Замонавий одия тилидаги биринчи ҳикоя, 1898 йил
Фақир Моҳан Сенапати
РЕБАТИ
Магар порлаётган апрель тонгидан
Бир соат ичинда қолмайди асар,
Таассуф, шодумон уйнинг ўнгида
Бошланур сим-сиёҳ ғам-андуҳ, хатар.
(Ҳазрат Ж.Ҳ. Герни)
“Ребати! Реби! Ҳаммани куйдириб, кул қилган оташ!”
Каттак музофотига қарашли Ҳариҳарпур туманида Патапур номли одамтопмас сокин митти қишлоқ бор. Унинг бир бурчида Шямбандҳу Моҳантининг уйи қад кўтарган: олд ва орқада икки қатор хоналар, қудуқ атрофига бежирим қурилган ички ҳовли, уй орқасида гуруч тозаланадиган бостирма, сабзавотлар омборхонаси, олд тарафда эса боғ кўринадур. Кўздан сал нарироқдаги хонада турли касб эгалари ва деҳқонлар солиқ тўлаш учун бамайлихотир кутиб туришибди.
Заминдорнинг ҳисобчиси бўлмиш Шямбандҳу Моҳанти солиқларни йиғишга масъул саналарди. У ойига икки рупий ҳақ олар, аммо ижара тўловлари ва томорқа ҳужжатларини эпақага келтириб, яна бир оз тушум қилар, ҳаммаси бўлиб ҳеч бўлмаса тўрт рупий пул ишлар, шу билан рўзғорини тебратарди. Албатта, уни зўрға кун кўради, деб бўлмасди, негаки, ростини айтганда, у ҳаётидан нолийдиган одам эмасди. Оиласи ҳам бирор нарса етишмаяпти, фалон нарса хоҳлайман, дея зорланганини билмайди. Уларда битта оилага зарур барча нарса муҳайё эди: орқа ҳавлида иккита мойли мўъжиза дарахти, ҳамиша кўкат ва сабзавотлар ўсиб ётадиган томорқа бор. Бири сутдан қолганда, бошқа бирининг елини тўлиб турувчи иккита сигир шарофатидан челакчада сузма ва сут ҳечам аримасди. Моҳантининг мункайиб қолган онаси мол гўнгини пўчоққа аралаштириб тайёрлайдиган тезак анчага етар, оила камдан-кам ҳолларда қўшимча ўтин сотиб оларди. Қолаверса, заминдор унга ижара пулини тўламаслик шарти билан бир ярим гектарга яқин ер берган, у жойдан эҳтиёжни деярли қондиришга етарли озуқа олинарди.
Шямбандҳу софдил, ҳалол одам эди, ижарачилар уни ҳурмат қилар, ҳатто ёқтирарди ҳам. У эшикма-эшик юриб, уларнинг атрофида гирдикапалак бўлар, солиқни вақтида тўлаб қўйишларини илтимос қиларди. У бирон марта бирор кишидан ортиқча пул ундириш пайида бўлган эмас. Ўз ташаббуси билан, ҳеч ким сўрамаса ҳам, Шямбандҳу тўрт энлик квитанцияларни ижарачилар похол томларининг бир бурчига қистириб кетарди. У заминдорнинг шердай қўриқчиси қишлоққа кўз олайтириб келишига йўл қўймас, барзангининг қораси кўринди дегунча, унинг қўлини сиқиб, иягини силаб, бир қадоқ тамаки сотволиши учун шолворининг липпасига икки пайса солиб, келган йўлига қайтариб юборарди.
Шямбандҳунинг уйида тўрт нафар ейман, ичаман, деб турган жон бор эди: унинг ўзи, аёли, қари онаси ва ўн ёшли қизалоғи. Қизчанинг исми Ребати эди. Кечқурунлари Шямбандҳу айвонда ўтириб, “Крупасиндҳу бадан” ва бошқа ибодат қўшиқларини куйлар, баъзан мойчироқ ёқиб, уни кичик хонтахта устига қўяр ва баланд овозда муқаддас “Бҳагавата”дан парчалар ўқирди. Ребати отасининг ёнига ўтирганча, жон қулоғи билан тинглаганидан, ҳечқанча ўтмай бир нечта қўшиқни ёд олволганди. Унинг ширали овози қўшиқларни янада жозибадор қилар, ўтган-кетган қизчанинг хонишини эшитиш учун бирпас тўхтаб ўтарди. Айниқса, Шямбандҳуни завқ-у шавққа тўлдирувчи бир илоҳий мадҳия бўлиб, ҳар сафар у Ребатидан айнан ўшани айтиб беришни илтимос қиларди:
Марҳаматинг тутсанг гар дариғ
Ёлвораман кимга мен, Раббим?
