Мунаққидларнинг ёзишича, Дадахон Нурий ўзбек насрчилиги жанрининг ҳозирги пайтдаги энг фаол ҳамда ўқимишли асарлари билан танилган вакилларидан биридир. Адибнинг илк асари — “Оқшом қўшиқлари” лирик қиссаси босилиб чиққанида у 17 ёшли талаба эди.
Шундан бери ёзувчи чуқур лирик кечинмаларга бой қисса, роман, ҳикоялар китоблари ҳамда энг долзарб мавзудаги кўплаб публитсистик асарлари билан ўз мухлислари эътиборини қозониб келмоқда.
Шу кунларда муаллифнинг “Ниқобсиз Америка ва бошқа манзилгоҳлар” китоби кутилмаган янгилик сифатида ўқувчилар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Мазкур асар хусусида бир неча саволлар билан адибга мурожаат этдик.
— Сиз ёзувчи ва шарқшунослик бўйича мутахассис сифатида Ҳиндистон яримороли мамлакатларини кўп маротаба кезиб, ҳамон ўқувчиларни қизиқтириб келаётган “Ҳиндистон минг йилдан сўнг”, “Даричам рўпарасида Покистон”, “Хатарли жаннат сафари” (Шри Ланка ҳақида) номли китоблар ёзгансиз. Ва… ажабки, янги асарингизни ўқиётганлар орасида “америкашунос” эканлигингиз ҳақида гап тарқаб юрибди.
— Мен “америкашунослик”дан йироқ одамман. Лекин ҳаётнинг ўзи шу йўлга солиб қўяркан. Ақлимни танибманки, радио, газеталар орқали бир нарсани эшитганман, ўқиганман: Америка ёмон. Ҳамма ёвузликлар ўша “урушқоқ империалистлар”дан чиқади, ва ҳаказо… Бир неча авлод шу руҳда тарбияланганмиз… 1966-йилнинг бошларида буюк адиб А.Қаҳҳор назарига тушиб, уч йил давомида шу зотнинг адабий, ҳам ҳаётий сабоғини олдим. У киши гурунгларда, ҳатто минбарлардан туриб, “колонизаторлардан ҳам ёлчимаган эканмиз, мана, Американи оқ калтак-қора калтак қилаверамиз-у, унга эргашганлар аллақачон косаси оқариб, илғор инсоният сафига қўшилиб олганидан бехабармиз, ҳамон чориғимизни судраб юрибмиз” деганини кўпчилик эшитган. Яна у киши “Ўзи тўқ, кўзи тўқ одамда аламзадалик ҳисси бўлмайди, ўзгаларга ёмонликни раво кўрмайди” дерди. Бундай гапларни айтиш ўша Шўро даврида мисли кўрилмаган жиноят саналарди. Шунинг учун адиб бошига не кунларни солишмасди. Бироқ, Абдулла ака ўз сўз
ида собит турарди. “Кимдир ҳақиқатни айтиш керак-ку, ахир” дерди.
— Демак устознинг мана шу сўзлари сиз учун Америка ҳақида ҳақиқатни айтишга туртки бўлган!
— Билсангиз керак, Абдулла Қаҳҳорнинг “Кўр кўзнинг очилиши” деган ҳикояси бор…Ёлғон-яшиқ ташвиқотлар билан қалб кўзи сўқир, бутун вужуди карахт қилинган одам дунё кенгликлари тугул, ўз оёғи остини ҳам яхши кўролмайди… Биз қарийб 70 йилдан зиёд вақт мобайнида мана шу аҳволда яшаб келгандик. Ниҳоят, Мустақиллик шарофати билан узоқларга, ҳатто Америкага ҳам эмин-эркин назар ташлайдиган бўлдик… “Ниқобсиз Америка…” шунинг натижаси деб ўйлайман.
— Интернет орқали китобингиз ҳақида кейинги юз йил мобайнида Ўрта Осиёда илк маротаба Америка ҳақида холисона асар пайдо бўлди, деб ёзилди. Бунга қандай қарайсиз?
— Америка ҳақида холис асарлар битилган. Ҳатто ўша зуғумкор Шўролар даврида ҳам ардоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг (бу ҳақда китобда ҳам ёзилган) матбуот орқали қатор чиқишларини эслаш кифоя. Мен ўша мавзуни давом эттирдим, холос.
— Китоб ниҳоятда салмоқдор. Унинг “юки”ни кўтариб турган далил-ашёлар ҳам анча-мунча. Буларни йиғишнинг ўзи бўлмагандир.
— Ўта “эскича” эътиқод қули, мен билан “мафкуравий жанг” қилиб чарчамайдиган, Ташқи Ишлар вазирлигида масъул лавозимда ишловчи жонажон оғайним (яқинда қазо қилди, жойи жаннатда бўлсин) “Америка”ни биринчилардан бўлиб ўқиб чиқди-ю, энди Сиз билан баҳслашиш учун узоқ вақт тайёргарлик кўришга тўғри келади” деди, сўнг қўшиб қўйди: “Лекин СРУ керакли фактлар билан роса таъминлагани сезилиб турибди!” Мен ҳам унга “Ўша устаси фаранг баччағарларни салкам етти ой мобайнида қидирдим, лекин биронтаси қорасини кўрсатмади. Мендан шубҳаланди шекилли” дея жавоб қайтардим. Аслида бу китобни қоғозга туширишга қарийб 45 йилдан бери тайёргарлик кўриб келардим. 2009-йилдаги Америкага бир неча ойлик сафарим бунга катта туртки бўлди холос.
