Ҳелисат (ҳикоя)

Эльсункаев Нодирсолта 1961 йили Чеченистонда туғилган. Ярослав педагогика институти тарих-филолгия факультетида ўқиган. Узоқ йиллар давомида қадрдон қишлоғидаги ўрта мактабда рус тилидан даср берган. Кейинчалик гуманитар тадқиқотлар маркази раҳбари бўлди.

Ҳелисат

Шарти кетиб, парти қолган бу аёл бизга битта эшик наридаги қўшни эди. Юзини сон-саноқсиз ажинлар қоплаган, ундаги чизиқлар бешафқат вақт маҳсули эмас, балки яра туфайли қотиб қолган изларга ўхшарди. Уникидай сочи ўта оқариб кетган аёлни ҳеч учратган эмасдим аввал. Оғир-вазмин қадам босар, оёқлари чунонам беўхшов эдики, гоҳида зулук қўриш учун уларни ҳовузга тиққан маҳал бехос кўзингиз тушиб қолгудай бўлса, бирдан сесканиб кетардингиз. Бўртиб чиққан оёқ томирларида қон сизиб юрганини кўрган одам борки ундан жирканарди. Фақатгина ёниб турган кўм-кўк кўзлари унинг аллақандай ялмоғиз-алвасти эмас, балки оддий бир аёл эканини эслатиб турарди гўё. Қишлоққа қайтиб келганим биринчи кунларданоқ бу аёл ҳечам кўнглимга ўтирмади. Назаримда, ойим ҳам ҳеч қачон у билан апоқ-чапоқ бўлиб кетган эмасди.

Ойимнинг менга сира ёқмайдиган ғалати бир одати бор эди. Ўша қўшни кампир остонамизда пайдо бўлиши заҳоти ойим тезда стол устидан гўштни олиб яширар, фақат нон, творог ва сметана қоларди. Ҳар сафар бундан тепа сочим тикка бўларди. Ҳелисат кетишини миқ этмай кутиб ўтиришга мажбур эдим. У бўлса тезроқ чиқиб кетай демасди. Бунинг устига шундоққина ёнимга ўтирволарди. Валақлашга гап топилмай қолганда эса, дарҳол телевизорни ёқишни сўрар, мен бечора очиқиб, ғазабимни аранг ичга ютганча қуруқ нонни творог билан чайнар, ўша гапдон қути ичидагилар нима деса, ўша заҳоти кампирга таржима қилиб бериб ўтиришимга тўғри келарди. Унга айниқса уруш тўғрисидаги фильмлар ёқарди. Ниҳоят, қўшни кампир тушмагур ўз уйига кетишга тараддудланар, ойим ҳар сафар уни кўчагача кузатиб чиқарди. Қайтиб кираркан, совуб қолган гўштни яширган жойидан олиб, тўқиллатиб олдимга қўяркан, ўқрайганча:

“Нима, кетгунича сабр қилиб ўтирсанг ўлиб қоласанми?”- койирди ойим.

Бунақа кунлар жуда кўп бўларди. Мана, камина бўйим чўзилиб, 10-синфгаям ўтдим. Энди ота-онамнинг менга муносабати бутунлай бошқачайди. Мундоқ олиб қараганда, улар бундан буён ўз фикримни бемалол айтишга рухсат беришган, деса бўларди, бироқ, одат бўлиб қолгани важиданми, бу ҳуқуқдан ҳеч фойдаланай деёлмасдим. Илгаригидай, ойимни хафа қилиб қўйиш ва ё дадамни ғазаблантиришдан қўрқар, ойна жаҳон олдига чўнқайган Ҳелисат холанинг инжиқлигини кўтаришда давом этардим.

Хола у дунёга риҳлат қилган қилган кунлар институтга кириш учун ҳужжат тўплаб юрардим. Ҳелисатни дафн қилишга бутун қишлоқ аҳли чиқди. Ҳатто мен аввал кўрмаган яна бошқа кўплаб кишилар ҳам жанозада қатнашди. Кейин ҳўкиз сўйилиб, шўрва қайнатилди. Катта-катта гўшт бўлакларидан солиб, алюмин идишларга қуйишди. Биз ёшлар уларни шоша-пиша тахта-доскадан ясалган қатор столларга келтириб қўйдик. Оломон тарқалгач эса, бўш идишларни йиғиб, маъракадан сўнг ҳовлини супур-сидир қилаётган аёлларга олиб бордик. Идишларнинг баъзиси бўм-бўш, бошқаларида эса картошка ейилиб, шўрва сувигина ичилган, гўштга эса умуман тегилмаган эди. Қўшни хотинлар билан куймаланиб юрган ойимга охирги идишни келтирарканман:

“Гўшт емас экан, шўрвага солма, деб айтса бўлмасмиди, шунча гўштни исроф қилгунча?”- дея тўнғилладим.

