима — дунё ўқувчиларига ўқитиш. Замонавий ижодкорларимизни жаҳонга олиб чиқишимиз мумкин. аммо классикларимизни-чи? Фақат таржима қилиб, amazon.uz сайтида эълон қилишнинг, дўконларга сотувга қўйиб қўйишнинг ўзи кифоя қилмайди. Ўзбек адабиётини жаҳонда тарғиб қилиш учун Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, юртимиздаги ва хориждаги элчихоналаримиз ва бошқа ташкилотлар ҳамкорликда ёрдам беришини жуда ҳам истар эдим. нафақат менга, бошқа таржимонларга ҳам. Ўзбекистонда чет эллик ёзувчи ва рассом 40 га яқин шоир ва рассом олиб келдик бир йил ичида. Ўшалар Ўзбекистонга келганида ўзбек адабиётида инглиз тилига нималар ўгирилган, нималарни ўқисак бўлади деб савол беришади. Бу каби саволларга бизда жавоб ҳамиша тайёр бўлиши керак.

Албатта, биз иқтисод юксалса кейин адабиёт юксалади деб ҳам ҳисоблай олмаймиз. Яъни, адабиётни ривожлантириш учун ҳадеб ҳукумат ёрдамига суяниб қолиш ҳам ноўрин. Бирор бир ҳомий адабиётни ривожлантириш учун маблағ ажратса ва шунинг ҳисобига унинг давлатга тўлаётган солиқлари автоматик тарзда камайтирилса одамлар орасида адабиётга бўлган қизиқишни кучайтирган бўлар эдик назаримда. Шундай лойиҳа ёки қонунни йўлга қўйсак ҳар тарафлама муваффаққиятга эришиш мумкин.

Мени бир нарса ўйлантиради, Тошкентда Гёте институти, Виктор Гюго маданият маркази бор. Хўш, Ўзбекистон қачон бошқа мамлакатларда Алишер Навоий институтини очади? Шу каби катта вазифаларни олдимизга мақсад қилиб қўйишимиз керак десам муболаға бўлмайди.

Юлдуз ЎРМОНОВА суҳбатлашди.

http://xs.uz/uzkr/post/navoij-abadiyati