Навоийнинг польшалик таржимони

Польша пойтахти Варшавада яшаб ижод қилувчи Януш Крзизовский билан виртуал танишувимиз ўтган йили юз берганди. У камина ҳақида Алишер Навоий ва ўзбек адабиёти тарғиботига қаратилган www.navoigarden.com сайти ва Интернетдаги мақолалар ва таржималар орқали хабар топган, электрон почтамга хабар ёзиб, дўстона адабий ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи билан чиққанди.

Даставвал, жаноб Януш Крзизовский ҳақида қисқача сўз:

1939 йили Польшанинг Лодз шаҳрида таваллуд топган Януш Крзизовский Тиббиёт академияси ва Варшава университетида таҳсил олган. Ерни ўрганиш бўйича Польша илмий жамиятининг аъзоси. Шарқ халқлари тарихи ва маданиятига катта қизиқиш билан қарайди. Кўплаб шарқ мамлакатларига саёҳат қилган ва қатор китоблар ёзган.

Януш Крзизовский билан ҳамкорликда амалга оширган биринчи ишимиз унинг рус тилида нашр этилган Алишер Навоийнинг “Сокровищница мыслей” (“Хазойинул- маоний”) китобидан поляк тилига таржима қилган қатор ғазалларнинг ўзбекча муқобилини топиш ва уни лотин ёзувига ўгиришдан иборат бўлди. Кейинчалик, Янушнинг айрим таржималари Тошкентда яқинда нашр этилган “Қуш тили” (The Language of the Birds) халқаро шеърий антологиясига киритилди. Биз у кишини шу йил сентябрь ойи охирларида Алишер Навоий таваллудига бағишлаб Тошкентда ўтказилган халқаро анжуманга таклиф қилиш ҳамда уни ўзбек ўқувчилари ва адабий доираларга таништиришни истаган, у билан юзма-юз кўришиб, суҳбатлашмоқни орзу қилган эдик, афсуски, баъзи расмиятчиликлар бунга имкон бермади. Ўйлаймизки, келгусида ҳазрат Навоийни польшаликларга таништиришда жонбозлик қилаётган бу меҳнатсевар инсонни юртимизга таклиф этиш шарафига эга бўламиз. Қуйида поляк таржимони билан унинг шарқ адабиётидан қилган таржималари ва ҳамкорлик борасидаги таклифлари борасида қилганимиз қисқача суҳбат билан танишасиз.

 

А. О.: Муҳтарам Януш Крзизовский, марҳамат қилиб айтинг-чи, ҳазрат Навоийни ўз она тилингиз бўлмиш поляк тилига таржима қилиш ғояси сизда қандай пайдо бўлди?

Я.К.: Мен 1989 йили Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди билан қизиқиб қолганман, ўшанда ўзбек шеъриятига бағишланган поляк тилида чоп этилган антология қўлимга тушиб қолганди. Унда Бобур ғазаллари билан бирга Алишер Навоий ижодидан ҳам намуналар киритилган эди. Навоий ғазаллари билан биринчи марта ўша пайтлар танишганман. Варшава Университетида фалсафа фани бўйича илмий иш олиб борган йилларимда Ҳиндистоннинг қадим маданияти мени ўзига ром этган. Кейинчалик, мен форс тилида яратилган бадиий адабиётни ўргана бошладим, Умар Ҳайём, Жалолиддин Румий , Ҳофиз ғазалларини поляк тилига таржима қилдим. Шарқ мени чин маънода ўзига мафтун қилган, ер куррасининг шу қисмида жойлашган мамлакатларга сайру саёҳатга чиқиш жону дилим. Бир гал Уйғуристонга ҳам сафар қилдим, бу эса ўз навбатида  Марказий Осиёга қизиқишимни орттирди. 2009 йили Ўзбекистонга ҳам ташриф буюриб, унинг диққатга сазовор жойлари, қадимий ва бетакрор маданияти билан танишдим. Сафар асносида мамлакатингиздан жуда яхши китобларни, жумладан, Навоий асарларини сотиб олиб, ўз юртимга унутилмас таассуротлар билан қайтганман. Яқин ўтган йиллар давомида Варшавада яшовчи ҳинд шоири Сурендер Бутҳани билан ҳамкорликда унинг ғазал ва рубоийларини, шунингдек, урду тилида ижод қилувчи бошқа бир қанча классик ва замонавий шоирларнинг асарларини поляк тилига ўгирдим.

А.О.: Ўзбекистонлик адабиёт ихлосмандларига поляк мумтоз адабиётининг кўзга кўринган вакиллари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

Я.К.: Бу саволингизга бир оғиз гап билан жавоб бериб бўлмайди, албатта. Ўтмишда поляк халқининг ўзига яраша жуда кўп машҳур ёзувчи ва шиорлари яшаб ижод этган. Хусусан, мен бу ўринда Алишер Навоийга замондош бўлган буюк поляк шоири Миколай Рейни (1505-1569) айтиб ўтмоқчиман. У поляк миллий тилида ижод қилган. Ўша пайтлар Миколай Рей “поляклар асло ғоз эмас, уларнинг ўз она тили мавжуд”, дея поляк тилида асарлар битган.

А.О.: Ғазал шарқ мумтоз адабиётида бошқа шеърий жанрларга қараганда бирмунча мураккаб экани билан ажралиб туради. Сиз Навоий ёки бошқа шарқ сўз усталарининг ғазалларини таржима қилганда, уларга хос ўйноқилик, шакл, қофия, радиф каби муҳим шеърий унсурларни сақлаб қололдим, деб айта оласизми?

Я.К.: Ғазал ҳалигача шарқ шеъриятида кенг тарқалган жанр ҳисобланади. Европада Гарсиа Лорка ғазал ёзишни бошлаб берган, аммо Испанияда араб маданияти 700 йилга яқин вақт мобайнида ҳукм сурганини ҳисобга олсак, у қайсидир маънода шарқ маданиятини намоён қилгандай таассурот уйғотади. Иккинчи жаҳон уруши даврида польшалик бир шоира рубоийлар ёзганидан хабарим бор. Таржимага келсак, мен иложи борича ғазалдаги баҳр, матлаъ, мақтаъ, қофия ва радиф кабиларни савлаб қолишга уринаман, аммо икки тилнинг ўзига хос хусусиятлари мавжудлиги сабабли бунинг иложи ҳар доим ҳам бўлавермайди. Баъзан ғазал поляк адабиётидаги шеър кўринишига кириб қолиши мумкин. Поляк тилидаги шеърлар асосан 13 бўғиндан иборат. 1989 йили Навоийнинг баъзи ғазалларини Тадеуш Милевский поляк тилига таржима қилиб, махсус баёзга киритган, бироқ унинг таржимаси ҳозирги замон ўқувчиси учун бир оз мураккаб ёки ғализдек туюлади. 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида поляк тилида сезиларли ўзгаришлар юр берди, ҳозирги замон ўқувчиси ўзгача шакл ва бошқача сўзларни қўллай бошлади. Камина поляк тилига таржима қилган асарлар ўқувчиларга манзур бўлади, деб умид қиламан.

А.О.: Шарқ халқлари маданияти ва шеърияти билан қизиқиш баробарида ўзингиз ҳам бадиий ижод билан шуғулланиб турасизми?

Я.К.: Йўқ, аммо Худо мени бошқаларнинг ижодига ошно этганидан жуда хурсандман.

А.О.: Сиз Навоий ғазалларини поляк тилига қайси тилдан таржима қилгансиз? Қадимги турк ёки чиғатой тилидан хабарингиз борми? Навоийни аслиятда ўқиганмисиз?

Я.К.: Мен Навой ғазалларини уларнинг русча таржимасидан полякчага ўгирганман. Навоийни аслиятда ўқиш, қадим турк тилини ўрганиш орзуимдир.

А.О.: Навоий ғазалларини ўқиб, таржима қилар экансиз, сизнинг эътиборингизни нима кўпроқ тортади?

