Ўзбек ижодкорларига мактуб

Ҳаракатчан ижодкор дўстим,
Чет эллардаги онлайн ва босма газета, журнал, альманахларда асарингиз чиқаётганидан чин дилдан хурсанд бўламан. Баъзиларимизнинг Америка, Туркия, Россия, Осиё ва Европада ҳам китобларимиз чоп этиляпти, Аллоҳ муборак қилсин!
Энди бу дастлабки енгилроқ босқичдан сал тепароққа кўтарилсангиз қандоқ бўларкин?
Тўғриси, мен учун китоб чиқариш жуда осон ишга ўхшайди: Ўзбекистондаям, хориждаям. Аммо, бир-иккита халқаро антология ва таржима китобларни ҳисобга олмаса, ўзимнинг асарларимни босмахонага топширишни ҳечам биринчи ўринга қўймадим. Ҳамма ишим ва лойиҳаларим асосан www.azamabidov.uz сайтида.
Каминага кўпроқ, масалан, ёнимдан пул чиқариб, Навоий ва бошқа буюкларимиз асарларини хорижда чоп эттириш муҳимроқ туюлади. Аслида, истасам, Африкадан тортиб Австралиягача, Ҳиндистондан то Колумбиягача, хоҳлаган еримда ўз китобимни чиқаришим мумкин. Сизникиниям чиқариб бера оламан! Албатта, бунинг учун кўп ҳолларда озми-кўпми маблағ сарфлашга тўғри келади (хорижлик нашриётнинг ўзи танлаб оладиган, гонорар берадиган ўринлар ҳам йўқ эмас). Дунё бўйлаб юзлаб ёзувчи, шоир, ношир дўстларим кўприк вазифасини ўтагани учун хизмат ҳақи олмаса ҳам, ҳеч йўқ қоғоз харажати, муҳаррир ва дизайнер учун ҳақ тўлаш керак бўлади. Бу ўринда таржима ҳақида гапирмадим, чунки каминанинг бевосита инглиз тилида ёзган ҳам бир неча китобга жамлагулик ўнлаб чет тилларидаги шеър ва ҳикоялари тайёр турибди. Бироқ…
Чет элда китоб чиқариб қўйиш билан иш тўхтайдими? Уни кимдирам ўқирмикин? Ё миллион-миллион китоблар қўйилган Амазон онлайн тармоғида ҳали номини ҳеч ким эшитмаган, эшитган бўлса, ўзини ҳали халқаро давраларда бирон марта кўрилмаган ёзувчимиз ё шоиримизнинг китобини кимдирам қизиқиб сотиб оладими? Йўқ, албатта.
Шу кунларда менга кўпроқ хорижий тилларни яхши ўзлаштираётган баъзи ёш ижодкор дўстларимнинг чет элликлар билан ҳамкорликка очилгани жуда маъқул бўлмоқда. Куни-кеча Шоҳруҳ Усмонов Жон Фарндон ва Филип Нубель билан биргаликда Навоий ҳақида каттагина мақола ва ё Жонтемир билан Тилланисо шеърларини халқаро журналларда чоп эттирди. Мана бу яхши ва тўғри иш!
Лекин мен учун Жонтемирлар ва Тилланисоларнинг ўзлари инглиз тилини пухта ўрганишлари аъло ишдай кўринадур. Шоҳруҳлар ёрдами ва олдинга суришини кутмасдан, ғайрат қилиб халқаро майдонга йўл очишлари ўзлари учун кони фойда, ана шуни тезроқ англаб етилса, аъло ишнинг бошида бўлинади, валлоҳу аълам.
Яна бир мисол: кеча истеъдодли ёзувчи Маъмура Зоҳиднинг китоби Америкадан қўлига етиб келгани хабарига кўзим тушди. Энди ёзувчимизнинг ўзи тезроқ Америкага, инглиззабон мамлакатларга чиқишни, китоби ҳақида ўқувчилар билан суҳбатлашишни ўйлаши лозим, йўқса, шунча ҳаракати (ва балки харажати) изсиз кетади.
