Ўзбекистон ўзининг халқаро адабиёт фестивалини очиши керак

Шоира Гўзал Бегим билан Таиланд пойтахти Бангкок аэропортига қўнганимизда, осмон қора кўрпасини ёпишни бошлаганига қарамай, учоқдан аэропорт биносига ўтишдан аввал бир муддатга ташқарига чиққанимиз учун ҳавонинг ҳарорати анча баланд эканини пайқаш қийин эмасди. Эртаси азонда ўтирганимиз каттакон аэробус бизни Ҳанойга учириб келди. Бошқа рейсларда бу ерга қўнган бир неча шоир дўстларимиз билан вьетнамлик ёш кўнгилли-волонтёр қизлар кузатувида шаҳар марказидаги байрамона безатилган меҳмонхонага келиб тушдик. 
6

Назаримда, Ҳаной ўтган сафаргига қараганда кенгайгандай, янада чиройлироқ бўлиб кетгандай туюлди. Шаҳарсозликдаги қайсидир жиҳат Деҳлига ўхшайди, аммо бу ерда сув сероб, кўлчалар, ҳовузлар ён атрофда талайгина. Кўчалар равон, шунга яраша мотоцикл ҳайдовчилар жудаям кўп, йўлни пиёда кесиб ўтмоқчи бўлсангиз, тезликни пастлатиб, оғринмай йўл беришади.
5
Вьетнам нилуфаргуллар мамлакати эканини, Тошкентдаги энг қиммат гулларнинг ифори бу ерда ҳар бурчакда таралишини сезиш қийин эмас. Мартнинг илк кунларида турли цитрус мевалар, полиз экинларидан татиб кўриш мароқли. Денгиз маҳсулотлари, гуруч, кўкатли шўрваларнинг таъми ўзгача. Майин ёмғир шивалаган кечаларнинг бирида таржимон дўстимиз Хиен ва унинг спортсевар дугонаси жўрлигида митти стулчаларга ўтирганча маҳаллий ширинликлардан татиб кўриш, Тошбақакўл атрофида сайр этиш, самога шеър битаётган қалам олдида бир зум ўйга толиш жуда бошқача. Бу ўлканинг ёмғири жуда, жудаям нафис. Усти-бошингга тушиб, танангга сингиб кетгандай, ҳечам ҳўл бўлмайсан киши. Ҳалонг кўрфазида ўтказган ана шундай маъсум ва нурли ёмғирли кеча ҳаётимдаги энг фусункор лаҳзалардан бири бўлган.
4
Осиё-Тинч уммони минтақаси иккинчи халқаро шеърият фестивалида элликка яқин ғарбу шарқ мамлакатларидан юзлаб шоир, таржимон, рассом, санъатсеварлар иштирок этди. Бу гал араб мамлакатларидан келган шуаро нисбатан кўпчиликни ташкил этгани диққатимни тортди. Ироқлик, уммонлик, мисрлик шоирлар ҳамма қатори ижод намуналаридан ўқиди, баҳсларда қатнашди. Ироқлик шоир дўстимиз саҳнага чиқиб, “айни лаҳзаларда яқин қариндошларим, биродарларим ҳалок бўлди, тинчлик деган неъмат қанчалик ҳам қадрли бўлиб кетди биз яшаётган дунёда” дея қалбимизни ларзага солди.
9
Бутун жаҳонда осойишталик, тенглик, кенглик, дўстлик, меҳр-мурувват шабадалари эсишини юрак-юракдан истаб, гулларга бурканган Ҳаной Опера театрида бир майин қўшиқ куйладим. Бошимга ўзбегимнинг дўпписини қўндириб олганимда ҳам қандайдир маъно бордек эди: юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, аммо бундай қутлуғ неъматларга шукр қилиб, ҳали жуда кўп муаммоларни ечишимиз, дунёга бўй чўзишимиз, иқтисодимизни юксалтиришимиз, ёшларга иш беришимиз, бағримизни, юртимиз эшикларини яхши ниятлиларга, халқимиз учун фойдали ғоя ва лойиҳаларга кенгроқ очишимиз, ҳақиқат ва адолатли турмуш учун тинмай курашишимиз кераклигини куйлагим келарди.
