Бир кўнгли бўшроқ, беқарор кишимнинг иккита дипломи бўлишига қарамай, ҳали ажрашмасидан аввал, уйида-ю қўйнида маҳкам тутиб юрган аёли ўзида ҳам, ота-онасида ҳам биттагина диплом бўла туриб, “биз зиёли оиладанмиз” дея ўзини баландроқ қўйди-ю, рўзғор юкига чидолмай, айнан “оила йили”да кўч-кўронини олди-кетди. Ўртадаги тўртта қоракўз, орага тушган казо-казолар, манови икки дипломлининг ёлворишлари ҳеч кўзига кўринмади у зиёлиларнинг. “Сендан яхшисига узатамиз, яхши эр кўп биз томонда, сен қадрига етмасанг, бошқаси топилади” дейишди улар. Бу гаплардан икки дипломли уялиб-қизариб кетди, аммо нақ олти ой тинмай “қайт” дея ялингандай бўлди ўзиям. Еттинчи ой деганда орага (кўнгилга эмас) яхши бир хоним кирди-ю, эрнинг бутун умр исталган маънода “ёлғиз аёлли”, “вафодор жентельмен” бўлиб юрган мавқеини бузиб, чилпарчин этиб юборди. Ё тавба, ўзга хотин билан бир мартагина ишрат қилган эрларнинг бари учун уйидаги бекасининг “кетаман” дейиши-ю бошқа барча инжиқлиги бир пул бўлиб қолармикин ё? Ўзи ташлаб чиққан уйга бегона аёл кирганини эшитиб, икки дипломлини эса хотиржам ва деярли бахтиёр кўрган зиёли аёл зипиллаганча ортига қайтди: ишқилиб, қанча зуғум кўргани шу эр жанавар бахтли бўлиб қолмасин-да! Икки дипломлининг бор буди икки хонали квартира, уям бўлса ҳадя шартномасига биноан унга тегишли, шу боис расмий ажралаётган пайт зиёли аёлга ҳеч вақо тегмади. Ўртадаги яна бир бисот – бу жентельмен болаларим учун деб шаҳар ташқарисида қургани, зиёлининг номидаги чала битган дала ҳовли бўлиб, ажралиш онидан бирмунча аввал аёл ўз зиёсини ишга солиб, сохта ҳужжат ва ариза битиб, фамилиядош амакисининг номига расмийлаштириб қўйган. Ана энди оила яна қайта бутун бўлгач, ўша дала ҳовли можароси гоҳи-гоҳида бўй кўрсатиб турибди. Уч йилдирки, зиёлининг саксон ёшли амакиси (буниси ҳам фақат бир дипломли) хавотир олманглар, шу жойни сизларга бераман, деркан, шундай деб айтаркан холос, амалда эса текинга дала ҳовлили бўлганига шоду хуррам. Бу ёқда зиёли хоним бу норасмий мулкни қайтариб, фарзандларга хатлаб бериш ва ё ўрнига бир квартира олишга ҳеч ҳаракат қилмасмиш. “Уйингизга қайтиб келганимга шукр, денг!” дермиш холос. Икки дипломли жентельмен дала ҳовлига қадам босмасликка қасам ичган, фақат уни амакига садақа қилай деса, болалари бўйга етиб қолди, салгина кўзи қиймаяпти, аммо Худо қоракўзларимнинг ўзини молу неъматдан қисмасин, етказгувчи Ўзи, деган тасаллиси ҳам йўқ эмас. У кишимни шу кунларда сал жиғибийрон кўрдим. Нима эмиш: тилини икки қарич қилган зиёли оиланинг қизи ўз амакисидан дала ҳовлига сарфланган миқдордаги пулни олиб келмаса, бошқа аёллар билан айш қилармуш, жононлар билан сайру саёҳатга чиқармуш, ҳатто уйим, болам-чақам деб қайишадиган яна биттасини топиб, уйланиб ҳам олармуш! “Ҳе, уйланмай кетгур, сал шошма, ҳа, аввал мундоқ Фейсбук, Одно деган тармоқларда эълон ёз, кўпчиликнинг муҳокамасига қўй, ўзинг гаплашишга уялсанг, номингдан биронтамиз ўша амаки деганинг билан гаплашиб, болаларнинг ризқу жойини қайтариб беринг, деб илтимос қилармиз,” дедим. Ахир бу жентельменнинг ёши бир жойга бориб қолган бўлса, қиз бола дегани тегиши гумонроқ. Ҳозирги замоннинг унга хотин бўлиши мумкин гўзалдан-гўзал ва ё бою оғзи қийшиқ истаган жувони албатта битта фарзанд қилмасанг бўлмайди, дейишга ҳаққи бор. Бола кўпайтириш осон, тарбияга масъуллигу икки хонали квартирани қайси бирига бўлиб бериш, яхши едириб-ичиришу рисоладагидай инсон қилиш осон эмас, биродар, дедим. Боплабманми? Ана энди сўфи дўпписини ерга қўйиб, обдон ўйлаб кўрар, икки дипломли тушмагур. Ё ўйлаб кўришга аслида бир дипломли очиқ-сочиқ зиёли хоним ҳақлироқми?
© “Кичик ҳикоялар” туркумидан – 2015