АҚШда улуғ мутафаккир Алишер Навоий ғазаллари ва шоира Турсуной Содиқованинг «Навоий гулшани» рисоласи жамланган «Without You» («Сенсиз») деб номланган китоб нашр қилинди. Аризона штатида жойлашган «Jasmaya Productions and Publications» нашриётида чоп этилган тўпламни таниқли шоир ва мутаржим Аъзам Обид таржима қилган ҳамда нашрга тайёрлаган. Ушбу лойиҳа ҳазрат Навоий таваллудининг 580 йиллигига совға ўлароқ дунёга келди дейиш мумкин.
«Биз Навоийни нафақат инглиз дунёсига, балки Ер куррасидаги юз миллионлаб бошқа халқларга ҳам таништириш йўлида жуда кам иш қилдик. Мен адабиётимизни чет тилларига таржима қилиш ва хорижда тарғиб этишга масъул бўлган Ўзбекистонда фаолият юритувчи ҳукумат қўлловидаги бирорта ташкилот ё уюшма аъзоси эмасман, яъни бундай ишларни мустақил ва кўнгилли равишда амалга оширмоқдаман. Истагим шуки, Алишер Навоий номини кўтариб юрган ва бошқа барча масъул муассасалар, катта-кичик даргоҳлар тезроқ уйғонсин ва жиддийроқ халқаро лойиҳалар билан ҳам шуғуллансин», – дейди таржимон Аъзам Обид.
Тўплам мутафаккир шоирнинг 14 та нодир ғазали ҳамда маънавият тарғиботчиси Турсуной Содиқованинг бошқа қатор ғазалларга битган шарҳларидан таркиб топган. Китоб қўлигул рассомлар Шавкат Музаффар ва Ҳусан Содиқовнинг гўзал ижодий ишлари билан безатилган.
Китоб ҳозирда «Амазон» онлайн тармоғида ҳам мавжуд.
«Мен Алишер Навоий асарлари инглиз тилига жудаям кам ўгирилганидан хабар топгач, ҳайрон қолдим, ҳатто бундан хафа ҳам бўлдим. Агар каминага яна бир бор яшаш имкони берилганида борми, бутун ҳаётимни чиғатой-туркий ва унга яқин тилларда ёзилган нодир асарлар таржимасига бағишлаган бўлардим», – дейди ушбу китобга муҳаррирлик қилган Эбигейл Бриттон.
Қайд этиш жоизки, ушбу китоб таржимони Аъзам Обид шу кунгача ўзбек адабиёти, хусусан, Навоийни дунёга танитиш учун талай хайрли лойиҳаларга қўл урди. Масалан, 2004 йили у АҚШдаги Айова шаҳри театрида америкалик актриса билан бирга Навоий сиймосини саҳнага олиб чиқди. 2011 йили биринчи боби Навоийга бағишланган «Қуш тили» номли етти тилдаги халқаро шеърият манзумасини (антология) нашр эттирди, 2018 йили эса «Фарҳод ва Ширин» достонини хорижда инглиз тилида чиқарди. Шунингдек, у «Навоий» бадиий фильмини ўзбек тилидан инглизчага ўгирди.
А.Обид хорижлик адиб, шоир ва таржимонлар Януш Кржизовский, Гэри Дик, Мария Филипова, Мори Кэй, Лаура Уиттон ва кўплаб бошқа дўстларига ҳазрат Навоийни Польша, Канада, Болгария, Япония, АҚШ ва бошқа мамлакатларда таништиришга кўмаклашди.
Ўзбек адабиёти, маданияти ва санъатини чет мамлакатларда тарғиб этиш учун Аъзам Обид дунёнинг турли бурчакларидаги ватандошлар ёрдамида Навоий институтини очишни орзу қилади. У Ўзбекистонда йиллик халқаро шеърият фестивали бошлашни ҳам режалаштирмоқда. Бу йил у ўз мустақил ташаббуси ҳисобланган «Чет эллик ёзувчи ва рассом Ўзбекистонда резиденцияда» (UzLAB) ижодий туризм дастурини давом эттириш ниятида. У Тошкентдаги маҳаллалардан бирида чет эллик ижодкорларнинг яшаши ва бошқа илғор адабий-маданий лойиҳалар қаторида ўзбек адабиётининг энг яхши намуналарини, жумладан, Алишер Навоий асарларини дунё тилларига таржима қилиши кўзда тутилган мустақил «Халқаро ижод уйи»ни очишда мамлакат масъуллари, халқаро донорлар ва волонтёрларни кўмакка чорлайди.
Аввал хабар берганимиздек, Аъзам Обид томонидан таъсис этилган Uzbekistan’s Literature and Art Bridge (Ўзбекистонни дунё адабиёти ва санъати билан боғловчи кўприк) дастурида 2019 йили АҚШ, Австралия, Япония, Дания, Испания, Болгария, Исроил, Бангладеш, Қирғизистон ҳамда Қозоғистондан келган ёзувчи, рассом ва маданият ходимлари иштирок этган эди.
2018 йил октябрь ойида тажриба сифатида илк бор жорий этилган UzLAB дастури мушоира ва бадиий ўқиш кечалари, қисқа муддатли чет тили курслари, давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар, кутубхона, адабиёт ва уй-музейларига ташриф, шунингдек, юртимизнинг тарихий шаҳарлари ва зиёратгоҳларига саёҳатни ўз ичига олади.
Аввалроқ адабиёт фидойиси Аъзам Обид UzLAB дастури доирасида Нобель мукофоти соҳиби бўлган ижодкорлар – Ўрхон Помуқ, Ҳерта Мюллер ва Мо Янни юртимизга таклиф қилгани ҳақида хабар берган эдик.