Кимса борми мендан–да ғариб?
Нажотми ул, қарғишми – қалбим,
Бул ҳаётим Сенга армуғон,
Бор вужудим Сен учун ёнғон.
Учта олам сенсиз фараҳсиз,
Сен бўлмасанг, бўм-бўш, бесурур,
Чанқасам гар – биргина – шаксиз,
Муҳаббатинг бергайдир ҳузур.
Икки йилча аввал чекка ҳудудлардаги вазиятни ўрганиш асносида мактаблар бошқармаси мудири ўринбосари бир кеча Патапурда ҳам тўхтаб ўтган, ўшанда қишлоқ оқсоқоллари илтимосига биноан, бошқарма Орисса бўлими мудирига хат ёзган, натижада қишлоқда бошланғич мактаб очилганди. Ҳукумат мактаб муаллимига ойига тўрт рупий ҳақ тўлар, ўқувчилар ҳам қўшимча бир аннадан (рупийнинг 16 дан бири) ўз ҳиссаларини қўшишарди. Муаллим деганимизнинг оти Басудев бўлиб, у Каттак педагогика билим юртида ўқиган тарбияли, мулойим, кеккайишни билмайдиган йигирма яшар йигитча эди. У жуда эрта етим қолиб, тоғасининг қўлида катта бўлганди. Исми жисмига монанд, кўрган-билган борки уни жуда яхши одам, деб мақтарди. Пешонасида ёшлигида онаси бўғма касаллигидан даволайман деб қолдирган тангадай доғ истараси иссиқ, келишган бу йигитчанинг чиройига янада чирой қўшган, унинг қадди гўё битта яхлит жисмни йўниб сайқал берилганга ўхшарди. Қишлоққа келган пайтдан бошлаб Шямбандҳу йигитчани чин дилдан ёқтириб қолди, бахтига улар бир хил кастага мансуб эди.
Ора-сира ой тўлиб чиққан ва ё пайшанба куни уйда тансиқ таом ва ширинликлар пиширилган маҳал Шямбандҳу мактабга чиқиб, “Ўғлим Басу, кечки овқатга бизникига кел, холажонинг таклиф қиляпти”, деб чақириб кетарди. Табиий, бундай борди-келди сабаб орада яқинлик ва меҳр уйғонганди. Ҳатто Ребатининг ойиси баъзан ташвиш ичра шундай хитоб қилиб қоларди: “Оҳ, етимгина бола-я! Нима еб, нима ичяпти экан, ош-қатиғига қарайдиган кимидир борми бояқишнинг?”
Йигитча бу хонадонга серқатнов бўлиб қолгач (Басу энди деярли ҳар куни келиб турарди), Ребати остонада уни кутиб турадиган, узоқдан қораси кўриниши заҳоти келаётганини баланд овозда отасига эълон қилдиган одат чиқарди: “Ана, Басу ака келяпти! Ҳозир кириб келади!” Сўнг йигитчанинг ёнига ўтириб, ўзи ёдлаган ҳамма қўшиқни унга куйлаб берарди. Басуга негадир бу қўшиқлар ҳар гал янгидай, аввал уларни ҳеч ким айтмагандай туюларди.
Бир куни ҳангомалашиб ўтираркан, Шямбандҳу Басудан Каттакда қизлар учун алоҳида сабоқ ва ҳунрамаднчилик сирлари ўргатиладиган мактаб очилганини эшитиб қолди. Шу заҳоти юрагида Ребатини ўша мактабга бериш иштиёқи уйғонди. Бу истагини ўзини аллақачон отасидай кўриб, иззат-эҳтиром кўрсатувчи Басу муаллимга шипшитганида, у ҳам шу гапни қандай етказишни билмай турганини айтиб, Шямбандҳуни хурсанд қилди. Уларнинг суҳбатига қулоқ солиб турган Ребати зипиллаб ичкарига суюнчи олишга кирди.
“Мен ўқишга борарканман!”- дея қувончга тўлиб эълон қилди у ойиси ва бувисига қарата. “Энди ўқишни ўрганаман!”
Бу завқдан ойисининг юзига табассум югурди. “Ниятингга ет, қизим!”, деди у. Аммо, бувиси анча кескин муносабат билдирди: “Нима яхшилик чиқарди бу ишдан? Китоб ўқишни ўрганиш қайси қизга асқотибди? Қиз бола дегани пишир-куйдирни, нон ёпишни, сутдан сариёғ олишни ва гуручбўёқ билан деворга нақш чизишни билса кифоя!”
