Финляндия Ёзувчилар уюшмаси раиси Виль Ҳитёнен билан аксар ҳукумуат идоралари баланд ва мустаҳкам темир тўсиқлар билан ўралган Тошкент бўйлаб сайр қиларканмиз, шундай деб қолди.
Бир куни америкалик шоир дўсти Пол Поланский билан Ҳельсинкида сайр қилиб юрса, орқасидан кимдир келиб, қўлини Вилнинг елкасига қўйибди-да, “Қалайсан, ошна!” деб сўрашибди. Америкалик шоирга нотаниш у киши оддий кийинган, жуда самимий бўлиб, улар билан у ёқ-бу ёқдан бир оз гаплашиб тургач, хайрлашиб, пиёда йўлида давом этибди.
У киши кетгач, Пол Поланский Вилдан сўрабди:
– Бу жаноб қайси ёзувчи эди?
– Ҳечқанақа ёзувчи эмас, бу Финляндия президенти-ку,- дебди Виль пинагини бузмай.
Яна, Вилнинг айтишича, Эстония президенти ишга трамвайда қатнаркан.
Сиз ҳам мен каби шундай президентингиз бўлишини истармидингиз? Унда Финляндия ё Эстонияга кўчиб ўтишингизга тўғри келади!