Тан олиш керак, кутубхоналар ва катта-кичик залларда ўтадиган адабий тадбирларимиз анча сийқаси чиққан ва зерикарли ўтади. Кўпинча зал тўлиб туриши учун адабиёт ё ижодга мутлақо қизиқиши йўқ талаба ва ўқувчиларни мажбурлаб олиб келишади, улар орқа қаторда ғала-ғовур қилиб, тезроқ тадбир тугашини кутиб ўтиради холос. Ваҳоланки, мамлакат бўйлаб филология факультетларининг минглаб талабалари бор. Тошкентдагиларнинг аксари эса, масалан, Ойбек уй-музейи қаердалигини билмайди, умуман қизиқмайди ҳам.
Келгусидаги адабий тадбирларга жон киритиш ва қизиқарлироқ ўтиши учун бугун кутубхонадаги Ойбек домла таваллудининг 120 йиллигига бағишланган тадбир баҳона қуйидагиларни таклиф қилдим:
– ҳар бир юбилей, хотира кечаси ва ё ижодий тадбирга адибнинг халқаро адабий алоқаларга оид фаолияти, чет эл сафарлари, асарларининг чет тилларига таржималари ҳақида маълумот киритиш
– хорижий давлатларнинг Тошкентдаги элчихоналари, ЮНЕСКО, Гёте институтидан вакиллар таклиф этиб, адибимизнинг уларнинг мамлакатида чоп этилган китоблари (агар бўлса), чиқишлари, сафарлари ҳақида сўзлаб беришини сўраш; шу йил билан халқаро адабий алоқаларга йўл очиш, адибимиз асарлари таржимаси ва бошқа адабий лойиҳаларни йўлга қўйиш
– ўзбек ёш тадқиқотчи ва олимлари “фалон адибимизнинг чет элда ўрганилиши ё асарлари таржимаси” ҳақида чиқиши (қайси тилга ўгирилган, ким, қачон каби); Миллий кутубхона сайтида бу ҳақда алоҳида бўлим очиб, маълумотларни қадамба-қадам тўлдириб бориш
– агар хорижлик таржимон ҳаёт бўлса, у билан Zoom орқали боғланиб, тадбирда онлайн иштирокини таъминлаш
– инглизча Википедиани адибларимиз ҳақида батафсил маълумот, жумладан хориж сафарлари ва чет тилларига қилинган таржималар билан тўлдириш
– агар адибнинг уй-музейи бўлса, унинг манзилини эълон қилиш, учрашув ва тадбирлари рўйхатини йиғилганларга тақдим этиш
Албатта, бу таклифларни амалга киритишда ўзим яқиндан ёрдам бера оламан.
Мени топиш эса жуда осон!
