Ассалому алайкум!
Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари,
Тез орада ўқишни битирадиган ўғилларимни янгича Ўзбекистон ва учинчи Ренессанс пойдеворини қўяётганимизга ишонтиргим келяпти. Биласиз, инсоният тарихидаги Уйғониш даврларида шарқ-у ғарбда зиёлилар, хусусан, ёзувчи ва шоирлар, рассом, драматург ва таржимонлар илғорликни қўлдан бермаган, улар ҳамиша энг олдинги сафда бўлиб, жамият ривожида беқиёс роль ўйнаган.
Биз эса, ҳозир пойтахтда бир ёзувчи ё шоиримизнинг ихчамроқ уй-музейини ва ё қайсидир вилоят марказида замонавийроқ кутубхона ташкил этиш учун ҳам президент қарорини кутиб, усиз мустақил бир қадам ҳам олдинга силжий олмаётганимиз мени ниҳоятда хомуш этади. Замонавий Ўзбекистонда Сизнинг аралашувингиз ё имзоингизсиз бирор соҳада ўзларича тараққиёт сари ҳаракат бошлай олмаётганлари эриш туюлади менга.
Сиз ўтган ҳафта байрамолди нутқингизда Тошкент халқаро кинофестивалини қайтадан ташкил этишни таклиф этдингиз. Бу жуда яхши. Бироқ, бугун адабиёт ва санъатни дунёга танитиш ва тарғиботи ҳам ўта долзарб масаладир. Энди бу соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратишингиз лозим бўлиб қолди. Ҳазрат Навоий асарларининг энг оддий инглизча таржимони сифатида савол сўрашга ижозат этинг: Ўзбекистон халқаро адабиёт фестивалини қачон ўтказамиз? Тошкент ё Хива халқаро шеърият анжуманини-чи? Наманганни қачон ЮНЕСКО адабиёт шаҳарлари рўйхатига киритишади? Зоминда, Шаҳрисабзда, Бўстонлиқда, Чустда қачон халқаро ижод уйларини очамиз? Беқиёс катта-кичик шаҳар ва қишлоқларимизда қачондир халқаро ёзувчи ва рассомлар учун резиденцияларни жадал ишга туширамизми?
Икки йил аввал Сиздан халқаро ижод уйи қуриш учун митти бир жой сўраб хат ёзгандим. Туман ҳокимлиги “Сизга ўзи нимага керак бу нарса, бошингизни қотириб нима қиласиз?” деб шаштимдан қайтарганди ўшанда. Аммо иштиёқим сўнмади: ўнлаб волонтёр дўстларим ва оилам ёрдамида Ўзбекистонда илк бор мустақил “Халқаро ёзувчи ва рассом резиденцияда – UzLAB” дастурини муваффақиятли амалга оширишни тўхтатмадик.
Ўнлаб чет эллик ижодкор меҳмонларни 10 кундан 20 кунгача муддатда ўз хонадонларимизда қабул қилдик. Ўзбекнинг бағрикенглиги, меҳмондўстлиги оилапарварлиги баробарида бой тарихи, адабиёти, санъати ва маданияти билан таништирдик, асосан ўз ҳисобимиздан тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштирдик, марказ ва чекка ҳудудлардаги мактаб ўқувчилари, талабалар ва ижод аҳлини халқаро ижод оламига бир қадам яқинлаштирдик.
Ғарб-у шарқдан келган меҳмон шоир, ёзувчи ва рассомларнинг аксари биз энг буюк ва энг улуғ деб билувчи ҳазратимиз Алишер Навоий номини биринчи маротаба эшитаётгани юрагимни тилка-пора қилади. Улар танишишлари учун Навоий асарларининг ақалли дунёда энг кўп тарқалган инглиз тилига битта-яримта таржималарини зўрға топиб беролдик холос.
Агар Сизга Навоийни дунё яхши билади, дейишса, ишонманг! Камина АҚШнинг кўплаб штатлари, Европанинг катта-кичик давлатлари, шарқ ва туркий мамлакатларда ижодий сафарларда бўлдим; китоб дўконларида ва одамлар тилида Румий, Хайём, Ҳофиз борлигини кўрдим, аммо ҳануз Навоий йўқ! Адабий алоқалар, таржимачилик, адабий таржимонлар жуда орқада қолиб кетгани сабабли Ҳазратимизни туркий дунёдан тепароқққа кўтара олмаяпмиз, минг афсус!
