БЕҒУБОР ТУЙҒУЛАР КУЙЧИЛАРИ

Китобга бўлган муҳаббат болаликда ёд олинган шеърлар, эртаклар-у ҳикоялар орқали пайдо бўлади. Боланинг қалбига йўл топиш, унинг беғубор оламига кириб бориш осон эмас. Бугунги кунда болалар севиб, талашиб ўқийдиган асарлар яратиляптими, шу йўналишда ижод қилаётган ёш ижодкорлар ижоди арзирлими ёки ушбу адабиёт фожиага юз тутмоқдами?
Келинг, бугун энг некбин туйғулар тараннум этиладиган, баъзида катталар-да англашга, идрок этишга, ҳис этишга қодир бўлмаган мўжизалар олами акс этган болалар адабиётининг бугунги ёш вакиллари ижоди ҳақида бироз фикрлашамиз.
2019-йилда “Биринчи китобим” лойиҳаси асосида чоп этилган болалар адабиёти йўналиши вакилаларининг “Раққос япроқлар” китоби ҳақидаги мулоҳазаларимни бўлишсам. Бошқачароқ айтганда, раққос япроқларнинг рақсидан баҳра олсак.
Китобдан уч ёш ижодкор Наима Анварова, Мўтабар Ҳасанова, Моҳидил Абдуллаеваларнинг шеърлари ўрин олган.
Дастлаб ижодкор Наима Анварованинг китобдан ўрин олган “Макка ва ҳакка” тўплами ҳақида.
Мен Наима Анварова билан шахсан таниш эмасман, ижоди билан эса мана шу китоб орқали танишдим. Шеърларидаги самимийлик, болаларча соддалик инсонни ўзига тортади.
Унинг “Ёмғир” шеърида устоз болалардан ёмғир нима эканлигини сўраганда Ҳошим деган ўқувчининг: “ –Ёмғирми, булутлардан Оқаётган тер” дея “топқирлик” қилиши, албатта, болаларча тасаввурнинг, болаларча ўхшатишнинг намунаси. Бу каби ўхшатишлар, сўз ўйинлари ижодкорнинг “Хўрозқанд”, “Қалтис ҳазил” ва бир қанча шеърларида кўзга ташланади.
Айниқса, “Ўхшашлик” деб номланган шеъри алоҳида эътиборга лойиқ.
Кўзгуда ўз аксини
Кўриб мушук итга дер:
–Анави шерни қара,
Бери келса бизни ер.

–Ёнидаги бўрими?
Тишини қайраяпти.
Жониворлар ўзини
Танимай сайраяпти.