Бу гапимдан ойимнинг елкаси бир учиб тушди. Сўнг рўмолининг учи билан оғзини ёпиб, чуқур уҳ тортар экан, кўзларидан шашқатор ёш қуйила бошлади. Хотинлар юурганча унинг олдига келиб, юпата бошлашди. Шунда Ҳалимат хола каминага муштини ўқталиб:
“Ҳой, нима дегандинг ойингга, нега йиғлатдинг, итнинг боласи!” – дея жеркиди.
“Ҳеч нарса деганим йўқ, шунчаки, гўшт емайдиган одамга нега уни солишди, деб сўрадим холос”,- жавоб қилдим гап нимадалигини тушунолмай.
Ҳалимат хола сал юмшаб, мени секин бағрига босди:
“Воҳ, ўзимнинг ношуд тиллагина болам-а!”- деди у хўрсиниб. Кейин бирданига мени маҳкам қисганча уям ҳўнграб юборди.
Ойим уйга кеч қайтди. Мен керосин чироқ ёруғида отам билан гаплашиб ўтирардим.
“Ҳали Ҳелисат хола уйида нимани нотўғри гапирвордим ўзи?” деб сўрадим ойим хонага киргач.
У бўлса чурқ этмади. Шу маҳал отам гап нимада экани билан қизиқди. Ҳаммасини унга айтиб бердим. Отам негадир индамай кўчага чиқиб кетди, ойим эса жимгина дастурхон тузарди.

«Овқатингни еб ол, ўғлим, боя қўшниникида туз тотишингга қўймадим». – Ойим олдимга гўшт солинган косани қўйди. Отам уйга қайтиб кирди.

«Холанинг маъракасида гўшт еганлар аслида уни яхши танимаган, яхши билмаган одамлардир»,- дея гап бошлади у ва секин ойимга қаради.

“Ўғлимиз энди катта бўлиб қолди, ҳаммасини айтса бўлади унга”- шивирлади онам.

Хулласи калом, шу оқшом, 17 ёшга кирибгина, отамнинг оғзидан биринчи марта 1944 йил 23 февраль куни Шўро ҳукумати душмани сифатида барча чеченларни Сибирга сургун қилишганини эшитдим.

“Ҳелисат хола ёшлигида жуда гўзал аёл бўлган, аммо у қўлида беш нафар гўдаги билан анча эрта бева қолди. Унинг оёғига кўзинг тушгандир?”¬- гап бошлади отам. “Хола бир ўзи очликдан жон таслим қилган тўрт боласини кўмди. Охири кенжа қизи ҳам у дунёга ҳур бўлиб кетди. Лекин узоқ қийналади бечорагина бола. Ўлар чоғи онасидан жичча гўшт тилайди. Шунда Ҳелисат хола ўз оёғидан икки бўлак узиб, апил-тапил чўғда пишираркан, уни жигарбандига тутмоққа шошилади. Бироқ, қизалоғи нафас олмас, аллақачон қайтмас дунёга равона бўлган экан. Бағриқон хола бу сўнгги боласиниям ўзи дафн этади. Бизникилардан бирор кимса бўлмаган ёнида ўшанда. Хола қовурилган гўшт бўлагиниям маййит ёнига кўмади. Раҳматли ўла-ўлгунча қизалоғи бегуноҳ кетгани учун Аллоҳга шукрона айтиб ўтади. Шу-шу ўзиям бир умр эт-гўштга қўлини теккизмайди.”

“Одамларимиз қайда эди унда?”- ҳайрон бўлиб сўрайман.

“У яшаган қишлоқда инсон зоти бўлмаган. Бизни кўчиришганда, аскар онаси дея, болалари билан қўшиб Ҳелисатни биздан тамоман ажратиб юборишган. Бизнинг насибамиз Қирғизистонга, уники Қозоғистонга ёзилган экан. У ёқлардан Ҳелисат хола бир ўзи шумшайиб қайтиб келган. Ўғли Ғалаба кунига икки кун қолганда Берлин марказида ҳалок бўлганди.”

Мен ойимга қарадим.
“Қабристонга қачон борилади?”- сўрадим ундан.
“Азонда. Қуёш чиқмасидан бурун”.
“Мениям уйғотинг, отам билан бирга бораман.”
Шу тобда дастурхондаги гўштга умуман қўл теккизгим келмасди…

… Қабристонда жанозага келганчалик кўп одам бўлмади. Мулла тиловат ортидан дуо қилиб, савобини марҳум кампирга бағишлади. Одамлар бирин-кетин енгил таъзим қилганча янги қабр четига оҳиста тегиб, сўнг хотин-халаж тўпланиб турган дарвоза томон юришарди. Улар орасида ойим ҳам бор эди. Камина охирги бўлиб қабр бошига келдим. Катталарга тақлид қилиб, менам совуқ юмшоқ тупроққа қўлимни текиздим. Ер остида, икки метрча пастда яқиндагина мен билан телевизор томоша қилиб ўтирган Ҳелисат мангу уйқуда ётарди. Бирдан ўлим даҳшати ва қўрқуви миямни ва бутун вужудимни қамраб олди. Ким, қачон каминани кўтариб, суяб олганини билмайман, аммо бир неча қадам илгариларканман, ўша барака топгур одамнинг қўллари мункиб кетишимга, ҳушимни йўқотишимга йўл бермади. Яхшики сал туриб яна ҳушим ўз жойига қайтди. Дарвоза тарафга дадил юриб бордим, у ерда аёллар орасида ойим мени кутиб турарди. Мунис ойижонимнинг кўзларида меҳр ва хавотир ялтирарди. Шу пайт дарров Ҳелисатнинг кўзлари эсимга келди. Улар кўм-кўк, кўм-кўк эди. Энди мен у кўзлар фақат ва фақат жуда гўзал аёл, ҳурлиқодагина бўлиши мумкинлигини аниқ билардим.

 

Рус тилидан Аъзам Обид таржима қилди
2021 йил декабрь