11
Мезбонлардан бу ерда ёшлар иш топа оладими, деб сўрайман. Ҳа, дейишади, оммавий равишда чет ўлкаларга иш ахтариб кетаётганлар борлигини сезмайсан киши. Қизил галстук таққан мактаб ўқувчилари, алвон куйлакли қизлар, қуюқ рангли матолар, конуссимон шапка кийган ёш-яланг, барчаси болалик хотираларимни эсга туширади.
7
“Ўзбекистонда ҳам халқаро шеърият фестивали борми?” деб сўрайди турли мамлакатлардан келган шоирлар. Қанийди! Бу менинг камида ўн йиллик орзуим! Ўзбек адабиёти намуналарини инглиз тилига таржима қилиш, чет элда тарғиб қилишга қаратилган йиллик махсус адабий дастурни бошлаш ҳақидаги таклифга юртимиздаги ёзувчиларнинг расмий уюшмасидан қарийб икки йилдан буён жўяли жавоб ололмай ҳалакмиз. Маблағ бор, режа бор, тайёр дастур бор, ҳатто улар томондан истак ва маъқуллаш ҳам бор, аммо ҳаракат йўқ. Тепадан кимнингдир буйруғини, кимнингдир йиллар давомида рухсат беришини кутишинг керак. Ҳеч бўлмаса ўн нафаргина шоиру ёзувчини, ва ё адабиётимиздан намуналарни аллақачон инглиз, француз, корейс, ҳинд, ассам, испан, поляк каби дунё тилларига таржима қилган мутаржимларни жалб этган ҳолда ихчамроқ бир халқаро адабий анжуманга мезбонлик қилиш учун бизда бағрикенглик ва шижоатдан бошқа яна нима етишмайди? Қачон адабиётимиз эшикларини дунёга очиб, жаҳон адабиёти вакиллари билан жиддий муносабатларни йўлга қўямиз? Мамлакат раҳбарининг матбуотда босилган адабиёт ривожи ва халқаро тарғиботга қаратилган неча йиллар аввалги чиқишининг ижроси нега суст, деб савол сўрайлик ўзимиздан. Шундай халқаро адабий анжуман ўтказиш учун тажриба борми? Бор! Ишонмасангиз, менга қўйиб беринг, азбаройи ёрдам беролмасангиз, ҳеч бўлмаса тўғаноқ бўлманг, дегинг келади.
3
Ҳалонг кўрфазидаги табиат мўъжизасини кўришга кетарканмиз, денгиз сувлари биз чиққан икки қаватли қайиқни тебратиб, аллалайди. Тоза ниятли шоирлар мусаффо ҳаво ва гулларга бой Вьетнамда йиғилиб, Яратгандан барча халқу элатлар учун тинчлик, омонлик, баракот тилаётган шу лаҳзаларда бутун ер курраси тебраниб-тебраниб бораётгандай бўлади. Сўзга чиқишга шай турган Гўзал Бегимнинг “Алла, болам” шеърини шошилинч таржима қилишга тушаман:
Ойнинг ўн бешида кўзим қораси
қўлимда ловуллаган ҳаяжон
ерни тебратяпман мен
алла болам алла
1
Ҳар гал бирор фестивалга борсам, у ерда танишганим шоиру ёзувчиларнинг асарларидан таржималар қилиб, кичикроқ баёз тузишга, жаҳон адабиётининг бугунги вакиллари нималар ёзаётгани, ўй-фикрлари, орзу-армонлари билан ўзбек ўқувчиларини таништиришга уринаман. Бу гал ҳам шоир дўстларимиз бир талай китоблар совға қилишди, тез орада уларни ўқиб, энг сараларини ўзбекчага ўгиришни ният қилдим.
2
Мана, қўлимда турк шоирлари Муяссар Ениай, Метин Женгиз, индонезиялик Мас Агус, шанхайлик Жейми шеърлари, замонавий хитой шеърияти намуналари, вьетнамлик шоирларнинг баёзи турибди, яна гонконглик Дэвид Маккурди ва Гори, австралиялик Женифер, покистонлик Имдот, уммонлик Халифа, Япония, Монголиядан келган бошқа шоирларнинг ҳам ижоди билан яқиндан танишиш ниятидаман.

Бангкоклик ёши улуғ шоира хоним, соҳибжамол Порнпен Ҳантракулнинг шижоатига қойил қолиш керак. Таиланд пойтахтида туғилиб ўсган бу сертабассум хоним тиним билмайди, кўп саёҳат қилади, кўп ёзади, гўзал мушоҳадага берилади, атрофидаги инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳар доим шай, саёҳатномаларини ижтимоий тармоқларда фаол бериб боради. У ва бошқа шоирлар билан кундуз ва оқшомларда қурганимиз ҳаётий воқеалар, тарих сабоқлари, ижод онлари хусусидаги завқли ва самимий суҳбатлар умримнинг энг чароғон кунларида содир бўлди, дея оламан. Вьетнамда олис колумбиялик, каминага анчайин қадрдон бўлиб қолган шоир дўстимиз, Жанубий Америка ва бутун дунёда шеърият байрамларини ташкил этиб, нафис сўз қудратидан тинчлик ва биродарликни тарғиб қилишда оқилона фойдаланиб келаётган жасоратли инсон Фернандо Рендонни, Ҳиндистоннинг мағрур ва хокисор пальмалар ўсадиган, энг озода ва денгиз сувлари ювиб турган чекка штатида яшовчи, халқаро “Критя” фестивалига асос солган шоира Рати Саксена билан қайта юз кўришганимдан бошим осмонга етди. Ратининг ҳинд, инглиз ва ўзбек тилли шеърий тўпламини тез орада нашрга тайёрлашни, Фернандо билан эса Жаҳон шеърият ҳаракатининг келгуси режаларини маслаҳатлашиб олдик.
15
Вьетнам мана иккинчи бор бутун дунёдан ижодкорларни жалб қилиб, ўзининг гўзал адабиётини, нафис шеъриятини тарғиб қилишда Тинч уммони ва Осиё ҳудудида етакчилик қилмоқда. Бу тадбир ҳукумат даражасида олиб борилиб, давлат раҳбарининг шахсан ўзи адабиёт равнақи, миллатлараро дўстлик ва адабий алоқаларни янада юксак поғонага кўтаришга хайрихоҳлик билдирмоқда. Бундай эътибор ва ҳаракат натижасида тез орада Вьетнам дунёдаги халқаро адабиёт фестиваллари орасида ҳам машҳур бўлиб кетиши, Ҳаной ЮНЕСКО эълон қиладиган дунё адабиёти шаҳарларидан бирига айланиши турган гап ва биз бунга фақат ҳавас қиламиз.
12
Назаримда, Ўзбекистонда ҳам халқаро адабиёт фестивалини ўтказиш учун ҳамма шароит мавжуд. Энг тоза ниятлар билан кичикроқ шундай анжуманни бошлаб олсак кифоя, у ёғи ўз-ўзидан йирик фестивалларга уланади. Ақалли Марказий Осиё ҳудудида бу ишни, шундай тадбирни амалга оширишимиз дунё адабий харитасидан тушиб, анчагина унутилиб қолаёзган шу минтақамиз учун нечоғли фойдали бўлишини ўйлайлик. Иншооллоҳ, дунё адибларини Ўзбекистонга таклиф қилиб, самимий мезбонлик қилиш, шоиру ёзувчиларимизни чет мамлакатларнинг кўплаб саҳналарида кўриш яқин йилларда бизга ҳам насиб этажак!
13

2015 йил, март