Я.К.: Аввал айтиб ўтганимдек, менинг форс ва урду шеъриятидан озми-кўпми хабарим бор. Умуман, шарқ шеъриятидаги мусиқийлик мени ҳар доим ўзига ром этади. Форс дўстларимнинг аксарияти мусиқашунос. Қолаверса, мен ҳинд мусиқаси ҳақида асар битганман. Бироқ, Навоийни ўқиш ва таржима қилиш мен учун ўзгача бир дунёга киришдай гап, буни тасвирлаб бериш осонмас, ўзимни гўё Шалимар боғларида сайр қилиб юргандай ҳис қиламан. Ўхшаш дарахтлар, гулу чаманлар, ажиб ифорлар… лекин гўзалликнинг ўзгача рангини дилдан ҳис этаман доим.

А.О.: Навоий шеърияти билан яхшигина таниш эканингиз мени фахрга тўлдиради. Унинг яна қандай асарларини мутолаа қилгансиз?

Я.К.: Айни пайтда мен Алишер Навоийнинг “Лисон-ут тайр”, яъни “Қуш тили” асарини инглиз тилида ўқияпман.

А.О.: Сизнинг фикрингизча, адабий асарларнинг дунё халқлари орасида кенг тарқалишида таржима қанчалик аҳамитяга эга?

Я.К.: Назаримда, жаҳон санъати, маданияти ва адабиёти – бунинг бари инсониятга бирдай тегишлидир. Биз дунё халқлари меросини тан олишимиз, улар билан яқиндан танишишимиз, шу орқали руҳий ва маънавий бойлигимизни ошириб бормоғимиз лозим, зеро маънавияти юксак инсон бузғунчилик, зулм ва ғафлат ботқоғига асло яқин йўламаслигига ишончим комил. Шу маънода халқларни ўзаро бир-бирига таништириш ва яқинлаштиришда таржиманинг ўрни беқиёсдир, деб айта оламан.

А.О.: Европада, хусусан, Польшада Навоийни билишадими, унинг асарларини ўқишадими? Сиз Навоийни польшаликларга таништирар экансиз, кўнглингизда нималар кечади?

Я.К.: Бу жуда мураккаб жараён. Менимча, бугун китоб ўқувчиларнинг сони сезиларли даражада камайиб кетган. Кўпчилик телевизор, радио, Интернет каби воситалар билан чекланиш етарли, деб ўйламоқда. Шеърий китобларни эса ҳақиқий шеър ишқибозларигина қўлга оляпти. Шу боис мен таржима асарларимдан фойдаланишни истовчиларга муаллифлик ҳуқуқини бажонидил беравераман. Навоийни ҳам Польшада яхши билишади, деб айтишим қийин, аммо оз бўлса-да шундай буюк бир истеъдодни полякчага ўгириш шарафига эга бўлганимдан жуда хурсанд бўламан.

А.О.: Таржима асарларингизни нашр эта олдингизми? Бу борада қандай режалар, ечилиши керак бўлган муаммолар бор? Ҳозир қандай иш устида ишлаяпсиз?

Я.К.:  Тўғрисини айтганда, таржималарим босилишини жуда истайман, бироқ мен фойда олишни кўзламасам ҳам, бозор иқтисодиёти шароитида бундай имкон топилиши осонмас. Адабиётни севувчи саховатли ҳомийлар топилса қанийди! Ҳозир Алишер Навоий ғазаллари жамланган китобга сўз боши ёзяпман. Агар поляк ва ўзбек тилларида ушбу китобни Ўзбекистонда ёки Польшада босиб, кенг китобхонлар оммасига тақдим эта олсак, жуда савоб иш бўлган бўлур эди. Бу китобни анъанавий миниатюра намуналари билан безатилса, нур устига нур бўлади.

А.О.: Таржимонлик фаолиятингизга улкан зафарлар тилар эканман, Навоийни поляк тилига таржима қилганингиз, қизиқарли таклиф киритганингиз учун сизга чуқур миннатдорлик изҳор қиламан ва келгусида биргаликда йирик адабий лойиҳаларни амалга ошириш истагини билдираман.

Я.К.: Варшавага марҳамат қилинг, сиз билан кўришиш ва дўстона ҳамкорлик қилишдан бошим осмонга етади.

Суҳбатдош: Аъзам Обидов

“Ватандош” газетаси, 2011 йил, 10-сон

Ушбу мақолани сақлаб олиш учун ҳавола: Навоийнинг польшалик таржимони