Авваламбор, айтиш керакки, шеърнинг сарлавҳаси жуда тўғри танланган. Мушук кўзгудаги ўз аксини танимай шер деб ўйлаётган бир вақтда ёнидаги ит ҳам ўзининг ит эканини билмай бўри деб тасаввур қиляпти. Юқорида айтганимдек, болалар адабиётида шунчаки жўн, содда тасвир ёки фикрлар айтилмаслиги керак, баъзи шеърлар катталарни ҳам ўйга толдириши ва ўз ўрнида сергаклантириши лозим.
Умуман олганда, ижодкорнинг ютуқлари анчагина, лекин мен фақатгина ютуқлари ҳақида тўхталиб, кўкка кўтаришдан йироқман ва шеърлардаги (менинг ўз шахсий фикрим бўйича) бироз камчиликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтишни жоиз деб билдим.
Биринчидан, шакл жиҳатдан ёндашганимизда, аксарият шеърларида қофия бўйича қандайдир янги топилмалар топа олмадим. Кўп мисраларда “қўзини-сўзини”, “дер-ер”, “юрак-керак”, “ёнига-жонига” сингари жўн ва баъзи ўринларда (масалан, “қилайлик-кўрайлик”, “дер-тил” сингари) оч қофиялардан фойдаланган. Боланинг доим янгиликка ўч бўлишини ҳисобга олсак, янги, ўйноқи ҳали биров қўлламаган қофиялар билан ҳам болани қойил қолдириш мумкин ва бу имкониятдан ижодкор фойдалана олишни билиши керак.
Қофиялардаги ушбу кичик камчиликлар ва баъзи жойлардаги туроқ бузилишлари
(масалан, “Ҳийла” шеърида:
–Ваҳима қилаверма,
Улар келмайди.
Қолаверса, ёнғоқни
Чақиб билмайди)
шеърнинг бир оҳангда, равон ўқилишига бироз ҳалал беради.
Бундан ташқари баъзи шеърларда деярли янгилик, болани лол қиладиган кашфиёт йўқ ва муаллиф шунчаки баён қилиш билан чегараланган. “Кабоб”, “Жарима”, “Истак” шеърлари шулар жумласидандир.
Юқорида айтганимдек, бу менинг шахсий, ўқувчи сифатида қарашларим холос, асло якуний хулоса эмас. Асосийси эса тенгдошимиз Наима Анварованинг болалар учун ўз айтар сўзлари бор, агар у ўз устида ишласа, қалами ўткирлашиб, камчиликлар йўқолиб бораверади.
Китобдаги кейинги тўплам ижодкор Мўтабар Ҳасанованинг “Ойна тутар сойга ой” номли тўпламидир. Тўпламда келтирилган шеърлардан кўришимиз мумкинки, Мўтабар Ҳасанованинг болалар адабиётига кириб келганига анча бўлган, қалами анча чархланган. Шеърларнинг мавзулари камалак рангларидек турфа, ўқувчини зериктириб қўймайди. Улардаги болалар тасаввури билан чизилган чизгилар, катталарнинг хаёлига келмаган топқирликлар болаларни, албатта, ўзига тортади. Мўтабар Ҳасанова шеърларида Ойга жуда кўп ўрин берган. Бироқ ҳамма шеърда Ой ҳар хил кўринишда намоён бўлади. Жумладан, “Ой” шеърида: “Тунда ухлаб қолма деб”, ой сойга ойна тутиб туради, яна бир шеърида эса кўлда бақалар базми жамшид бошлаб қолишади, базмнинг, бақаларнинг куйлашининг сабабини билмоқчи бўлган қуён уларни пойласа, Ой ҳамма ёққа нурдан кўрпа ёйиб, кўлга меҳмонга келган бўлади. “Ўзбекистон” шеърида эса Ой баъзан анҳорга тушиб, барглар билан оқиши тасвири берилади ва Ой осмоннинг дилбанди эканлиги таъкидланади. Қаранг, биргина Ой образидан фойдаланиб, шунча тасвир яратиш мумкин экан. Фикримча, Мўтабар Ҳасанова болаларнинг кўнглига йўл топишнинг ажойиб, ўзига хос йўлини топган. У бола қалбига шунчаки ўзи эмас, уларнинг севимлиси бўлган, мўжизалар ҳақида сўйлайдиган Ой билан қўл ушлашиб кириб боради.
Шуни таъкидлаш лозимки, болалар шеъриятида қуруқ тасвир бериш ёки юморга йўғрилган сатр билангина ижод қилиб бўлмайди. Ижодкор ҳар бир шеърида қизиқарли тасвирлар воситасида ҳаётда керак бўладиган, болани маънан ўсишига кўмаклашадиган, ўзига яраша “оғирлиги” бор ғоя ва фикрлар ҳам бериши лозим, Бироқ ижодкор “Қизғонаман”, “Боғчамиз”, “Мактуб” шеърларида фақат кичик воқеа ҳақида баён қилиш билангина чекланган. Бундан ташқари ижодкор қуйидаги шеърига “Эринчоқ қуёш” деб ном берган:
Барглар шитир-шитирлаб,
Бирдан куйлай бошлади.
Булутлар жам бўлишиб,
Ерга ёмғир ташлади.

Қушлар питир-питирлаб,
Ўзин олди панага.
Мошвой тиқир-тиқирлаб,
Кириб олди хонага.

