Шу йил январь ойида Президент Мирзиёевга расмий портал орқали мурожаат йўллаб, ўзбек адабиёти ва санъатини мустақил ривожланиши учун йўл очиб беришни сўрагандим. Хатимга ҳукуматга қарашли кўплаб муассасалардан жавоб хати олдим. Аксар ташкилот ходимлари қўнғироқ қилиб, камина билан самимий суҳбатлашишди. “Бу ишлар бизнинг ваколатимизга кирмайди” ва ё “бизга бунинг нима алоқаси бор?” деганлар ҳам, умумий қилиб, “ҳамкорликка тайёрмиз”, деганлар ҳам бўлди.
Бирор ташкилот адабиёт ва санъатга мустақиллик бериш нима дегани ўзи, фалон куни келинг, бафуржа юзма-юз гаплашамиз, таклифларингизни эшитамиз, дея дангал мулоқотга очилмаган бўлса ҳам, Чуст туман ҳокими ўринбосари Зуҳриддин Бойбоев, Наманган шаҳар ҳокимлиги вакили Тоҳиржон исмли йигит лойиҳаларимга астойдил қизиққандай бўлди. Улар, қачондир Наманганга йўлим тушса, кўришиш истагини ҳам билдирди.
Аллоҳ насиб этса, бу ҳафта Наманганга бориб, Чустда Чустий домланинг дала ҳовлиларини халқаро ижод уйига айлантириш, Наманган шаҳрини ЮНЕСКО адабиёт шаҳарлари рўйхатига киритиш, Наманганда Ўзбекистонда илк бор Халқаро шеърият фестивали, Халқаро ёзувчи ва рассомлар фестивалини ўтказиш, бу тадбирларни ҳар йили мунтазам ўтказилувчи йиллик йирик халқаро анжуманларга айлантириш бўйича ўз таклифларимни киритиб, тақдимотлар қилиб, бу ишларни тезлаштириш имкониятини суҳбатлашаман.
Қуйида Президентга йўллаган хатимга турли муассасаларнинг жавоблари билан танишиш мумкин: