Нодирабегим Иброҳимова: “Кўпчиликнинг истаги Ўзбекистон ичида машҳур бўлиш, ундан ташқарисига қизиқишмайди”  

Нодирабегим Иброҳимова: “Кўпчиликнинг истаги Ўзбекистон ичида машҳур бўлиш, ундан ташқарисига қизиқишмайди”

Камина ҳозирги ёш ижодкорлар қандай янги ва илғор адабий-маданий ташаббусларга очилаётгани, нима ишлар қилаётгани, орзу-умидлари, қандай яшаб, нималарни ўйлаётгани билан қизиқаман. Ижтимоий тармоқларда кўпчилик ёшларни кузатиб, ўқиб бораман, аммо аксарияти негадир юзма-юз учрашувдан қочади, бир қизиқ мавзуда учрашув ташкил этсанг, адабий гурунгга чорласанг, иштирокчилар орасида ёш шоир ва носирлар жуда кам кўринади. Бугунги суҳбатдошим Нодирабегим Иброҳимова билан ҳам кўришмаганмиз, аммо телефон ва мессенжерлар орқали мулоқот қилиб турамиз.

Аъзам Обид: Ассалому алайкум. Сизнинг Nodirabegim.uz сайтингиз, “Митти ҳақиқатлар” ва “Митти ҳикоялар” каналингизни кузатиб бораман. Халқаро журналистикани битирган экансиз. Ҳозир уйда болаларингиз кичиклиги учун бадиий ижод ва таржима билан шуғулланяпсизми, келажакда журналистика билан жиддий шуғулланмоқчимисиз? Сизга бадиий ижод муҳимми ёки журналистика?

Нодирабегим Иброҳимова: Ассалому алайкум, аввало, суҳбатга таклиф учун раҳмат. Журналистикани тамомлагач 10 йил давомида уйдан туриб масофали тарзда газетада, матбуот хизматида ишладим. Параллел равишда наср ва таржимани ҳам олиб бордим. Менга ҳамиша наср биринчи ўринда бўлган. Журналистика ва таржима тирикчилик манбаи бўлган, айнан насрдан ҳеч қандай даромад ёки фойда бўлмаса-да, мен учун муҳими шу бўлиб қолаверади. Журналистикага ўқишга киришимнинг сабаби тил ўрганиш эди. Илк ҳикояларимни талабалик вақти ёздим, бунда Муҳаббат Шарафитдинова, Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўткир Ҳошимов, Каромат Муллахўжаева каби домлаларнинг адабиётга оид дарслари насрни танлашимга туртки бўлган. Журналистика соҳасига оид мақолаларим ҳам юздан ошиқ, лекин атрофдагилар мени кўпроқ драблларим, ҳикояларим, қиссаларим орқали танишади. Ҳозир Олий адабиёт курсида ўқияпман. Битириб ўзим таълим олган факультетда жаҳон адабиётидан дарс беришни ният қилганман. Бўлажак журналистлар учун адабиёт албатта, керак.

А.О.: Ёзувчилар уюшмасининг аъзосимисиз?

Н.И.: Ўтган йил ниҳоясида бир гуруҳ ижодкорлар билан бирга уюшма комиссияси суҳбатидан ўтдик. Яқин орада аъзолик гувоҳномалари ҳам топширилса керак.

А.О.: Сизнингча, Ёзувчилар уюшмаси ўз вазифасини уддалаяптими, умуман унинг фаолияти қандай бўлиши керак? Улар ўзбек шоир ва ёзувчиларни халқаро майдонга олиб чиқишга қодир деб ўйлайсизми?

Н.И.: Ёзувчилар уюшмаси ислоҳ этилиши лозим, менимча. Ижобий ўзгаришлар бор, албатта, лекин камчиликлар ҳам йўқ эмас. Барчамиз уюшма фаолияти бўйича таклифларимизни тўплаб, тақдим этсак мақсадга мувофиқ бўларди. Масалан, менинг таклифим, “Биринчи китобим” лойиҳасида наср ва таржима китоблари сони кўпайтирилса, дейман. Вилоят уюшма бўлимлари ҳақда у ерда яшовчи ижодкор ёшлардан кўп эшитаман, “Биринчи китобим” ёки Зомин семинарига бориш адолатли сараланмайди, деб. Уюшма бўлимларига муносиб раҳбарлар тайинланиши керак. Тунов куни ёзувчи Санжар Турсунов бир таклиф айтганди, Тошкентда танилиб қолган, иқтидорли ёш ижодкорларни ўз вилояти уюшма бўлимларига раҳбар қилиб юборилса, ўзгариш бўларди деб. “Адиб ва жамият” рукнида чиқаётган китоблар ҳам қўлма-қўл бўлиб ўқиляпти, деёлмаймиз. Уларнинг таркибини ҳам ўзгартириш керак. Халқаро бўлим ёш ижодкорларнинг жаҳон адабий нашрларида чиқишига амалий иш қилганини кўрмадим, ҳозир ёшлар ўзи мустақил тарзда топиб, изланиб чиқишяпти. Адабий халқаро алоқалар суст, йилда бир марта конференциялар ўтказиш билан иш битмайди. Ўзбек ёзувчилари халқаро танловлардан кўпинча бехабар, ўзи топиб қатнашадиганлар эса саноқли. Кўп ёш таржимонлар замондош шоир ва ёзувчиларни ўзбек тилига ўгиряпти, бу уюшмадан ташқарида кечяпти. Лекин буларга гонорар тўлайдиган адабий нашр ёки сайт йўқ ҳисоби.

