Мини-ертўла-кутубхона ва халқаро адабий алоқалар музейи
Ниҳоят Тошкентдаги Жарқўрғон (Оқ Уй биқинида) маҳалласида 60 йилча аввал қурилган 12 та квартирадан иборат икки қаватли эски уйимизнинг ертўласини Абудрашид ўғлим билан оддийроқ мини-кутубхона ва халқаро адабий алоқалар музейи ҳолатига келтирдим! Албатта, бу жойни янаям яхшироқ жойга айлантириш мумкин. Ўзиям йиллардан бери тўпланган ахлат, чириган тахта-ю пахта, баллон ва бошқа кераксиз ашёларни олиб кетиш учун махсус юк машинаси икки марта қатнади. Чироқ ўрнатдик, ҳаво айланиши учун форточкалар очдик, деворларни нари-бари оқладик, китоб жавонлари, кўргазма стендлари қоқдик, хуллас, кичик бир маънавият маскани юзага келди. Ижодкор дўстлар, агар сиз яшаётган кўп қаватли биноларда ҳам подвал-ертўла бўлса, ҳеч иккиланмай шундай шахсий мини-адабиёт музейига айлантиринг!
Каминанинг мини-кутубхона ва халқаро адабий алоқалар музейимда ўзбекча, инглизча, русча китоблардан ташқари, асосан ўзимнинг ижод намуналарим – китобларим, таржималарим, газета ва журналларда чиққан ишларим, турли йилларда олган диплом, фахрий ёрлиқ ва мукофотларимни кўриш мумкин. Қолаверса, чет мамлакатларда турли тилларда босилган китобларим, таржималарим, халқаро лойиҳалар, анжуман ва фестивалларда иштирокимга оид материаллар, постерлар, буклетлар бор. Чет элга қилган ижодий саёҳатларим акс этган фотосуратларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида завқ билан сўзлаб бера оламан.
Мини-марказимнинг бир бурчи “Чет эллик ёзувчи/рассом резиденцияда” мустақил ижодий дастурига ажратилган. Унда дастуримиз иштирокчилари ҳақида маълумот, уларнинг асарлари ва чизган ишларидан намуналар мавжуд. Ертўламизда компьютер, фильм ё қизиқарли адабий-маданий кўрсатувлар томоша қилиш учун DVD, турли тиллардаги қўшиқ ва куйлар эшитиш учун эскироқ магнитофон ҳам қўйилган. Бир бурчида болалар учун ўйнашга алоҳида хоначаям ажратилган. Мутолаа қилмоқчи бўлганлар ўртадаги юмшоқроқ диванга чўзиламан, деса, бемалол. Шахмат, шашка ишқибозлари учун доскалар муҳайё. Бирпасда зерикиб қолувчилар учун тез орада стол тенниси сотиб олиш ниятидаман. Ертўлада нафаси қайтадиганларга ташқарида митти боғча қилиб қўйганман, тахта кроват ё беседкада бир пиёла чой ичиб, гул ва дарахтлардан баҳра олсин, марҳамат!
Эсингизда бўлса, ўтган йили Президентга хат ёзиб, халқаро ижод уйи қуриш учун олти сўтихгина ер ажратишни сўрагандим. Аммо, бизнинг мамлакатда жиддий адабий ё маданий ташаббусларга ҳали-вери очилинмайди шекил. Умуман олганда, камина ҳукуматга қарашли маданият ва адабиёт вазирлик ё муассасалари, агентликлари, турли кўмак ё тарғибот жамғармалари ишига ҳечам қойил қолмаганман. Шахсий ташаббуслар, битта ўзимизни реклама қилиш учунмас, миллат адабиёти, санъати ва маданияти, қизил қилиб айтганда, Ватан равнақи ва маънавий бойликларини таништириш учун қилаётган ишларимизга ўн йилларки панжа ортидан қараш давом этмоқда. Давом этаверсин – осон йўли шу-да!
600 дан ортиқ аъзоси бор Ёзувчилар уюшмаси ақалли битта Навоийни дунёга танитолмайди; Маданият вазирлиги ва ё АОКА бир йилда 40 нафар чет эллик ижодкорни Ўзбекистонга олиб келиб, волонтёрлар ёрдамида амалга ошираётган ижодий туризм дастуримиз нима экан, деб қизиқмайди; Туризм қўмитаси алоҳида таклиф қилсак ҳам келмайди, техника асрида электрон хатларимизга умуман жавоб ҳам йўқ. Кўрамиз, имтиёзли уй олган ва олаётган ёзувчи-шоирларнинг нечтаси чет эллик меҳмонларни янги квартирасида чин дилдан қабул қила оларкин?
Ижодий туризм дастуримизнинг илк иштирокчиси, мамлакатимизни жону дилдан севувчи болгариялик адиба Мария Филипова яқинда Ўзбекистон ва ўзбеклар ҳақидаги китобини ёзиб тугатди. Ҳозир унинг ўзи асарни русчага таржима қиляпти. Бир-икки ихчам бобларини камина ўзбекчага ўгирдим. Энди ақалли шу асарни русча, инглизча таржима қилиш, нашр этиш ва тарғиб қилишга айнан Ўзбекистоннинг хориждаги имижини кўтаришга масъул қатор ҳукумат ташкилотлари бош-қош бўлса, нима бўларкин? Марияни Ўзбекистоннинг Болқон мамлакатларидаги элчиси этиб тайинланса, юртимизга ижодкор ва бошқа туристларнинг оқимини кўпайтиришда самимий ёрдамини қабул қилинса-чи?
Айтганча, Наманган шаҳрини ЮНЕСКО Адабиёт шаҳарлари рўйхатига киритиш бўйича таклиф-хатимизга Наманган ҳокимияти қизиқиш билдирганди, пандемия туфайли бу ишимиз чала қолди, аммо онлайн тақдимот ва суҳбатга ҳамиша очиқ ва тайёрман.
Жаноблар, мен сиздан ўзимга мукофот, квартира, дала ҳовли, бепул поликлиника ё бошқа нарса кутмаяпман, фақат сизга ёрдам бериш учун бир қадам ташлаганимизда, сизам биз томонга ярим қадам ташлаб туринг!
Маскангизни тақиб, мини-кутубхона ва халқаро адабий алоқалар музейимга битта-биттадан келаверинг, нимадир янги ва яхши нарса олишингиз аниқ, ҳеч йўқ битта китобимни олиб кетасиз! Маскаси йўқларга яхшилаб ювиб, дазмолланганларидан тайёрлаб қўйсам бўлар?
Аъзам Обид