Ўша куни кечки овқат маҳал Шямбандҳу Ребатини ёнига олиб ёғоч стулда ўтираркан, қаршисидаги қайсаргина онахон тезроқ гапини ўтказишга уринарди. “Келин, гуручдан унга кўпроқ сузиб бер, ясмиқданам икки ҳисса сол, бир чимдим туздан узат”, деб меҳрибончилик қиларкан, бирдан мақсадга кўчиб қўя қолди у.
“Шям, нима, Реби мактабга борадими? Нега ахир, ўғлим? Бунинг қиз болага нима яхши томони бор, болам?”
Шямбандҳу эса унга жавобан: “Кўпам диққат бўлманг, ойижон, агар шуни истаётган бўлса, майли, ўқийқолсин”, деди. “Жанкар Паттанайкнинг қизлари муқаддас китоблар“Бҳагавата” ва “Байдеҳиса Билас”ни бинойидай ўқиётганини эшитганингиз йўқми?”
Бувисининг гапи Ребатининг ниҳоятда жаҳлини чиқарди. “Аҳмоқ кампир!” дея тўнғиллади у. Кейин отасига ялина бошлади: “Дадажон, илтимос, йўқ деманг, менинг ўқигим келяпти”.
“Шуни истаётган бўлсанг, майли, қизим,”- деди Шямбандҳу ҳам.
Шу билан бу мавзу бошқа очилмади ўша кеча.
Эртасига тушдан кейин Басу Ребатига Ситанат Бабунинг “Менинг биринчи китобим” дарслигини олиб келди. Қизалоқ ўзида йўқ хурсанд, тезда китобни варақлаб чиқди. Филлар, бинолар, сигирларнинг сурати уни чексиз ҳаяжонга соларди. Балки шоҳлар қўша-қўша фил ва отлари борлиги учун ўзини бахтиёр сезар, яна кимлардир бу жониворларни миниб қувончга тўлар, аммо Ребати учун шу суратларга боқишнинг ўзиёқ кифоя эди. Буни тезроқ ойиси ва бувисига кўрсатгиси келарди. Бувиси уни кўрибоқ, жаҳл отига минди ва дарров жеркиб ташлади:
“Бу матоҳингни кўзимдан нари тут!”
“Жиннивой”,- жавоб қилди қизалоқ.
Яратганнинг яна бир хайрли тонги отди. Ребати эрта уйғониб, ювиниб-таранди, оҳорли кйимларини кийди, Басу келишини сабрсизлик билан, энтикиб кутаркан, гоҳ ташқарига чиқар, гоҳ уйга кирарди. Бувисининг ўқишни бошлашига ҳалақит беришидан қўрққани боис ҳар кунги шўхлигини бир четга йиғиштириб қўйди. Соат олтиларда Басу келиб, қизчага алифбони ўргатди: а, аа, е, ее, у, уу…
Шу тариқа дарслар бошланиб кетди. Басу бирор кунни канда қилмай келиб турди. Икки йил ичида Ребати жуда кўп нарса ўрганди. Қизча шоир Мадҳу Раонинг ҳамма шеърларини тутилмай айтиб бера оладиган даражага етди. Бир куни кечки овқат маҳал Шямбандҳу аввалроқ ҳам гаплашишган масала ҳақида онасидан яна сўради:
“Хўш, ойижон, энди нима деб ўйлайсиз?”
“Бундан яхшиси бўлмайди”,- деди онаси. “Аммо у қайси кастага мансублигини аниқ биласанми?”
“Мен ҳам шуни аниқлашга ҳаракат қиляпман. Тўғри, у камбағал бўлиши мумкин, лекин яхши оилада тарбия кўрган. Бунинг устига карана кастасидан”.
“Яхши. Ўзинг биласан, каста бойликдан ҳам юқори тушунча. Аммо унинг ўзи биз билан туришга рози бўлармикин?
“Нега рози бўлмасин? Қариндош-уруғидан биргина тоғаси ва холаси қолган. Улар билан яшайман деб қаттиқ туриб олмайди, менимча.”
Буларнинг бари Ребатига қандай таъсир қилгани унинг ўзига аён, бироқ у анча ўзгариб қолгани сезилди. У Басу билан уялиб муомала қиладиган бўлди. Кечқурун бувисининг жиғига тегиб кимнидир кутаётган каби эшик олдида куймаланар, Басу келиши заҳоти уй ичига бекиниб оларди. Басу эса уни дарс қилиш учун уйдан чиқаргунича эси кетарди. Йигитни кўриб, қиз юзига қизиллик югурар, сабаб-бесабаб жилмаяр, дарсларни яхши ўзлаштиришдан бош тортиб, саволларга қисқагина “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб қайтарарди холос. Дарс тугаши ҳамоно қиқирлаб кулворишдан зўрға ўзини тийиб, шошилганча ичкарига кириб кетарди қиз.
Шу зайлда кунлар бир-бирини қувиб, икки йил ҳам ҳаш-паш дегунча ўтиб кетди.
Пешонага ёзилган тақдир жуда ғаройиб ва сержумбоқ-да. Айни бир хил куннинг ўзи йўқ. Ойдин кунларнинг бирида, кўкда чаққан момогулдиракдай, қишлоқда вабо тарқалгани хабари келди.
Эрта тонгда Шямбандҳунинг вабога чалингани бутун қишлоқ аҳлининг қулоғига етиб борди. Доимгидек, бундай пайтда гўё челак ва супургисини силкиб, бош устидан учиб ўтаётган ялмоғиз кампирдан жон ҳолатда яширинишга уринганча иблисона сеҳр домига тушиб қолишдан ҳазир бўлган мисол, биринчи қилинадиган иш – эшикни тамбалаш ва деразаларни маҳкам ёпишдан иборат бўлди. Шямбандҳунинг аёли ва онаси хавотир ва қўрқув ичра эс-ҳушларини йўқотишди. Ребати нима қилишни билмас, йиғлаб, бошини чангаллаганча ёрдамга чақирар, зир югуриб уйдан уйга кўчарди. Нохуш хабардан воқиф бўлиши заҳоти Басу мактабдан чопиб уйга келди. Ўз ҳаётини хавфга қўйишдан заррача қўрқмай, тўшак олдига чўккалаб, Шямбандҳунинг оёқ-қўлларини уқалади, қуриган лаблари орасидан сув томизиб турди. Орадан уч соат ўтди. Бирдан Шямбандҳу Басуга тик қараб, дудуқланган кўйи шундай васият қилди:
“Оиламни сенга қолдиряпман, ўғлим, аҳлимга ғамхўрлик қил…”
Басу аччиқ кўз ёшларини тиёлмади. Ўша куни кечқурун Шямбандҳунинг умр шами сўнди. Аёллар уввос солди. Ребати ерга ётволиб йиғлади. Ғамга ботган икки аёл ва ғўргина Ребати кремация-маърака, яъни ўликни ёқиш маросимини ўтказа олармиди шу тобда? Яхшиям қишлоқ ғассоли, 50-60 маййитни у дунёга кузатган Бана Сетҳи, белига сочиқ боғлаб, елкасига болта кўтариб келиб, жонларига оро кирди. Бана соҳиб ўлим борасида фалсафий қарашга эга эди: “Вабоми, бошқами, бугунми ё эрта, пешонангга ёзилган пайтда у дунёга равона бўлишга мажбурсан, аммо нега мен хизматим учун бериладиган янги кийим-бошдан ўзимни маҳрум этишим керак?” ўйларди у.
Шямбандҳу оиласи қишлоқдаги каран кастасига мансуб ягона оила бўлиб, кимнидир ёрдамга келишига умид қилиб бўлмасди. Шу боис икки аёл ва Басудев маййитни кремация қилинадиган жойга кўтариб бориб, тегишли сўнгги маросимни бажаришига тўғри келди.
Улар ишни тугатганда тонг юлдузи шарқ осмонида нур сочиб турарди. Уйга ҳолдан тойиб етиб келишаркан, бирдан Ребатининг онаси вабога чалиниб, ётиб қолди. Туш маҳал онанинг ўлими ҳақидаги шумхабар бутун қишлоққа тарқалди.
Дунёнинг ишлари бир жумбоқ-да: баъзан кимнидир тахтиравонда елкага кўтариб, устига соябон тутилган маҳал яна қайсидир бечоранинг шундоқ ҳам кишанланган қадоқ қўлларига тарсиллаб қамчи тушади. Шямбандҳу вафотига ҳали уч ой тўлмай заминдор унинг сигирларини тортиб олди. Айтишига қараганда, Шямбандҳу охирги солиқ тушумларини келтириб бермаганмиш. Тавба, шуям гап бўлди-ю, ахир ким ҳам ишонарди унга?! Шямбандҳу бу ишга доим жиддий қараган, охирги тийингача заминдор хазинасига ўз вақтида еткизмаса, ухлолмай чиқарди-ку! Аслида, ҳақиқат шу эдики, заминдор жанобнинг ўзи аввал бошдан бу сигирларга кўз тикиб қўйганди. Бунинг устига, у тап тортмай ўзи берган бир ярим гектар ерни ҳам қайтариб олди. Дала ишларига қараб турган ёлланма ишчи ҳам ишсиз қолиб, тўлин ой чиққан Дола байрами куни кетиб қолди. Ҳўкизлар ўн етти ярим рупийга аллақачон сотилган, жаноза харажатлари қоплангач, қолган пулга Ребати ва бувиси яна бир ой кун кечириб турди. Кейин эса улар гоҳ мис коса, гоҳ ликопча каби рўзғор буюмларини гаровга қўйиб, дўкондан ул-бул олиб торишди.