А.О.: Адабиётга оид мустақил лойиҳаларингиз борми, буни амалга ошириш учун ҳаракат қилганмисиз, ёки нима тўсқинлик қиляпти?

Н.И.: Ҳозирча ғоям фақат кўнгилда истак шаклида турибди. Нодирабегим.уз сайти жамоаси анча шаклланиб қолган, уларнинг меҳнатларига яраша гонорар бериш тизимини йўлга қўйиш, йилда бир марта уларнинг ҳикоялари, шеърлари, таржималарини алманах китоб қилиб чиқариш, сайтимизнинг халқаро ҳамкорлари билан, дейлик, 4 йилда бир марта Ўзбекистоннинг турли вилоятларида ижодий фестиваллар ўтказиш, ўз ижод фондимизга эга бўлиш, чекка ҳудудлардаги яшовчи истеъдодларни топиб, ижодини юзага чиқаришни истаймиз. Бу албатта моддий маблағга бориб тақалади. Мустақил ижодкорлар гилдиямизни очиш учун амалий ҳаракатларни фарзандларим улғайиб, оиладан етарли вақт орттира олганимдан сўнг, албатта, бошлайман. Менимча, тўсқинлик бўлмайди, лекин ҳомий топиш қийин бўлиши турган гап. Адабиётга ҳомийлик қилган бирор миллионерни эшитмаганман.

А.О.: Сиздан ташқари чет эл адабиётидан таржима қилаётган, халқаро алоқалар учун очилган яна қайси ёш ижодкорларни айта оласиз?

Н.И.: Кам бўлса-да, бор. Шерзод Ортиқов, Мирзоҳид Музаффар, Раҳмат Бобожон, Асрор Аллаёров, Шерзод Комил Халил, Шоҳрух Усмонов каби дўстларимизнинг ҳар бир халқаро алоқалар бўйича амалга оширган ишларини кузатиб бораман, кўпчилигини сайтда тақдим этаман. Уларнинг хорижда ижодкор ҳамкорлари кўп. Бирини Жанубий Америкада, бирини Туркияда, бирини Россияда тенгқур шоир ва носир дўстлари бор, улар билан ижтимоий тармоқларда танишишган. Фестивал ўтказилса, дунёнинг ҳар четидан таклиф қиладиган яхши ижодкорлар талайгина. Уларнинг адабий муҳити, ижоди менга ёқади. Ўзаро бирдамлик бор, чет эллик ижодкорлар билан дўстона муносабатда, ўз юртларига таклиф қилишади, кўплаб танловлар ўтказишади. Бизда эса шу нарсалар етишмайди.

А.О.:  Ижодкорлар бирор давлатда китобларини чиқаришдан олдин аввал ўларнинг ўзи ўша мамлакатга чиқсин, деб келаман. Сиз бунга қандай қарайсиз?

Н.И.: Албатта, қўшиламан. Мен ҳам китоб дўкондан янги асар ҳарид қилишдан олдин ўша муаллиф ижод ва ҳаёт йўли билан таниш бўлсам, аввал ҳикояларини ўқиган чиқсам, умуман ёзганлари ҳақда тасаввур бўлса, ҳарид қиламан. Чет элда китоби чиқди дегани ўша ерда уни қизиқиб ўқишяпти, дегани эмас. Аввал ўша ернинг адабий муҳитига кириши, ҳикоя ёки шеърлари билан босма ва онлайн журналларида яхши ўқилиши, аудитория тўплаши лозим. Агар хорижий китобхонлар ўртасида чиқарган китоби ҳеч қандай қизиқиш уйғотмаса, чоп этишдан нима фойда? Ҳаммаси босқичма босқич амалга оширилади. Шу тарзда халқаро ёзувчига айланиш мумкин.

А.О.: Ижодкорлар ўртасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш тенденциясини кўраётганим йўқ. Ёшлар, ўрта ёшлилар, катта ёшли ижодкорларни бирлаштириш мумкинми? Уларнинг орасида халқаро лойиҳалар ўтказиш ташаббуси билан чиққанлар борми?

Н.И.: Ижодкорлар ўртасида гуруҳбозлик борлиги рост. Адабий муҳитни ичига кирганим сари бир-бирини ёқтирмайдиган ижодкорлар кўплигини сездим. Тарафкашлик, маҳаллийчилик ҳам йўқмас. Бирлаштириб бўлмайди ҳаммани. Кўпчиликнинг истаги Ўзбекистон ичида машҳур бўлиш, ундан ташқарисига қизиқишмайди. Лекин мустақил фикрли ёшларнинг кўпайиб бораётганидан хурсандман. Аммо тил биладиганлари кам, шунинг учун халқаро лойиҳалар масаласи ҳам сустроқ. Тил ўрганиш учун ҳозир имкониятлар кўп, ўрганишлари ва ижодини жаҳонга танитишлари учун ўзлари ҳаракат қилишлари керак.

А.: Тошкентда яшайсиз. Ўзингиз ижодкор сифатида бизнинг “Чет эллик ёзувчи ва рассом Ўзбекистонда резиденцияда” халқаро  дастуримизга қизиқдингизми? Унинг асосий мақсади иқтидорли ёшларни руҳлантириш, ёрдам беришга қаратилган. Лекин унда ёш ижодкорлар кам, ҳеч бўлмаса қўллаб-қувватлаш, ёнимизда бўлиш, постларни улашиш мумкин эди.

Н.И.: Бошқаларни билмадиму, мендан уйдан чиқиш имкони кам. Тўққиз йилдан бери уйдаман, уч фарзандим бор. Ўта муҳим ишлар чиқиб қолса, кўчага чиқаман. Кўпинча таҳририятлар, нашриётларга бораман, тўпламлар тайёрлайман, бошқаларнинг ҳикояларини босма нашрларга бераман. Ўзим қизиққан, аммо бора олмайдиган кўплаб жойлар, табдирлар, кўргазмалар, курслар бор. Яқин орада болалар боғчага жойлашса, уйдалигим учун амалга ошмаётган лойиҳаларни амалга оширишни бошлайман, сизнинг резиденцияларингизда иштирок этиш учун ҳам вақт топаман, албатта. Яна бир нарса, ўзбек аёли бор вақтини ижодий ишларга ажрата олмайди. Рўзғор, оила, уй ишлари, сайт, таржима, сценарийлар, шахсий ижодим, каналим, нашриётлар билан ҳамкорлик, болалар тарбияси, саломатлик масалалари, магистратурадаги ўқишимдан ортиб яна кўплаб қилишим лозим ишлар қолиб кетаётганини биламан, аммо жисмонан улгурмайман. Лекин оила ташвишларидан холи бўлган талабалар учун нимадир ўрганишга имкониятлар жуда кўп, ҳаммасидан унумли фойдаланишларини тилайман.

А.О.: Ёзувчилар уюшмасига аъзо ва аъзо бўлмаганлар ўртасида бўлинишга қандай қарайсиз? Нима учун бўлиниш юз берган, нега бирлашиш ҳаракатини қилишмайди?

Н.И.: Фикрлар номутоносиблиги учун бўлиниш бор. Кимлардир исёнкор, кимлардир маддоҳ, кимлардир ҳақпарвар, кимлардир қўрқоқ; ижодкор шахсияти, характери турлича, шунинг учун ҳамма бир фикр атрофида бирлашишининг имкони йўқ. Адабиётга ҳамма ҳар хил нигоҳ билан қарайди, ҳамма ҳар хил мақсадда кириб келади. Мен ижодкорлар уюшмага аъзо ёки аъзомаслигига қараб баҳо бермайман, қаламига, фикрлаши, тафаккури, дунёқарашига кўра хулоса қиламан. Адабиётга таъма истаб, манфаат тилаб кирганлар бор, шунчаки кўнгил учун ёзадиганлар бор, оломонни уйғоқлиққа чорлаш учун қалам тутганлар бор. Сўз – кучли қурол, у мойли сатрлар ёзиши эмас, жамиятга кўзгу бўладиган иллатларни очиши, даволаши лозим. Фойдали заҳар сочадиганларни хурмат қиламан.

