Ҳар хил мукофотлар…

Ҳар йили йирик байрамлар олдидан юртимизда урра-урра мукофотлаш фасли бошланади. Фахрий ёрлиқ, медаль, орден, кўкрак нишон, давлат мукофоти, хилма-хил унвонлар ва ҳоказо – отини санаб тугатолмайсан киши.

Ҳартугул уларни кимларга, қандай ва нима учун берилиши тўғрисида қаердадир ёзилган (ё оғзаки айтилган) бўлиши керак. Аммо, йирик миқдордаги халқ бойлигигина эмас, ҳатто етимлар, ночорлар, мазлумларга ажратилган маблағларнинг ҳам талон-тарож этилиб, туя қилинаётгани, бегона ўғри чўнтакларга тушиб кетаётганидан ўша айтаётганимиз мукофотларнинг ҳам тақсимланиш тизими қандайлигини тахмин қилиш мумкин.

Мен ўзим бирорта мукофотга кўз тиккан эмасман ҳамда жиддий танлов-саралашсиз, шаффоф ва мустақил жюриларсиз бериладиган ҳар қандай мукофотларга хайрихоҳ эмасман, айниқса, агар бунинг учун барча харажатларни давлат бюджетидан қопланса!

Мукофотланганларнинг бирортаси ё бир гуруҳи чиқиб, “бизга шу керакмиди ҳозир, бунинг ўрнига (халқимиз унча мураккаб бўлмаган операция деб чет элга боришга сарсон бўлмаслиги учун) энг кучли дунё шификорлари ва энг замонавий тиббиёт ускуналари мавжуд битта шифохона, (ақалли дунё 100 талигига киритиш учун) энг яхши чет эллик профессорлар дарс берадиган халқаро андозадаги битта университет, ва ё Ўзбекистоннинг бой маданияти, адабиёти ва санъатини дунёга танитишга кўмаклашиши учун битта ихчам халқаро ижод уйи қурайлик, деб айта оладими? Шундайлар чиқолса, биз кучли миллат бўлишдай йўлга кирибмиз, алҳамдулиллаҳ, деб чин дилдан қувонардим!

Хўш, бунақа ҳар хил маза-бемаза мукофотлар дунёнинг бошқа ерида йўқми, дерсиз? Бор, бўлганда қандоқ! Давлат, нодавлат ташкилотлар, хусусий шахслар таъсис этган мукофотлар бошқа мамлакатларда ҳам тиқилиб ётибди.

Бироқ чет элдагилар мукофотланиш учун чин маънода қайсидир соҳага ўз ҳиссасини қўшган бўлади, бу ҳисса ортидан ўша жамиятнинг ақалли бир кичик ячейкасида сезиларли ўзгариш ва ривожланиш юзага келади. Бизда-чи?

Кичкина мисол: Юзлаб Зулфиячилар бир гуруҳ шоира ё адибаларамиз тугул, биттагина Зулфиянинг ўзини сал-пал дунёга танитолдими, битта китобини ҳеч йўқ инглизчага таржима қилиб, фалон чет мамлакатда чиқаролдими, ўқувчиларини тополдими?

Ё фалон осмонўпар бино қурилиши учун мукофотланган ватандошимиз ҳар қадамда тикланаётган уйларнинг нархини ҳамёнбоплигини таъминлаб, чақиб-чақиб олмайдиган кредитлар учун йўл очолдими?

Ва ё дарахтлар кесилиши, уйлар бузилиши, бижғиб ётган коррупция иллатлари, энг катта давлат раҳбарлари ва оилалари кирдикорларини жасурлик билан ёритаётган, шу йўлда меҳнат қилаётган инсон ҳуқуқлари фаоллари, мустақил блогерлар, ашаддий танқидчиларни давлат мукофоти олганлар рўйхатида кўрамизми ва ё тушимизга кирадими?

Мукофотланган ватандошим, аччиқ гапим сизга эмас,  кайфиятингизни туширманг, тириклик, соғлик, омонлик муборак бўлсин, қандингизни уринг!

P.S. Камина ҳам илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳасида ўқувчилик йилларимда шаҳар, вилоят, республика танловларида ғолиб бўлиб, жуда кўп мукофотлар олганман. Мустақиллик йилларида эса Нидерландия, Ҳиндистон, Колумбия, Германия, АҚШ, Швеция, Вьетнам, Британия, Қозоғистон каби мамлакатларнинг нодавлат ва давлатга қарашли ташкилотлари турли шаклда мукофотлашган. Так штў, мукофотсиз қолганим учун бу постни ёзмадим J