Басу ҳар оқшом улардан хабар олишга келиб, ётиш маҳал бўлгач, қайтиб кетарди. Уларга пул берса, қиз ва кампир ҳеч олишга кўнмади. Бир-икки марта мажбурлаб тутқазсаям, пул жавонда қолиб кетаверди. Басунинг кампир 8-10 кунда берадиган озроқ пулни олиб, озиқ-овқат келтириб туришдан ўзга чораси қолмади. Бир томонда уй нураб бошлаган, сомон том тобора юпқалашиб борар, гарчи Басу уни қайта таъмирлашга уриниб кўрса ҳам, уддасидан чиқолмаган, икки рупий пулига сотиб олган пичан орқа ҳовлида чириб битганди.
Энди кампир кечаси ва кундузи йиғи-сиғи қилмас, вовайлосини фақат оқшомга қолдирганди. Аммо, шунда ҳам зил-замбил ғам юкини кўтаролмай гурсиллаб полга йиқилар, Ребати ҳиқиллаганча аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкиб, унинг ёнига чўкарди. Мункиллаган аёлнинг кўриш қобилияти қаторида ҳаётий қарашлари ҳам хиралашган, тобора Ребати унинг кўзига ёввойи ҳайвондай кўринарди. У ҳадеб йиғлаш-сиқташни камайтирган, аламдан Ребатини аямай қарғар ва ҳақоратларди. Назарида, шу бадбахт қиз дастидан барча андуҳ ва кулфат оила бошига ёғилганди. Ҳаммасига қизнинг таълим олишга бел боғлагани сабабчидай эди: аввал кампирнинг ўғли, кейин келини ўлди, ҳўкизлар сотилди, ёлланма ишчи кетиб қолди, заминдор сигирларни юлиб кетди, мана энди кўзи ҳам кўрмай қолди. Ҳа, шу Ребати туфайли барча нарсага кўз тегди, урғочи шайтон, ўшани деб бўлди ҳаммаси, шумқадам!
Қарғишларга кўмилган Ребати кўзлари жиққа ёшга тўлиб, дарров бувисидан ўзини олиб қочиш, уйнинг бир бурчи ва ё орқа ҳовлига яширинишни одат қилди.
Кампир Басуни ҳам бу ишларга бирдай айбдор санарди. Агар у қизни ўқитаман, деб ҳамма ғалвани бошламаганида, қиз ўқишга бунчалик мукккасидан кетмаган бўларди! Аммо кампир Басуни сўка олмас, чунки усиз иши битмаётганди.
Заминдор ҳалиям уларни тинч қўймас, кун ора бир чопар юбориб, ҳали у қоғозни, ҳали бу қоғозни суриштирарди. Бу сўровларга жавобни Шямбандҳу қолдирган бир уюм ҳужжатлар ичидан қидириб топиб беришни фақатгина Басу уддалай оларди. Шундаям, Басу кетгач, баъзан кампир оғзига эрк бериб, унинг ортидан бўралаб-бўралаб сўкарди.
Бора-бора Ребатининг уйда бор-йўқлигиям, ғамнок йиғисиям сезилмай қолди. Ҳеч ким унинг овозини эшитмас, ташқарига чиққаниниям биров кўрмасди. Унинг марварид ёшлар сокин сизган катта-катта мунгли кўзлари сувда қалқиб турган нилуфаргулларга ўхшарди. Юраги ва ақли шикаста, кундузми, тунми, фарқлай олмасди. Офтоб қалбини ёритмас, тун қоронғусидан чўчимас, борлиқ олам у учун тубсиз бўм-бўшлиқ эди. Ота-онаси хаёлидан сира кетмас, уларнинг чеҳраси ҳамиша сирли қароқлари ўнгида намоён бўларди. Меҳрибонлари чиндан ҳам вафот этгани, нариги дунёга риҳлат қилганига ҳечам ўзини ишонтиромасди қиз. Ошқозони қулдираганини бутунлай сезмас, кўзларидан уйқу қочганди. Бувисидан қўрққанидан арзимас бир тишлам нарсани оғзига солар, бўлмаса йўқ эди. Озиб-тўзиб, вужуди ниҳоятда заифлашган, териси суягига ёпишган, қимирлашга мажоли йўқ, тун-у кун ўтирган жойидан зўрға силжишга уринарди. Фақатгина Басу уйга келганда салгина ўзида куч топар, қаддини тутганча йигитга тикилиб-тикилиб қарар, нигоҳлар тўқнашганда эса, уҳ тортиб кўзини олиб қочарди. Бироқ сал ўтмай ютоқиб яна унга қарарди. Ўзи келиб-кетадиган ўша бир неча соат ичида Басу батамом қизнинг қароқлари, фикр-у хаёли ва қалбига жо бўларди.
Шу тариқа орадан яна беш ойча ўтди. Жазирама ёзнинг бир шанбаси тушдан кейин Басу эшик қоқди. Аввал у ҳеч бу пайтда уйга келган эмасди. Эшикни очган кампирнинг кўнгли нохуш нимадир содир бўлганини пайқади.
“Бувижон”,- деди Басу ҳовлиқиб. “Мактаблар бошқармаси мудири ўринбосари Ҳариҳарпур милиция бўлимида ўқувчиларни оғзаки имтиҳондан ўтказармиш. Ҳамма мактабларга шу хабар келди. Мен ҳам бугун буйруқ олдим, эртага азонда беш кунга кетишим зарур.”
Эшик орқасидан бу гапларни эшитиб турган Ребати бирдан оёқлари бўшашганини ҳис қилди. Эшикка суяниб олмаганда юзтубан йиқилиши аниқ эди. Басу беш кунга етарли гуруч, ёғ, туз ва сабзавотлар олиб келгач, улар билан хайрлашди.
“Ўғлим”,- деди кампир хўрсиниб. “Қуёш тиғида кўп юрмагин. Ўзингга эҳтиёт бўл, овқатингни вақтида егин.”
Ребати эса йигитдан кўзини уза олмади. Илгари нигоҳлар учрашган маҳал дарҳол кўзини олиб қочарди, лекин шу тобда у киприк қоқмай, тап тортмай йигит кўзларига тик боқди. Афтидан, бу туйғу Басуга ҳам кўчганди. Авваллари у қизга ўғринча қиё боқиб юрган бўлса, бугун у ҳам қиздан кўзини узмади. Иккиси бир-бирига чуқур-чуқур маъноли тикилиб қолди. Оқшом тушиб, уйни қоронғулик тутди, борлиқни қора кўланка қоплади. Момосининг шанғиллаган овозидан чўчиб ўзига келган паллада қиз ерга чўкканча алланечук бўлиб ўтирарди. Басу анча аввал кетиб бўлган экан.
Ребати беш кунга зўрға чидади. Ота-онаси вафотидан кейин ҳали остона ҳатлаган эмасди, аммо олтинчи куни эрталаб икки марта кўча эшикка югуриб, мўралаб ҳам келди. Олти соатча ўтгач, Ҳарипурдан ўқувчилар қайтиб, Басу вафот этгани хабарини келтиришди. У қайтаётиб, Гопалпур яқинида вабога чалиниб, баҳайбат баньян дарахти тагида жон таслим қилибди. Қишлоқ аҳли бу қайғули хабардан чуқур қайғуга ботди. Хотин-халаж ва болалар кўп кўз ёш қилди. Бири “қандоқ хушрўй йигит эди-я” деб нола қилса, яна бири “бирам одобли, бирам мулойим” деб йиғлайберди. “Чивингаям озор бермаган болагинаааа” дея уввос солди яна кимдир. Ребатининг бувиси ҳам тинмай йиғидан бўғилди. “Ғарибгина болам-а” деб айтиб-айтиб ёш тўкди. “Ўз жонига жабр қилган болам-а!” Бу гапи билан у Ребатини ўқитгани учун йигит шундай навқирон ёшида беҳуда жон берганига ишора қилгандай бўларди. Ребати полга чўкканча, ҳиқилламай, ув солмай узоқ ўтирди.
Кейинги кун эрталаб бувиси уйғониб, ёнида Ребати йўқлигини сезди ва ғазаб билан бақирди: “Ребати! Реби! Ҳаммани куйдириб, кул қилган оташ ўлгур!” У оғиз кўпиртириб қайта-қайта қарғар, эрталабдан шанғиллаган овози ўтган-кетганга баралла эшитиларди.
