Дублин халқаро адабиёт мукофоти

Адабиёт соҳасида Нобелдан ташқари ПЕН (PEN), МЭН Букер премияси (Booker Prize), Штруга шеърият кечаси мукофоти каби қатор йирик халқаро мукофотлар ҳам мавжуд. Қуйида Дублин халқаро адабиёт мукофоти ҳақида билиб оласиз:

Дублин Ирландия Республикаси пойтахти ва ЮНЕСКО дунё адабиёт шаҳарлари рўйхатига кирган 39 та шаҳарнинг биридир. (Биз Наманганни шу рўйхатга киритиш таклифи билан чиқдик – бу ҳақда кейинроқ ёзаман).

Дублин халқаро адабиёт мукофотини 1996 йили Дублин шаҳар кенгаши ва Американинг ИМПАК сармоя жамғармаси таъсис этган. Миқдори – 100 000 евро.

Бу мукофот ҳар йили битта насрий асар учун берилади, у китоб албатта инглиз тилида бўлиши керак. Агар аслият бошқа тилда бўлиб, кейинчалик инглиз тилига таржима қилинган бўлса, мукофотнинг 75 фоизини муаллиф, 25 фоизини таржимон олади. Шу боис, бу мукофотга исталган мамлакатдаги исталган тилда ёзадиган ёзувчи эришиши мумкин.

Дунёнинг 177 мамлакатидаги 400 дан ортиқ жамоатчилик кутубхоналари бирор ёзувчини бу мукофотга тавсия эта олади. Бу кутубхоналар рўйхатига Ўзбекистондаги бирорта кутубхона кирмаган, собиқ иттифоқ ҳудудидан эса фақат Россия ва Эстониядаги кутубхоналар бор.

Ҳали-бери қиладиган ишларимиз жуда-жуда кўп: инглиз тили ўрганиш, инглизча ёзиш, кутубхоналар фаолиятини ривожлантириш, ЮНЕСКО адабиёт шаҳарлари рўйхатига кириш ва ҳоказо. Астойдил бўлинглар, ижодкор дўстларим! Мукофот учун эмас, ўзингиз учун, жамият учун ҳам бўшашманг! Биронтангизни Дублин адабиёт мукофоти узундан-узун шорт-листига киритилишини кўрадиган кунларга етишдан ортиқроқ мукофот йўқ мен учун!