Бу борада “Китоб дунёси” газетаси ва бош муҳаррири Хосият Рустамнинг ҳам ютуқлари бисёр. Хосият опани бу йил кузда жуда катта ижодий саёҳат кутмоқда, бунинг учун у кучини кўпроқ инглиз тилини яхшилаб ўзлаштиришга йўналтириши ўта муҳим.
Фақат унинг газетасида чет эллик шоир ва ёзувчиларнинг таржима асарлари қаторида ўзбек адабиётини хорижга етказиш муаммолари, йиллардан буён бир жойда депсиниб ётганимиз, халқаро илғор адабий лойиҳалар ва ташаббуслар, адабиёт ва санъат мустақиллиги ҳақида кескин, таҳлилий, танқидий мақолалар ҳам ўрин олса қандоқ бўларкин? “Ўзбек адабиёти чет элда”, “Танқидчи билан интервью”, “Адабиётимизни қандай ривожлантирамиз?” “Адибимиз/шоиримизнинг чет эл саёҳати”, “Ижодкорлар учун халқаро дастурлар”, “Ижодкорлар учун грантлар”, “Қандай қилиб чет элда китоб чиқариш мумкин?”, “Адабий агентликлар тарихи”, “UzLAB”да нима янгиликлар?” каби янги, замонамиз ижодкор ва ўқувчилари учун ўта зарур рубрикаларни очса қандоқ бўларкин? Албатта, буларни ким ҳам ёзарди, деган савол ҳам бор…
Ва ё, хазина мисол устозлар Жамол Камол, Иброҳим Ҳаққул, Карим Баҳри, Нуруллоҳ Рауфхон кабилар билан зўр, очиқ суҳбатлар қила оладиган адабий журналистлар, қанисиз? Жамол акани телевидениега олиб чиқишга тақиқ қўйилган эса, шундай мустақил газеталарга олиб чиқиш, интервьюлар қилиш мумкинмасми?
Эътибор беринг: Жамол ака таржима қилган Мавлоно «Маснавийи маънавий»сининг 6 китобини ўзбек тилида Туркияда турклар нашр этишди. Шайх Низомий Ганжавий “Хамса”си 6 китобдан иборат, Бокуда озарбайжонликлар ўзбек тилида чоп қилишди. Ўзбеклар, Ўзбекистоннинг ўзи ўзбек тилига ўгирилган мумтоз асарлар ҳақида нимадир қиляптими? Албатта, чет тилларига ўгирилган асарлар борасидаям ҳеч нарса қилмаяпти. Жамол Камол домла Бедилнинг икки китобдан иборат “Ирфон” асари таржимасини ҳам тайёр қилиб қўйибдилар. Ўзбекистондаги нашриётлар, қанисиз?
Хуллас, мен Ўзбекистонда тезроқ “илғор, ҳақиқий замонавий ижодкор” шаклланиши тарафдориман. Бундай ижодкор тоза истеъдодли бўлиш билан бирга камида иккита хорижий тилни эркин сўзлашиш даражасида ўрганган бўлиши мақсадга мувофиқ, бирор мусиқий асбобда куй ва қўшиқ ижро эта олса, янада яхши!
“Фалон жойда китобим босилди, фалон журналда шеърим ва ҳикоям чиқди”, деган хабарлар ўрнида “фалон мамлакатда ўтган фестивалда, адабий анжуманда, ва ё хеч йўқ онлайн форумда инглиз, француз, немис, корейс ва ҳоказо тилда сўзга чиқиб, адабиётимиз, ўз ижодим ҳақида тўлқинланиб гапириб бердим, шеърларимни хорижий тилларда жаранглатдим!”, деган хабарларни кўрган кунларимда мен сиз биланман, ижодкор дўстим! Кимдирам каминага қулоқ солиб кам бўлибдими?