Сиз ишонаётган Ёзувчилар уюшмаси ҳам, АОКА ҳам, Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва ё Туризм қўмитаси ҳам, неча ўн йиллардан буён биргина Навоийни дунёга танитолмаяпти. 700 га яқин аъзоси бор Ёзувчилар уюшмаси ичидан нафақат дунё таниган, балки ақалли собиқ шўро ва ё туркий дунёда севиб ўқилаётган атиги 7 нафар шоир ёки ёзувчини санай олмайсиз. Улар орасида чет элларга чиқиб, ўз сўзини баралла айта олганлари борми? Чет тилларини яхшироқ ўзлаштирганлари нечта? Адабиёт ва маданият элчилари, дипломатлар-чи? Бундай саволларга жавоблар қониқарли эмаслиги миллатимиз учун жуда катта фожиа эмасми?
Шу санаганим уюшма, агентлик ё қўмиталарнинг бирортасига халқаро адабий алоқаларни, ўзбек адабиётининг чет эллардаги тарғиботини, халқаро адабий ва маданий алмашувни устувор вазифа деб юклатилмаган, шу боис ҳадеб уларни айблаш ҳам инсофдан эмасдир. Ваҳоланки, уларда бу ишларнинг уддасидан чиқадиган жамоанинг ўзи йўқ.
Фикримча, миллат, Ватан адабиёти, санъати ва маданиятини дунё саҳналарига олиб чиқишга энг муҳим ва биринчи вазифа деб қаровчи алоҳида мустақил халқаро ташкилот тузилиши Ўзбекистон довруғи ва имижини кўтарган бўлур эди. Айни пайтда бизга шундай ташкилот керак-ку! Лутфий, Навоий, Бобур, Машраб, Муқимий, Фурқат, Нодира каби мумтозларимиз, Чўлпон, Қодирий, Фитрат, Ибрат каби жадидларимиз, Ойбек, Қаҳҳор, Э.Воҳидов, Ш.Холмирзаев, А.Орипов, Т.Малик, М.Юсуф, Ҳ.Худойбердиева сингари буюкларимиз фақат ўзимизда буюклигича қолаверадими ё?
Бир чет эллик таржимон кўксига “Дўстлик” ордени тақаётганимизда адабиётимиз учун ундан кам хизмат қилмаган, масалан, британиялик Кэрол Ермаковани (“Ўтган кунлар” таржимони, Э. Аъзам роман ва ҳикоялари муҳаррири), польшалик Януш Кржизовскийни (Навоий ва Бобур асарлари таржимони), болгариялик Мария Филиповани (Ўзбекистонга бағишлаб махсус китоб ёзган ёзувчи ва таржимон), канадалик Гэри Дикни (“Лисонут-тайр” таржимони), япониялик Мори Кэйни (Навоий ғазаллари таржимони), америкалик Эби Бриттонни (муҳаррир), Денни Дейли ва бошқаларни нега унутиб қўймоқдамиз? Миллатимиз ва адабиёимизни холис тарғиб қилишда наҳотки уларга тигак бўлолмаймиз, ҳеч йўқ раҳмат айтиб, ҳорманг, деб қўёлмаймиз?
Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари,
Бугун мен Сиздан яна чет элик ижодкорлар яшаши, илғор фикр ва тажриба билан ўртоқлашиши, таржимага ёрдамлашиши учун Халқаро ижод уйи барпо этишга жой ва ёки Ёзувчилар уюшмасига берилган имтиёзли квартиралардан бирини сўрамайман.
Сиздан адабиёт ва санъатимиз учун мустақиллик ва эркинлик беришингизни илтимос қиламан. Илтимос, ўзбек адабиёти ва санъатини мустақил тараққиёт ўзанига тушиб олиши учун йўл очиб беринг! Бу борада халқаро андозадаги узоқни кўзланган тегишли қонунлар ишлаб чиқилса, нур устига нур бўлур эди.
Ўзи оёққа туриб кетгунга қадар, Сиздан ўзбек адабиёти ва санъатини халқаро доирага олиб чиқишга бел боғлаган жиддий, мустақил катта-кичик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашингизни сўрайман. Жаҳон илғор тажрибаси билан яқиндан таниш ижодкор сифатида айтишим мумкинки, шаффоф тизимли мустақил адабий ва маданий ташаббуслар ва ташаббускорлар Ватанимиз адабиёти ва санъатини жаҳон билан илдамроқ бўйлатишига ва кенг тарғиб қилишига кўзим етади. Токай адабиётимиз ва санъатимизни ривожлантириш мақсадида оддий бир уй-музей очиш, ихчамроқ халқаро ёзувчилар конгресси, шеърият фестивали, халқаро рассомлар кўргазмаси ва ё адабий илмий конференция ўтказиш учун ҳам Сизни безовта қиламиз? Шунинг учун ҳам махсус қарор имзолашингизни кутиб ўтирмасак яхшийди.
Камина ўтган ҳафта она шаҳрим Наманганга бориб, ота-онам, яқинларим, устоз ва дўстларимни зиёрат қилиб қайтдим. Улар чет эллик ижодкор меҳмонлар яна қачон келади, тезроқ олиб келинг, учрашув, мулоқот ва меҳмондорчиликни соғиндик, қураётган уйларимизнинг тўри уларники, деб сўрашди. Юртимизга келиб, ушбу дастуримизда иштирок этишни истаган хорижлик ижодкорлар сони тобора ортиб бормоқда, насиб этса, йўллар очилиши билан яна ижодий алмашувни бошлаймиз, дедим. Отам – оддий дурадгор-муаллим, адабиёт ва санъатни севадилар. Улар камина инглизчага ўгирган Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” китобини 100 йиллиги муносабати билан ўзим ўқиган 7-мактаб жамоасига ҳадя этсаммикин, деб турган эканлар.
Мен, илтимос, шу китобни давлатимиз раҳбарига совға қилинг, дедим. Бу нодир китоб ҳали Президентимизга етиб бормаган, у киши жуда кўп чет эллик дипломатлар, ижодкорлар билан тез-тез кўришадилар, ана ўшаларга кўрсатадилар. Навоийимиз чет тилларига таржима бўляпти, хорижликлар ҳам уни ўқишлари ва билишлари ўзларига фойда, мана, кўринг, деб фахрлансинлар, дедим. Қолаверса, бу китоб чет элда чиққан, ҳали бундай китоб Ўзбекистонда ҳеч босилган эмас, хусусан, Навоийнинг бундай йирик асари таржимаси инглизчада биринчи бор дунё юзини кўриши. Хуллас, китобни Сизга албатта етказадиган бўлдик.
Президент Жаноби Олийлари,
Шукурки, илғор ташаббусларни амалга ошириш учун мардонавор олға босаётган юртдошларимиз оз эмас. Камина ҳам ўзим билган соҳани ривожлантиришни чин дилдан истаганим учун яна бир бор Сизга мурожаат қилишни лозим топдим. Сизга мустаҳкам соғлик ва баракали ҳаёт тилайман.
Эҳтиром ила,
Аъзам Обид,
Шоир, таржимон, адабиёт ва санъат тарғиботчиси
Аъзам ОБИД 1974 йилда туғилган. “Йўлимни пойлайди мўъжиза”, “Муҳаббат оқавер томирларимда”, “Соғинтириб кетгум қадамларимни” каби ўнлаб бадиий ва таржима китоблари нашр этилган, асарлари 20 дан ортиқ дунё тилларига таржима қилинган. Ўзбек шеърияти ва насридан инглиз тилига қилган таржималари Буюк Британия, Ҳиндистон, Германия, Франция, АҚШда китоб ҳолида, чет эллардаги қатор онлайн, босма газета ва журналларда босилган. Яқинда Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достони инглиз тилидаги илк таржимасини нашр этди. Инглиз, рус, турк, француз, немис, араб, испан тилларини ўрганган. АҚШдаги Айова, Германиядаги Берлин адабиёт коллоквиуми “Халқаро ёзувчи резиденцияда” дастури, Швециядаги Биринчи халқаро таржимон ва адиблар конгресси, шунингдек, Европа, Осиё ва Америка қитъасида жойлашган ўнлаб мамлакатлардаги адабиёт, шеърият ва маданият фестиваллари фаол иштирокчиси. Бутунжаҳон шоирлар ҳаракатининг Ўзбекистондаги координатори. Ўзбекистонда илк бор “Халқаро Ёзувчи ва рассом резиденцияда” ижодий туризм лойиҳаси ташаббускори. Ўзбек ва инглиз тилларида ижод қилади. Оилали, 3 нафар фарзанди бор. Китоблари, мустақил адабий, маданий лойиҳалари билан мана бу сайтда батафсил танишиш мумкин: www.azamabidov.uz