Ҳонгконгда ижодий резиденцияда бир ой (1-қисм)

Ҳонгконг аэропортида ижодкор қиз Линда ва тадқиқотчи Айди кутиб олишди.

Бир ой давомида шу каналда Гонг Конг табиати, ёзувчи-шоирлари, ижодий дастурлари, фестиваллари ҳақида фойдали маълумот, фото ва видеолар улашиб бораман.

Халқаро ижодий давраларга чиқишни кўзлаган дўстингиз, шогирдингизга, ижод мактаблари ўқувчиларига ҳам канал линкини ва ё постларни юбориб қўйсангиз, шояд саволлар сўрашса, ўзлари учун муҳим нарсаларни билиб олишса!

Ўзбек шоири ё ёзувчиси ҳар ҳафта ё ҳар ой чет элга чиқишга имкон тополмайди, (таржимон билан) жуда кам сонли чиқаолганлари эса чет элга чиқиш йўллари ва тажрибасини ҳамма билан бўлишавермайди. Шунинг учун вақт борида мендан фойдаланиб қолинг! Сизларга ҳам зўр ижодий сафарлар насиб этсин!

Ҳонгконг “Хитой бўлиб Хитоймас”

Ҳонгконг Хитойнинг “махсус маъмурий ҳудуди” саналади, яъни асосий давлатдан алоҳида. Бундай ҳудуд дунёда иккита бўлиб, яна бири Макао шаҳридир. Ҳонгконг мустақил ҳуқуқий, маъмурий, ва суд тизимига эга, алоҳида бош қонуни – конституцияси бор. Пули ҳам алоҳида: ҳонгконг доллари (HK$). Ҳонгконг “хушбўй бандаргоҳ” (порт) дегани. Аҳолиси 8 миллионга яқин. Асосий расмий сўзлашув тиллари: кантон ва инглиз. Мандарин тили ҳам кенг тарқалган. Таълим тизими аъло даражада. Мактаб таълими бепул.

Ҳонгконг 1841 йилдан 1997 йилгача Британия колонияси бўлган. Ҳонгконгликлар турли динларга эътиқод қилади. 300 мингга яқин мусулмон ҳам яшайди, уларнинг аксари Хитой, Индонезия ва Покистондан келиб ўрнашган. Ҳонгконг иқтисоди анча тараққий этган. Ўртача ойлик 4,700 доллар.

Ҳонгконгликлар узоқ умр кўришади, бунга сабаб сифатида инсон учун яратилган шароитлар, ям-яшил боғ-роғларнинг кўплиги, юқори сифатли медицина, гўзал об-ҳаво, тўғри овқатланиш ва чекмасликни кўрсатишади.

Беқиёс кўрфаз ва узоқ чўзилган соҳилбўйлари бор, кўпларида чўмилиш мумкин; серфинг ва бошқа сув спорт турлари ҳам ривожланган. Осмонўпар бинолари сони 550 га яқин: бу борада дунёда биринчи ўринда. 484 метрли Халқаро тижорат маркази (ICC) ҳозирча энг баланд иншоот бу ерда. Ҳонгконгдаги аксар биноларда “4-қават йўқ”, яъни бинолар қавати 3 дан 5 га ўтиб кетади, чунки “тўрт” сўзи кантон тилида ўлим (бахтсизлик) сўзига уйқаш. Ҳонгконг мамлакат бўлмаса-да, Олимпия ўйинларида алоҳида давлат каби иштирок этади.

Кўприк ва ўтиш йўллари остини гулзор қилишни Ҳонгконгдан ўргансак бўларкан.

Дунёдаги миллиардерларнинг кўпчилиги Ҳонгконгда яшайди. Бу борада у Пекин ва Нью-Йоркдан кейин 3-ўринда. Ҳонгконгдаги энг йирик пулдорнинг оти Ли Шауки, унинг бойлиги 32,6 миллиард доллар. Кунг-фу, уся ва бошқа жанг санъатларига оид кинофильмлар 1900-йиллар бошидан буён асосан Ҳонгконгда ишлаб чиқарилади. 70-йилларда Брюс Ли, Жеки Чан ва Жет Ли кабилар уни юқори чўққига кўтаришди.

Ҳонгконгда 263 та орол бор. Лантау, Ҳонгконг, Ченг Чау ва Ламма каби йирикроқ оролларга паром-қайиқда борса бўлади, баъзиларига эса бориш мушкул ва кимсасиз. Ҳонгконг ва Тошкент ўртасидаги масофа – 4672 км. Ҳонгконгда қуёш Ўзбекистондан 3 соат аввал чиқади.

Кеча анор пишиб ётган кўча бўйлаб шаҳар ичкарисига томон пиёда 12 километрча йўл юриб қайтдим. Ҳаво зўр, пиёда йўлаклари хавфсиз, емакхоналар, дўконлар, хиёбонлар, черковлар, боғчалар, мактаблар, масжид, ва турфа хил одамлар оралаб юришга изн берган Аллоҳга шукрлар бўлсин!

Ҳонгконгда ҳар куни келиб китоб ўқийдиган, тафаккурга чўмадиган жойим.

Сафар-саёҳатнинг яхши томонларидан бири шуки, ўзинг борган юртда кўрган-кечирганинг қалбингни ижобий ҳисларга тўлдиради, ҳамма нарса ҳақида яхши ўйлаб, яхши гапиргинг келади.

