“Ё Аллоҳ, битта ижрочи директор, битта мутахассис ва ҳисобчи билан Навоийни дунёга бериб бўларканми?
Таржимони, адабий агенти, адабиий лойиҳалар координатори мавжуд бўлмаган, халқаро адабий муносабатларни йўлга қўйишга ҳафсаласи йўқлар-у ақалли бир фоизгина ижодкори бирор хорижий тилни ўрганишга астойдил киришмаётган, ҳатто ўзини дунёга олиб чиқиб билмаётган ижодкорлар билан Навоийни қандай қилиб дунёга танитиш мумкин?
Бирор жиддийроқ халқаро тадбир ўтказиш учун ойлаб Вазирлар маҳкамаси, президент қарорини кутиб ўтирадиган ташкилотлар билан бирор нарса қилиб бўлармикин?
Бир дона бўлсин йиллик халқаро шеърият фестивали, биттагина халқаро ёзувчилар фестивали, бир дона халқаро ижод уйи, икки дона халқаро резиденция дастури (ҳар тугул бир дона бўлса ҳам ўзимизининг мустақил, бюджетдан бир тийин ҳам олмайдиган, волонтёрликка асосланган резиденция дастуримиз мавжуд!) йўқ мамлакатда Навоийни оламга тарғиб қилиб бўларканми?
Чет элларда Навоий институти бўлмаган, хорижликларни таржимага қизиқтира олмаган, халқаро алоқаларга очилмаган халқ ижодкорлари билан Навоийни жаҳонга кўрсатиб бўлармиди?
Ҳеч йўқ Ойбекнинг камида 20 та чет тилига ўгирилган “Навоий” романини қайта нашр этиб, “тайёр маҳсулот”ни жаҳон бозорига олиб чиқишни билмаётган ижод аҳли билан Навоийни дунёга донғини таратиб бўларканми?
Энг муҳими, мулоқотга очилмаган, юзма-юз учрашувдан қочган, ўзи қилиши вазифа этиб юклатилган энг долзарб ташаббусларни “бошингизни оғритиб нима қиласиз?” дея игнор қилаётган, адабиёт, санъат ва маданият эркин бўлсагина ривожланишини умуман тушунишга ақли етмаётган, бу борада тегишли қонунлар ишлаб чиқмаётган давлат ҳокимияти органлари, агентликлар, уюшмалар билан Навоий шуҳратини олам ичра пайдо, жаҳон аҳлин унга шайдо эта олармиканмиз, эй Худо!” деб турган пайтим.