Ўтган куни америкалик дўстим билан Тошкент марказидаги китоб дўконида жажжи болажонлар учун (2-6 ёш) қандай китоблар борлигини кўздан кечирдик. Деярли ҳеч нарса топмадик. Умуман, нашриётларимиз болалар учун чиқарган китоблар болаларни ўзига жалб этиши қийин: саҳифалар матн билан тўла, рангли суратлар жуда кам, муқова ва саҳифалари қалин эмас.
“Бизда болалар китобларининг ҳар саҳифасида кўпи билан 3 та гап бўлади, саҳифанинг қолган қисми рангли расмлар билан безатилади,” -деди дўстим.
Ўзим ҳар гал АҚШга борсам, албатта болалар учун чиқарилган китоблардан олиб келиб, тарқатаман. Балки бизда нархи қимматлашиб кетиши ва харидор сотиб олмаслигидан чўчиб, сифатли безакли китоблар чиқаришмаётгандир? Аслида, қўли гул безакчи рассомларимиз оз эмас. Дўконда Россия ва Беларусдан келтирилган, рус тилидаги ёш болаларбоп 2-3 китоб борлигини кўрдик.
Яна Ўзбекистонда комикс китоблар, график романларни ҳам чиқаришни йўлга қўйса. зўр бўларди! Комикслар бу кетма-кет жойлаштирилган тасвирлар ва матнлар тўплами бўлиб, улар ёрдамида ҳикоялар тузилади, одатда комик китоблар 22-24 саҳифадан иборат бўлади. График романлар ҳам комисксларга ўхшайди, аммо ҳажми каттароқ ва кўпинча яхлит бир ҳикоя асосига қурилади.
Мана бу суратдаги каби китобларимиз болаларни тезда зериктириши турган гап: