Адабиёт ва санъат ривожига масъуллар, сизни дуэлга чақираман!

Адабиёт ва санъатг ривожи учун масъуллар, ҳаммангизни дуэлга чорлайман!
Ўтган ҳафта Наманган, Нукус ва Хоразмга бориб, Машраб, Усмон Носир, Бердақ, Ажиниёз, Тўлапберган Қайипберганов, Огаҳий, Мунис, Матназар Абдулҳакимларни қачон дунё ўқувчиларига таништирамиз, ёронлар, деб юрагимдан ёшлар оқди. Жуда кўп иқтидорли ёш ижодкорлар билан учрашдим. Бу қоракўзлар эртага қўшни ва узоқ давлатларга арзон ишчи бўлиб кетиб қолишидан жуда хавотирдаман. Адабиёт ва санъат соҳасида маҳаллий ва миллий босқичдан жаҳон саҳнасига чиқиш учун йўл очиш бу оғриққа малҳам бўлиши мумкин.
Каминада айни пайтда Ўзбекистон учун зарур бир қатор халқаро адабий ва маданий лойиҳалар/таклифлар (баъзилари ишлаб турибди) бор. Масалан, ҳар бир вилоятдан 10 нафар ёш ижодкорга чет тилларини чуқур ўргатиб, илғор мамлакатларга алмашув дастури/малака ошириш/фестивалларга юбориш; Халқаро ижодий туризм дастурини (аллақачон бошланган) кенгайтириш; ҳар вилоятда Халқаро ижод уйи очиб, чет эллардан таржимон ва ижодкорлар олиб келиб, адабиётимизни таржима қилдириш; бир нечта шаҳарни ЮНЕСКО адабиёт шаҳарлари рўйхатига киритиш; Ўзбекистонда йиллик адабиёт ва шеърият фестивалларини очиш ҳаракати; ва ҳоказо.
Биламан, Ўзбекистонда давлат бюджетидан адабиёт ва санъат соҳасига жуда катта маблағ (миллиардлар) ажратилади. Модомики, ҳали-вери бу соҳа аслида давлатдан мустақил ривожланиши ва бунинг учун тегишли қонуний асос бўлиши лозимлигини англаб етолмас эканмиз, мен ҳамма ижодкорларни ўша маблағни энг зарур лойиҳаларга йўналтирилиши учун курашишга чорлайман! Ҳокимлар ва ўринбосарлар, вилоятингиз, шаҳрингиз, туманингизни ижодий томондан дунёга танитишни истайсизми, унда сизни дуэлга чақираман! Таклифларим маънавий ўқдай учиб бориб, юрагингизни салгина титратолса, камина ва жамоам билан мулоқот ва ҳамкорликка очилсангиз, демак, бу лавозимда бекор ўтирмаяпсиз! Ўн кунча аввал Наманган вилоят ҳокими билан кўришдим: таклифларимни оғзаки маъқуллади. Кўрамиз, амалда қандай бўларкин? Хўш, тайёрмисиз дуэлга?