Ёмғири тугаб қолди,
Кўкдаги булутларнинг.
Юзи ювилмай қолди,
Гул-у майса-ўтларнинг.

Шеърда бирдан шамол бошлаб, ёмғир ёғиб юборгани, бу пайтда қушлар ҳам, мушук Мошвой ҳам ўзини панага олгани, орадан вақт ўтиб-ўтмай ёмғир тиниб қолгани тасвири берилади. Эътибор қилган бўлсангиз, шеърнинг номи “Эринчоқ қуёш” эди. Ваҳоланки бу ерда қуёшнинг эринчоқлиги ҳақида деярли ҳеч қандай сўз айтилмаган. Мен тўсатдан шамол бошланиб, ёмғир ёғиб юборганига сабаб тонгда қуёш бироз эриниб, кечроқ чиққанлиги сабаб қилиб кўрсатилса керак, деб кутгандим. Назаримда, шеър ўз якунига етмаган ёки шеърга сарлавҳа нотўғри танланган. Яна айтишим керакки, бу менинг шахсий фикри ожизим.
Китобдаги учинчи тўплам – “Раққос япроқлар” Моҳидил Абдуллаевага тегишли. Моҳидил қандай мавзуда, қандай йўналишда ижод этмасин, қалам тебратмасин, у ҳеч қачон болаларни ёдидан чиқармайди, дунёга бола кўзи билан боқишдан чарчамайди. “Серёжага мактуб” шеърида бу нарса яққол намоён бўлган. Энди эса Моҳидилнинг “Раққос япроқлар” тўпламига эътиборимизни қаратсак. Китобнинг номи ҳам унинг айнан шу сарлавҳали шеъридан олинганлиги дастлабки ютуқ деб ўйлайман. “Раққос япроқлар” –болалар адабиётига хос, болани қизиқтирувчи ном. Китобни бир вароқлаб кўришга ундайди, япроқларни рақсини тасаввур қилиш учун, тасаввурда томоша қилиш учун болани ўзига тортади.
Моҳидилнинг “Хўроз”, “Нютон”, “Беркинмачоқ”, “Бодринг дейди” сингари шеърлари янги-янги топилмаларга, ўзига хос ўхшатиш-у, ўйноқи, қувноқ оҳанг ва қофияларга бой. Моҳидил шеърларида шунчаки болани қойил қолдиришни ўйламайди, қойил қолдириш баробарида, болага янги нимадир ўргатишга ҳаракат қилади.
Шу жойда адабиётнинг асл, ўқувчига қуруқ маълумот ёки тасвир бериш эмас, ниманидир ўргатиш, қалбни уйғотиш вазифаси ўз ифодасини топгандек бўлади. “Беркинмачоқ” номини ўқишингиз билан хаёлингизда ёшликда тенгдошларингиз билан қизиқиб ўйнаган ўйинингиз тасвирлари аксланади, болалар ҳам кечагина дўстлари билан ўйнаб келган, ўйнаш давомида бир-биридан ғаройиб воқеалар содир бўлган беркинмачоқ ўйинини кўз олдига келтиради. Аммо Моҳидил:

Беркинар бобо қуёш
Кундузойнинг ортига.
Уни излар оймомо
Қаро туннинг юртидан.

Тинмай ўйин ўйнаб ҳам
Асло сезишмас чарчоқ.
Бу оддий ўйин эмас,
Ғаройиб беркинмачоқ,