А.: Кўп мамлакатларда адабиёт ва санъат аллақачон мустақил бўлган. Сиз ҳам юртимизда адабиёт ва санъатнинг мустақил бўлишини қандай қабул қиласиз? Яъни, масалан, бу соҳани эркин ривожлантириш мақсадида махсус қонун қабул қилингач, филантроплар, жамғармалар, хусусий шахслар қўллаб-қувватлашини йўлга қўйилса (“қанча кўп хайрия қилса, шунча кам солиқ тўлайди” принципи бўйича), кичик бир халқаро адабий ё маданий тадбирни ўтказиш учун ҳам президент қарорини кутиб ўтирмай, мустақил равишда хилма-хил лойиҳаларни амалга оширилса…

Н.И.: Бизда адабиёт мустақил бўлиши нашриётларгаям боғлиқ. Масалан, Ёзувчилар уюшмаси ёшларни биринчи китобини чоп этади, агар чоп этмаса, қайси нашриёт бирор ёшни ҳикоялар ё шеърий тўпламини чиқаради? Танилмаган номларни улар чиқаришмайди. Нашриётларда моддий база етарли бўлса, янги номларни чиқаришга имкони етса, гонорар тўлолса, китоб дўконларида китобхонлар навбат кутиб китоб харид қилса, янги асарларга кўпроқ тақризлар ёзилса, ижодкор халқаро танловларга қатнашиш учун ойлигидан бемалол чет элга бориб келолса, бирор романни ёзиш учун уйда бир йил ўтиришига тўғри келса ва шунга яраша катта қалам ҳақи олса, сиз айтган мустақиллик вужудга келиши мумкин. Бунинг учун ёзувчи ҳеч нимага қарам бўлмаслиги керак. Лекин ҳали-вери бундай бўлмаса керак бизда. Бунинг учун нима қилиш керак, деган саволга жавобни билмайман.

А.О.: Инглиз тилидан ўзбек тилига таржималар қилгансиз. Ўзбек тилидан инглиз тилига ўгириб кўрганмисиз, бунга нимадир ҳалал берадими?

Н.И.: Ўгириб кўрмаганман деярли (драблларимдан ташқари). Қаттиқ ҳаракат қилиб, бунга киришсам бўлади. Лекин бунинг учун қалам ҳақи ким беради? Хорижий нашрларни нечтасида чиққан бўлсам, фақатгина “Камертон” журнали гонорар беряпти. Менга инглиз тилидан ўзбек тилига ўгирган асарларим китоб ҳолида чиқиб, оз бўлсада даромад келтирмоқда. Истаймизми-йўқми, даромадсиз оғир юмушлардан ўзимизни нари қиламиз. Ўзим инглиз тилида асар ёза олишга ҳали қодир эмасман.

А.О.: Қайси чет давлатларда бўлгансиз? Қаергадир ижодий сафарга чиқишга фақат моддий тараф сабабми? Қайси ижодий фестивалларга боришни, қайси мамлакат ижодкорлари билан учрашишни истардингиз?

Н.И.: Ўзбекистондан ташқарига чиқмаганман. Молиявий сабабдан бошқа тўсиқ йўқ. Ўзим саёҳатсеварман, имкон қадар қўшни вилоятларга оилавий саёҳатга борамиз. Европа мамлакатларига боришни орзу қиламан, албатта. Мободо бориш имкони туғилиб қолса ҳам, болаларимни ташлаб кета олмайман. Йиллар ўтгач балки орзулар амалга ошар. Уч йил аввал Швеция давлатида ўтказилган адабий танловда финалга чиққаним учун таклифнома келган, лекин шароит бўлмаган. Спортчилар, санъаткорлар чет элда танловларга боришлари учун давлат ҳомийлик қилади, лекин адабиёт соҳасида ундай эмас. Ким ҳам истамайди дейсиз ижодий фестивалларга боришни? Туркия, Россия, Мексика, Италия, Испания, Бразилия, Озарбайжон, Япония каби давлатлардаги адабий фестиваллар мени кўпроқ қизиқтиради. Ўзимизда ҳам халқаро фестивал уюштирилса, албатта ташкиллаштиришга ҳисса қўшаман.

Сизга ҳам омад ва саломатлик тилайман, Аъзам ака, айтганингиздек тарқоқлик ва қўрқоқлик иллатлари йўқотилса, имкон қадар бирлашолсак, адабиётни мустақиллаштириш учун илдам қадам босамиз, деб ўйлайман. Саволларингиз учун раҳмат.

А.О.: Раҳмат! Сиз ва ҳамфикр дўстларингиздан, ёш ижодкор йигит-қизлардан янада фаоллик ва албатта энг қизиқ адабий мавзуларни муҳокама қилиш ва тиқилиб ётган муаммоларимизга биргаликда энг яхши ечимларни топишда юзма-юз учрашувлар насиб этишини кутаман.