Катта шаҳарларда уй/отелдан 100 метрча юриб, осма кўприкдан ўтаркан, сершовқин йўлдан, ғала-ғовур маҳалладан ва ё гавжум бозордан чиқиб қоласиз. Ҳонгконгда ҳам шундай. Ўтган куни чап тарафга анча юргандим, бугун ўнг тарафга озроқ юриб, бошқа бир шаҳарчага тушиб қолгандай бўлдим. Энди шу ердан бозор қиламан!
Танишинг: камина билан Ҳонгконг резиденциясида бир ой давомида шу 3 шоир ва ёзувчи ҳам бўлади. Тўғри, март бошида бир ҳафта давом этадиган халқаро фестивалга ўнлаб бошқа чет эллик ижодкорлар ҳам келади, аммо суратдаги тўрт киши бу йилги резиденция учун эълон қилинган йирик танлов ғолибларидир: испаниялик Ана Мерино, ганалик Габриэль Майно, австралиялик Ронни Скот ва камина.

Улар ҳақида алоҳида постлар ёзаман. Кузатишда, савол ва комент ёзишда, энг муҳими, бошқа дўст, шогирдларингизга улашишда давом этинг! Адабиётга оид кўрсатув, эшиттириш қилувчи радио-тв, журнал ва газета ходимларига алоҳида суҳбатлар қилиб беришим мумкин, демоқчи эдим-у, бизда ўзи мустақил ё сал эркинроқ, жиддийроқ нарсаларни ёзадиган бирорта ҳам нашр йўқлигини эсдан чиқарибман. Махсус рухсат олиш керак! Айниқса, уюшма аъзоси бўлмаган Аъзам Обид ҳақида ёзиш учун.

Зоҳид Вонтайсин номидаги ибодатхона жуда гўзал ва ҳамиша гавжум. Даосизм таълимотига кўра, инсон руҳи абадийдир ва табиат билан қовушиб кетади. Соддалик, қаноат, меҳр-оқибат, оқимга қараб иш кўриш, ўтган ишга салавот дейишни тарғиб қилади. Ёрқин ранглар, қирмизи чечаклар, ҳовузда эмин сузган тиллатус жониворларни кўриб, руҳингиз янгиланади.
Ҳонгконгда 500 дан ортиқ кўркам дарахт тури бор. Менга энг ёққани “бомбакс сейба” ёхуд момиқ дарахт. Уни “қаҳрамон оғоч”, “ипакли-қизил пахта дарахт” ҳам дейишади. Афсонага кўра, Ҳайнан оролида яшовчи Лизу қабиласининг Жибей отли доно ва жасур саркардаси бўлган. Ички душманлардан бири уни Вижу Шан тоғи чўққисига алдаб бошлаб бориб, душман ўқига рўбарў қилади. Қўрқмас саркарда таслим бўлишдан бош тортиб, сон-саноқсиз ўқларга кўксини қалқон этиб, тоғ чўққисида мардона тик турганча ҳалок бўлади. Унинг танаси дарахтга, илма-тешик баданидан оқаётган қонлар эса қирмизи гулларга айланади. Довюрак саркарда шарафига лизу халқи бу дарахтга “қаҳрамон оғоч” ва ё “жибей” деган лақаб қўйишади.

Қишда баргларини тўкадиган бу дарахт тик ўсади, бўйи 20-40 метр. Баҳорда 5 та гулбаргли қирмизи чечаклари қийғос очилади, ичида пахтага ўхшаш толаси бор. Гулидан тиббиётда кенг фойдаланиларкан.
Китоб ўқийдиганим хиёбонда битта шундай қаҳрамон оғоч бор, мевага ўхшаш оғир гуллари гоҳ-гоҳ тўкилиб турибди. Кеча бир талаба қиз у гулларни бошқа бир гул устига териб безатаётганини кўриб завқландим. Бугун мана буларни ўзим териб қўйдим. Каналимни мунтазам кузатиб бораётган барча яқинларим ва дўстларимга совға қилсам майлими?
Қанисиз?
Қўлидан етаклаб чет элларга олиб чиққаним шоир, ёзувчиларимиз бор. Мени эмас, ҳатто ҳамма учун зарур лойиҳаларимниям ҳам тарғиб қилиш тугул, ёнимда туриб беришолмаган, менга отилган тошларни жим туриб кузатишган, балки севинишгандир ҳам… Аммо унутаман, ҳамма афсус ва ҳафсалам пир бўлган кунларга хайр, дея қўл силташдай одатим бор! Ҳозир ҳам шу ерда, Ҳонгконгда, менинг ўрнимда бошқа киши бўлса қандоқ яхшийди, деб хаёл қиламан. Масалан, яхши кўрган ёзувчим Набижон Боқий. Ва ё Ҳалима Аҳмад. Ва ё Баҳром Рўзимуҳаммад. Ва ё умидли деб кўкка кўтарилаётган айрим ёшлар. Қайдасизлар?
Мен чиндан ҳам қайсарман! Менда “олувуз беровуз” деган мужмал тушунча йўқ. Ҳа, мен илғор, замонавий ижодкор бўлиш учун тил ўрганинг ва ўзингиз дунёга чиқинг дейман! Ўзим босиб ўтган йўлни қадамба-бақадам тушунтираман, имкониятларни улашаман. Ҳаммаси учун пул керак эмас! Мен 20 йил аввал дунёдаги энг машҳур ижодий дастурга борганимда пулим йўқ эди. Бугун Ҳонгконгдаман, пулим борлиги учун таклиф қилинмадим. Ўзбекистонда ўзига тўқ шоир ва ёзувчилар оз эмас. Пули кўплиги учун чет элларга чиқиб машҳур бўлиб кетган ким бор? Бир неча хорижий тилни ўрганган каминада ижодий истеъдод борми-йўқми?
(Давоми бор)