Кўзи хира ва ғазабнок, бутун уйни тимирскилаб айланиб чиқди у. Ахири қизни топгач, даҳшатдан қотиб қолди. Қиз ҳушини йўқотиб, иситмага куйиб ётарди. Кампирнинг юрагига қўрқув ва хавотир тушди. Кимдан ёрдам сўраб, қайга боришни билмасди у. Асабийлашиб, нафаси қисиб, умидсиз бир алфозда заҳархандалик билан деди: “Ўзингдан чиққан балога қайга борай давога?” Унинг наздида Ребати ўқиб-ўрганишга жаҳд этгани учун иссиққа куйиб-ёниб ётибди.
Бир, икки кун ўтди, уч, тўрт, беш кун ҳам ўтди. Ребати кўз ва лаблари юмуқ ҳолда ерга қапишиб ётарди. Олтинчи кун эрталаб ундан “ҳиқ-ҳиқ” деган овоз чиқди. Кампир қизнинг баданини секин ушлаб кўрди. Ҳайрият, иситмаси тушибди. Кампир қизнинг отини айтиб чақирганди, Ребати қисқа нимадир деб ғўлдиради, кейин сув сўради, ён атрофга аланглаб қаради, бемаъни аллақандай сўзлар лабларидан учди. Уни бу аҳволда кўрган ҳатто оддий қишлоқ врачи ҳам чанқоқ, иситма, ортиқ даражада асабийлашиш одамни вайрон қилиши муқаррар бўлган белгилар, деб шпаргалкасига қараб санаб бериши мумкин эди. Аммо чорасизгина бувисининг кўнгли сал жойига тушди. Ахир қизнинг иситмаси йўқ, кўзларини очиб, иккитагина бўлсин сўз айта олди, сув сўради. Энди куч тўплаб, оёққа туриб кетиши учун озроқ суюқ овқат ичволса кифоя.
“Қўзғалма, болам”,- деди бувиси. “Шу жойда қимирламай ётгин, хўпми? Сенга бир нима пишириб келаман ҳозир.”
Кампир хонадан чиқиб, тимирскиланиб қатор сопол идишлар ичидан бир чидим гуруч ахтара бошлади. Боши умидсизликдан ғум бўлиб, уҳ тортганча ерга ўтириб қолди. Агар кўзи яхшироқ кўрганида борми, беш кунга мўлжалланган маҳсулотлар аллақачон ўн кунга етганини англаган бўларди. Шунга қарамай, умиди ҳали милтираб турарди. У сотса бўладиган охирги буюм – таги тешик эски мис косани кўтарганча “Ҳари Са” дўконига шошилди. Бу номли кичик дўкон қишлоқ ўртасидаги Ҳари соҳиб уйида жойлашган бўлиб, ундан ўткинчилар гуруч, туз, ясмиқ ва мой сотиб оларди. Кампирни узоқдан кўриши билан дўкондор унинг нега келаётганини тушунди, аммо аввал кампирнинг ялинишини кутиб турди. Сўнг ундан мис косани олиб, у ёқ бу ёғини синчиклаб текширди.
“Гуруч йўқ”,- деди у. “Бунақа эски матоҳга кимам сизга бир нарса берарди?”
Албатта, Ҳарида гуруч ҳам, уни сотишга хоҳиш ҳам бор эди, бироқ уни биттагина қўшиқ айтиб бериб, шу косани қўлга киритиш кўпроқ қизиқтирарди. Унинг гапидан момо чақмоқ ургандай бир чўчиб тушди. Агар гуруч олиб бориб, тезроқ Ребати оғзига овқат қилиб тутмаса, қиз бечоранинг ҳоли нима кечади? Шу ўйда кампир дўкондорга ёлворувчи нигоҳ ташлаб, ғамга ботганча, тўнкадек миқ этмай соатлаб ўтирди. Вақт ўтиб борарди. Бир томондан касал қизни узоқ пайт ёлғиз ташлаб кетгани эсига тушиб, юрагига ғулғула тушди кампирнинг. “Уйга боришим керак”, деди у ғудраниб ўзига ўзи ва косани қўлга олди. “Қизим шўрлик нима қилаётган экан, Худога аён”.
“Ҳай, майли”,- деди Ҳари истамайгина. “Косани бу ёққа чўзинг. Қани, кўрайин-чи, бирон нарса топилармикан сизга?”
