Бугунги кунда халқаро миқёсда танилган ўзбек шоирлари орасида шубҳасиз шоир Баҳром Рўзимуҳаммад ҳам бор. Ҳумбольд университети профессори Ингборг Балдауф (ГФР) унинг шеърларини аслиятдан олмон тилига ўгирди. Бу тўплам “Давсаман” номи билан 2000 йилда “Ўқитувчи” нашриётида чоп қилиниб, жаҳоннинг кўпгина мамлакатларига тарқатилди.
Б.Рўзимуҳаммад 2004 йилда Шермурод Субҳон билан ҳамкорликда “Ўзбек модерн шеърияти” антологиясини тузиб эълон қилдирди. Антологияни жаҳон туркологлари зўр иштиёқ билан кутиб олдилар. Бу ҳақда Мичиган университетининг Славян тиллари ва адабиётлари кафедраси ўқитувчиси Рэйчел Харел (АҚШ) шундай ёзади: “Ўзбек модерн шеърияти америкалик ўқувчилар учун ҳам қизиқиш туғдириши табиий. Барча “модернизмлар” ва уларнинг давомчилари бўлган олимлар (шу жумладан, Америка постмодернизми ҳам) баъзи умумий импульслардан озиқланади”.
Баҳром оддий бир математик. Математиклар оиласида туғилиб ўсган, вояга етган. У – бир дарвеш. Дарвешлигини шеър ёзиб бекитади. Унинг юраги очиқ: очиқчасига кулади, очиқчасига йиғлайди, очиқчасига мақтанади, очиқчасига ҳасад қилади. Давраларда “Мен буюкман!” дея мақтаниши бежизга эмас. Зотан, айрим шоирлар буюкликка интилишнинг ўзини буюклик дея тушуниши маълум ҳол.
Б.Рўзимуҳаммаднинг инглизча “Давсаман” китобида “Қарғалган” деб номланган бир шеъри бор. Бу ҳақда кўпчилик, хусусан, Рэйчел Харел хоним ҳам ҳаяжонланиб ёзган. “Қарғалган” шеъри кўп минг йиллик ўзбек шеърияти учун ноанъанавий. Сиртдан қараганда насрни эслатади. Лекин ичкаридаги мусиқавий куч идрокингизни сира қўйиб юбормайди. Дастлабки мисраларни ўқибоқ сеҳрланасиз.
Эй булут кемтигини топиб
ой нури ила ишлов берувчи пардоз қилувчи
шамолга бундай эсма деб қуёшга ва ойга дахли
бўлмаган нурларга бундай тушма деб танбеҳ берувчи
эй майсалар ҳидини гуллар тилидан ажратиб
тафовутини имо-ишора ила тўғри кўрсатувчи
сойлар шилдирашида булбулнинг саҳарги нолишига
ўхшайдиган ушоққина нолани топиб берувчи
Йигирма етти мсралик шеърни бир нафасда ўқиб қўйганингизни сезмай ҳам қоласиз. Ҳар ифода ўзаро оҳанрабодек тортишиб боғланади. Ғадир-будир сўз йўқ. Қисқаси, шеърда маъно, ифода, мусиқа математик шаклда ўзаро уйғунлаштирилганки, буни тилни яхши билмаса-да, дилни чуқур билувчи Рэйчелхоним англаган ва эътироф этган.
Баҳромнинг шу кунгача ўзбек тилида еттита, рус, олмон, инглиз, турк тилларида биттадан шеърий тўплами эълон қилинди. Туркум шеърлари Россия, Туркия, Ҳиндистон, Франция, Колумбия, Молдова, Озарбойжон каби мамлакатларда чоп этилган нуфузли антологияларга киритилди. Менимча, унинг энг яхши ишларидан бири “Илонбалиқ” лойиҳасини ўйлаб топгани бўлди. Аъзам Обидов билан ҳамкорликда нашрга тайёрланган, ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилган “Илонбалиқ” антологияси тўғрисида АҚШ веб-сайтларида ҳам фикр билдирилган. Бу антологияга Мисрдан Янги Зелландиягача, Гонг-конгдан Америка Қўшма Штатларигача, Польшадан Камерунгача… хуллас, йигирмага яқин давлатларда истиқомат қилувчи шоирларнинг шеърлари киритилгани, энг асосийси, Тошкентда нашр этилган китобнинг дунёнинг тўрт бурчагига тарқалиб кетгани ғаройиб ҳодисадир.
Устоз Матназар Абдулҳаким Баҳромнинг “Икки нур” тўпламига битган сўзбошисида қуйидаги таърифни келтиради: “Биз ворислик ҳақида гапирганимизда ҳам анъанавийликнинг ботиний сифатларига асосий эътиборни қаратмоғимиз керак. Афсуски, ижодий таъсирни фақат шаклий эргашувдангина иборат, деб тушунадиганлар ҳам оз эмас. Падар ҳамда фарзанднинг ўхшашлигини улар кийган либос эмас, балки либос ичидаги вужуд ҳамда бу вужуддаги руҳ белгилагани каби, шеъриятда устоз ва шогирдлик даражасини маънавий муштаракликлар ифода этади. Баҳром Рўзимуҳаммад мумтоз шеъриятимизнинг ана шундай ботиний давомчисидир”.
Баҳром Европа замонавий шеъриятини ўрганибгина қолмасдан тилбилгичлар билан ҳамкорликда аслиятдан ўзбекчага ўгирган. Жумладан, у Робия Абдуллаева билан ҳамкорликда ўн беш нафар олмон шоирлари шеърларини таржима қилиб, алоҳида тўплам шаклида чоп эттирди. Хорват шоираси Марица Боарожич шеърларини Мирзаали Акбаров билан ҳаммуаллифликда таржима қилди. Таржима асарлари “Жаҳон адабиёти”, “Гулистон” журналларида, “Хуррият” газетасида чоп этилди.
Бир сўз билан айтганда Баҳром Шарқ ва Ғарбни ўзаро “туташтирган” ижодкорлардан бирига айланди. Икки қутб орасига қурилган кўприкнинг янада мустаҳкамланишига ўз ҳиссасини қўшди. Истагимиз шуки, бу кўприк тобора мустаҳкамланиб бораверсин.
Муҳаммад Ғаффор
Ушбу мақолани сақлаб олиш учун ҳавола: Шарқу ғарбни “туташтирган” шоир (“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 4-сон)