— Асарнинг илк маротаба китоб шаклига келтирилган нусхаларидан бирини Американинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ричард Норланд жаноблари қабул қилиб оларкан, уни инглизчага таржима қилишга рухсат этасизми, дея савол билан мурожаат қилганди…
— Эслайман. Назаримда, ўшанда асар ҳали қиёмига етмагандай эди. Шунинг учун “ҳозирча вақти эмас, қайта ишланган мукаммал нусхасини ўзим Сизга топшираман” дегандим…Шундан бери бир йилдан зиёд вақт ўтди. Китобнинг ҳар бир саҳифасини тўрт маротабадан қайта ёзиб чиқдим, десам ишонаверинг. Бешинчи “намуна нусха”си чоп этилди. Энди кўнгил тўқ. Айтганимдек, қиёмига етган кўринади.
— Бирор тилга таржима бўлдими?
— “Звезда Востока” журналининг бир ходими, асарингиз мени қизиқтириб қолди, рус тилига таржима қилмоқчиман, рухсат этсангиз, деди. Рози бўлдим. Қарийб 760 саҳифали китобни 5-6 ой овора бўлиб таржима қилди. Мен шароит яратиб бердим. Ой сайин моддий ёрдам ҳам дегандай… Бироқ, шунча вақт давомида “ишлар қандай кетяпти” деб қизиқиб кўрмаганлигим, мени доғда қолдирди. “Таржима”ни ўқиб, ҳафсалам пир бўлди; тилда шира йўқ. Боблар ўзгартирилиб, қисқарган. Америкага алоқаси йўқ, алламбалолар қўшилган. Энг ачинарлиси, таржимон юморни тушунмайдиган “оми” экан. “Асардаги воқеалар ривожини таранг тортиб турадиган ҳазил-мутойибалар” (академик М.Қўшжонов) оддийгина, жўн ҳолатда берилган… Эссиз меҳнат. Минг вараққа яқин “таржима” матни столим тортмасида чанг босиб ётибди.
— “Ниқобсиз Америка…”да ҳамон Шўролар даврининг хумори тутиб юрадиган кишиларга тегишли жойлар ҳам анча-мунча. Асар билан ўша тоифадаги одамлар “қизиқиб” кўришмадими?
— Тўғрисини айтсам, ҳадигим ўшалардан эди. Бирови “Янки”ларни пўстагини қоқиб, катта асар ёзибсиз” деб олдимга келди. Бердим. Ўқиб, менга индамади. Бошқаларга “Эътиқодимни ер билан яксон қилди” дебди. Яна биттаси мендан астойдил хафа бўлди. Кўзига “шубҳали” кўринаман чоғи, узоқдан назари тушиши билан юзини тескари ўгириб олади. Худога минг қатла шукур, бундайлар битта-яримта…
— Шу китобингизни ўқиб чиққан, ҳозир кўпчилик орасида “ўзбекнинг Чарли-Чаплини” дея ном қозонган таниқли комик артист Валижон Шамсиев “Америка…”га бағишлов шеър битгани, у газетада эълон қилинганини биласизми?
— Ҳа, артист укамиз қўнғироқ қилиб асарингизга тақриз ёздим, деганди. Мен аввалига шунчаки ҳазил, навбатдаги пародия бўлса керак, деб ўйладим. Чунки кейинги пайтларда Эркин ака Воҳидов, Турсунбой оға Адашбоев, Анвар Обиджон, Абдулҳай Ҳожи Носиров, ҳатто тинчимас шоира Хосият Рустам қизининг ҳам камина “шаъни”га тегадиган ҳазил-мутоибалари кўпайиб кетганди. Йўқ, Валижоннинг ўзи ҳазилкашликнинг устаси бўлгани билан ижодда ҳам худди Чарли Чаплиндай қалами ўткир, жиддий экан! Шеърини ўқиб, мен шундай фикрга келдим. Дарвоқе “мен” десам, камтарлик бўлмас, анча тажрибали назм аҳлининг камина қулоғига қуяётган гаплари шундай!
— Ҳозир қандай янги асар устида ишлаяпсиз?
— “Сафар”дан чарчаганлигим бироз сезилди. “Жиддийлик”ни сал “енгиллаштириш” мақсадида янги мавзуга қўл урганман. Номи ҳам ғалатироқ: “Подшоҳимнинг кўнгил хушлиги”. Қандай чиқиши номаълум. “Жўжани кузда санайдилар” дейдилар-ку!”
Аъзам ОБИДОВ шуҳбатлашди.
“Vatandosh” газетаси, 2001 йил, 3-сон
Ушбу мақолани сақлаб олиш учун ҳавола: “Оқшом қўшиқлари”дан “Ниқобсиз Америка…”гача