Дўкондор кампирга жиндай гуруч, озгина ясмиқ ва бир ҳовуч туз берди. Кампир чўлоқланганча ҳар тўрт қадамда бир нафасини ростлаб, уйга қараб кетди. У эрталабдан бери ҳатто юзини ҳам ювмаган, боши ғум эди. Мана, Ребати анча ўзига келиб қолгандир, деган ўйда уйга етиб келди. Қиздан қудуқдан сув чиқаришини сўрамоқчийди. Гуруч қайнатиш кўпам вақт олмайди. Кампир Ребатини бир, икки, уч бор чақирди, аммо ҳеч жавоб қайтмади. Сўнг овози борича бақирди: “Ребати! Реби! Ҳаммани куйдириб, кул қилган оташ ўлгур!”
Бу маҳалга келиб, Ребати баттар сўниб қолганди. Муттасил оғриқлардан тортишган бадани музга дўнганди. Чунонам чанқаганидан тили танглайига қаттиқ ёпиши қолгандай туюларди. Хона жаҳаннамдай қизиган, қиз судралиб-судралиб ички ҳовлига етиб олган, аммо у ер ҳам ёрдам бермаётганди. Инқиллаб-синқиллаб орқадаги айвонгача етиб, деворга суянволди. Оқшом тушган, жонига оро кириб, нафис шамол эса бошлаганди. Отаси ўлимидан аввал эккан банан дарахтидан бир тўп мева осилиб турарди. Онаси икки йил аввал эккан гуава эса анча чўзилиб, ҳатто гуллашгаям улгурганди. Ребати қудуқдан кўзачада сув олиб, янги кўчатни суғорган кунларини эслади.
Яна онаси ҳақидаги хотиралар ғизиллаб хаёлидан ўтди. Боши тинмай айланар, хаёллари айқаш-уйқаш, аммо онажонисининг сиймоси шуурида аниқ-тиниқ жилваланарди. Тун сокингина чўка бошлаган, қоронғилик новдалардан кўчиб, аста-аста бутун боғни қора кафанга ўраб олди. Ребати бошини хиёл кўтариб, осмонга кўз тикди. Кўкда ёлғиз юлдуз жилва қилар, қиз ундан нигоҳини сира узолмас, юлдуз бирданига ўсиб-ўсиб, катталашиб-катталашиб, ниҳоят осмон юзини босиб олди. Ана, ана, онаси юлдузнинг қоқ марказида ўтирибди, юзидан меҳр-муҳаббат нури тараляпти. Сал ўтмай у ҳузурига таклиф қилган кўйи қўлини Ребати томонга узатди. Қизнинг кўнгли қувончдан ҳапқирди. Икки майин нур кукуни қизнинг қароқларини сийпалаб-сийпалаб, сўнг қуйироққа, юрагига сирғалиб тушди. Ребати оғир-оғир, тўлғониб-тўлғониб нафас олди, кўкси тун ҳаловатини бузиб, гоҳ кўтарилиб, гоҳ пастлади. Овози хириллаб, бўғриқиб, “онажон, онажоним” деб чақирди. Кейин борлиққа оғир сукунат чўкди.
Кампир шўрлик қизни ахтариб, бутун уй ичида эмаклаганча меҳмонхонадан ҳовлига, у ердан аживозга чиқиб, хуллас у ёқдан бу ёққа бориб келаверди, аммо Ребатини ҳеч қаердан топмади. Ахири, қизнинг иситмаси тушган бўлса, орқа тарафдаги боққа сайрга чиққан, ҳойнаҳой, деган ўй келди бошига.
“Ребати!” дея қичқирди у. “Реби! Ҳаммани куйдириб, кул қилган оташ ўлгур, қайдасан?!” Кампир эмаклаб бир киши сиғадиган торгина айвончага ўтиб, қизга урилиб кетди. “Ўлганинг яхши!” ўшқирди у. “Шу ерда ўтирган экансан-у, миқ этмайсан-а, яшшамагур!”
Кампир қизни ниқтаб, турткиламоқчи бўлди, аммо дарҳол ғалати бир нимани сезди. Пайпаслаб, қўлларини қизнинг баданига югуртириб чиқди, кейин битта бармоғини бурун катакларига тутиб кўрди. Кампирнинг аламли чинқириғи тун сукунатини бузиб юборди. Икки жасад айвондан қулаб, ерга шилқ этиб тушди. Шямбандҳу Моҳанти оиласининг ҳаёти ана шундай якун топди. Унинг уйидан таралган энг сўнгги сўзлар мана булар эди: “Ребати, Реби! Ҳаммани куйдириб, кул қилган оташ!”
Инглиз тилидан Аъзам Обид таржима қилди
Фақир Моҳан Сенапати, ҳинд ёзувчиси, шоири, файласуфи (1843-1918)
###