дея боланинг тасаввурига ажойиб чизгиларни тақдим этади. У оддий, бола ҳаётидаги ўйинни табиатга шунчалик усталик билан кўчирадики, натижада бола кун билан туннинг муттасил ўрин алмашиб туриши, ҳеч қачон бир вақтда иккаласи намоён бўла олмаслиги ва бу жараён доимий равишда “Тинмай ўйин ўйнаб ҳам” сира чарчоқ сезмаган ҳолатда бўлишини тафаккурга муҳрлайди.
Бундан ташқари Моҳидилнинг яна бир ютуғи борки, уни ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Моҳидил шеърлари орқали болаларни китобга, бадиий адабиётга қизиқтиришнинг ўзига хос услубини топган. “Меҳр” шеъри мазмун жиҳатдан бироз жўнроқ ёзилган бўлса-да, унда болаларнинг севимли ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев қаламига мансуб “Сариқ девни миниб” асарининг қизиқарлилиги ҳақида ишора беради, “Эртаклар” шеърида эса Ҳанс Кристиан Андерсеннинг “Қор маликаси” эртаги қаҳрамонлари Кай, Герда ёки Антуан де-Сент Экзюперининг “Кичкина шаҳзода” асарлари номидан унумли фойдаланади. Бир ўйлаб кўринг-а, шеърда бу қаҳрамонлар ҳақида ажойиб ишораларни ўқиган болада ўша асарларни ўқиб чиқиш истаги пайдо бўлса, мутолаага нисбатан мотивация уйғонса, бу ҳам ижодкорнинг ютуқларидан-ку.
Бир сўз билан айтганда, Моҳидилнинг ютуқлари талайгина. Шундай бўлса-да, бироз камчиликдек туюлган жиҳатлари ҳақида ҳам тўхталиш ўринли деб ўйлайман.
Моҳидил шеърларида ҳеч ким қўлламаган, янги қофиялардан фойдаланишга ҳаракат қилади, бунга эътирозимиз йўқ. Бироқ баъзи шеърларида қофия ортидан қувиб, мазмунга эътибор озгина сусайгандек, баъзи ўринларда эса мисралардаги ортиқчаликка ҳам йўл қўйилгандек. Жумладан, “Беш” шеърида “Аълочи болаларнинг Кундалигин безайман”, дегани мисрада шеър мазмун жиҳатдан якунига етган, кейинги тўрт мисрага деярли вазифа юклатилмаган, шунчаки шеър ҳажмини кўпайтириш учун ёзилгандек. “Зоминга йўл” шеърини эса “қаққа” сўзидан фойдаланиб, бола тилидан ёзишга ҳаракат қилган, бироқ шеърда шундан бошқа эътибор тортадиган жиҳат кўзга кўринмайди. Зоминга бориш орзусини “қаққа”га алмашмагани болага янги билим ёки ажаблантирадиган нимадир бермайди.
“Тасанно” шеъри эса мазмун жиҳатдан якунламагандек, шеърнинг иккинчи бандида “Ухлаб қолавераман, Юлдузларга тасанно!”, – дейди. Аммо юлдузларга нима учун тасанно айтаётгани очиқланмаган. Тонггача кўкда ёниб туришини назарда тутган десак, аввалги бандда юлдузни шамчироқ деб айтгани, бу уларнинг вазифаси эканлигини, унга тасанно айтадиган деярли ҳеч қандай воқеа содир бўлмаганини кўрсатади. “Ёз билан суҳбат” шеърида эса фикрлар бироз тарқоқ тарзда ифодаланган.
Яна шуни таъкидлаш керакки, китобдан ўрин олган уч ижодкорнинг шеърларида ҳам табиат ҳодисаси бўлган шамол ва ёмғир ёғиши ҳақидаги тасвирлар деярли ўхшаш. Тан оламан, бу жиҳатдан менинг ижодимда ҳам учрайди.
Хулоса қиладиган бўлсак, уч ижодкорнинг ҳам ижоди аввало эътирофга арзийди, камчиликлар эса ўсишдан, ривожланишдан дарак беради, деб умид қиламиз. Болаларнинг севимли ёзувчиси Антуан де-Сент Экзюпери: “Бу оламда фақат болаларгина нима излаб юрганини яхши билишади”, – дейди. Болалар излаётганларини топишида ушбу болалар ижодкорларининг ижодлари оз бўлса-да ёрдам берса, ўйлайманки, бу адабиётнинг катта ютуқларидан бўлади. Ижодкор дўстларимизга омад ва зафарлар тилайман!

Зулфира Нўмонова
Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети битирувчиси.