Навоий кутубхонасидаги “Фарҳод ва Ширин” қайга йўқолди?

Навоий кутубхонасидаги “Фарҳод ва Ширин” қайга йўқолди?

Танишиш, ўқиш ё тадқиқот ўтказиш мақсадида мендан “Фарҳод ва Ширин” инглизча таржимасини сўраганларни Миллий кутубхонага йўналтириб юргандим. Охирги пайтлар у ерга борганлар китобни топмадик, сиз айтган жойда йўқ экан, дейдиган бўлишди.

Балки ойнаванд кўргазма сифатида алоҳида сақлашаётгандир, ўқувчиларга беришмаётгандир, деб индамай юргандим. Кеча кутубхона масъулидан сўрасам, бизда бунақа китоблар йўқ экан, деди.

2020 йили Миллий кутубхонада тақдимот ўтказиб, алоҳида ўзбек, инглиз ва рус тилларида юқори сифатли кўринишда кейслари ва муқовасига тоза кумуш ишлов бериб нашр этилган китобнинг ҳар вариантидан бир донадан кутубхонага тақдим этгандик. Фото ва видеоларимизни интернетда ҳам кўрса бўлади.

Ўзбекча ва русчада шунга ўхшаш китоблар чиққан бўлиши мумкин, лекин Алишер Навоий асарининг бундай каттароқ асари инглизча таржимаси китоб ҳолида ҳали ҳеч қаерда йўқ, ҳозирча бу инглиз тилига ўгирилиб, нашр этилган энг катта асар-ку.

Ҳартугул уни камина таржима қилгани учун кутубхонадан йўқотишмагандир, деган яхши гумондаман.

Илтимос, ким олиб кетган бўлса ҳам, Миллий кутубхонага қайтариб олиб келиб қўйсин. Биз уни шахсий кутубхонада шунчаки сақлаш учун чиқармаганмиз, кенг китобхонлар ва тадқиқотчилар, жумладан, Навоий ижодидан намуналарни инглиз тилида тополмай хуноб бўлиб юрган хорижликлар ҳам баҳраманд бўлиши учун чиқарганмиз.

Илтимос, ким олган ё кимга ҳадя қилиб юборилган бўлса ҳам, ҳеч йўқ “Фарҳод ва Ширин”нинг инглизчасини Миллий кутубхонага қайтарингиз!