2025 БАҲОРГИ РЕЗИДЕНЦИЯ МЕҲМОНЛАРИ

ТАНИШИНГ:
2025 Баҳорги
мустақил халқаро ижодий дастуримиз меҳмонлари!

МАРИЯ ФИЛИПОВА (БОЛГАРИЯ)

Мария Болгариянинг Бургас вилояти Ситово қишлоғида таваллуд топган. 90-йиллар бошида Тошкентда ўқиган, рус филологияси факультетини Болгарияда тамомлаган. Мариянинг болгар ва грек тилларида «Капалак қаноти», «Кунчиқар тубида», «Эътиқод» ва «Қушлар учун тож» китоблари чоп этилган. У бир қанча чет эллик ижодкорнинг шеър ва ҳикояларини маҳорат билан болгар тилига ўгирган ва нуфузли адабий мукофотга сазовор бўлган. Ҳозир тарихий Пловдив шаҳрида яшамоқда. “Ўзбекистонда Ёзувчи/рассом резиденцияда дастурининг илк иштирокчиси”, у 2019 йили Пловдивда ўзбек ижодкорлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон адабиёти ва санъати ҳафталигини ўтказган. Мария “Ўзбекистон – эртагим менинг” номли асарини ёзди, “ИМЕОН” нашриёти уни болгар тилида нашр этди. Китоб ўзбек ва рус тилларига таржима қилинган.

*****

МУҲАММАД АЛ-ДОМАЙНИЙ (САУДИЯ АРАБИСТОНИ)

Шоир ва ёзувчи Муҳаммад ал-Домайний 1959 йили Саудия Арабистони жанубидаги ал-Баҳа шаҳрида туғилган. Кутубхоначилик соҳасида таҳсил олган, “Ал-Явм” адабий газетасида муҳаррир бўлиб ишлаган. Кечинчалик у порт-шаҳар Даммомда чиқадиган “Дарин” адабий-маданий нашрига муҳаррир, 2010 йилда эса “Ал-Қафилаҳ” (“Карвон”) журналига бош муҳаррир бўлди. “Шодлик вайронаси”, “Қияликдаги қулоқлар”, “Ўқларга чап берган қуш”, “Кимса асролмаган кунлар” каби китоблари босилган. Асарлари дунёнинг кўп тилларига ўгирилган. Муҳаммад ал-Домайний Яқин Шарқ ва Оврўпадаги адабиёт анжуманларининг фаол иштирокчисидир. У ҳозир оиласи билан Заҳран шаҳрида яшайди. Араб тилида ўзи ўқиган шеърини мана бу ерда эшитиш мумкин: https://www.lyrikline.org/fr/poemes/6221

*****

МУҲСИНЕ АРДА (ТУРКИЯ)

Шоира, романнавис Муҳсине Арда 1952 йили Туркияда туғилган. 1980-1997 йиллар оралиғида у турли мамлакатларда яшаган. Нью-Йоркда узоқ муддат ўқитувчиликдан сўнг, 1997 йилда Туркиянинг Бурса шаҳрига қайтиб келган. Саккизта шеърлар тўплами, ҳикоя ва эсселари, иккита романи чоп этилган. У ўз асарларида хотин-қизлар ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилади. Муҳсине Арда 1999 йилдан 2021 йилгача “Dikili Ekin” адабий журналининг муҳаррири сифатида фаолият юритган. У 1997 йилда Ўмер Сейфеттин номидаги мукофотга сазовор бўлган. У Бурсада биринчи Жаҳон шеърият кунини муваффақиятли бошлаб, бу тадбирни етти йил давом эттирди. Унинг биринчи романи “Интиҳор кўз ёшлари” 2015 йилда босилиб, швед, форс ва испан тилларига таржима қилинган. Иккинчи романи “Бешбирерда” эса 2020 йили чоп этилиб, шу йили Туркиянинг “Bursa Budep” ташкилотининг “Йил романнависи” мукофотига сазовор бўлган. У ҳозир Бурсада яшаб, ижод эркинлигини тарғиб қилувчи миллий ва халқаро тадбирларни ташкил этиб келмоқда.

*****

АТТИЛА БАЛАЗС (РУМИНИЯ)

Аттила Балазс венгриялик шоир, ёзувчи, адабий таржимон ва муҳаррир, 1954 йил 15 январда Таргу-Мурешда туғилган. Мактабни тугатиб, Алба-Юлиадаги Илоҳиётшунослик институтида таълим олган, кейинчалик кутубхоначилик мутахассислигини эгаллаган. 1990 йилда Братиславага кўчиб ўтиб, аввал журналист сифатида ишлаган, сўнгра китоб ва журналлар нашр этадиган “AB ART Publishing” нашриётини ташкил этган. У Париждаги Европа фанлар, санъат ва адабиёт академияси, Руминия Ёзувчилар уюшмаси, Венгрия Ёзувчилар уюшмаси ҳамда ПЕН клуби аъзосидир. Асарлари 27 тилга ўгирилган, 24 тилда 64 та китоби, 65 та таржима тўплами босилган. Аттила Балазс ўз ватани ва хорижда ўнлаб мукофотларга сазовор бўлган.

 

*****

КЙЎ БИҲ ҲАУ (ВЬЕТНАМ)

Кйў Биҳ Ҳау ёзувчи, шоира, таржимон ва маданият элчисидир. Хунг Ен вилоятида туғилган, замонавий вьетнам адабиётининг таниқли овози ҳамда “Writer & Life”, “NEUMA” ва “Humanity” журналларининг муҳаррири ҳисобланади. У адабий алмашинувни кенгайтиришга ҳисса қўшувчи Ҳаной аёл таржимонлари ташкилотининг асосчиси ва раҳбари ҳамдир. Кйў Ҳаунинг насрий, шеърий асарлар ва эсселердан иборат 28 та китоби нашр этилган, асарлари 20 дан ортиқ тилга таржима қилинган. У тўққизта нуфузли адабий мукофот, жумладан, Вьетнам-Венгрия маданий алоқаларини ривожлантирганлик учун “ART Danubius” мукофотига сазовор бўлган. У халқаро миқёсда ўтказилган кўплаб ижодий тадбирларнинг ҳам фаол иштирокчисидир. Кйў Биҳ Ҳаунинг асарлари чуқур инсоний тажрибаларни ўзида акс эттириб, Вьетнам анъаналарини умумбашарий мавзулар билан уйғунлаштиради.

*****

ЖЕЙМИ ПРОКТОР ШЮ (АҚШ/ХИТОЙ)

Жейми икки тилли шоира, таржимон ва халқаро шеърият тадбирлари ташкилотчиси бўлиб, кўп вақтини Шимолий Калифорния ва Хитойда ўтказади. Шеър, очерк, мақола ва таржималари АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Бангладеш, Ҳиндистон, Колумбия каби мамлакатлардаги тўпламлар ва журналларда чоп этилган, у Шимолий ва Жанубий Америка, Осиё ва Африкадаги шеърият фестивалларида иштирок этган. Жейми 2013 йилда Хитой адабиётига қўшган ҳиссаси учун Чжужианг шеърият мукофотига сазовор бўлган. 2020 йилда Сонг Линнинг “Якшанба чумчуқлари” тўплами таржимаси учун Шимолий Калифорнияда таъсис этилган мукофотни қўлга киритди. У Чжаи Юнгминг, Оуянг Жиангхе, Шу Тсай, Ли Явей ва бошқа кўплаб машҳур хитойлик шоирларнинг шеърларини таржима қилиб нашр эттирган. Ўзининг “Жилолар”, “Колибри ёққан юлдуз”, “Рақс авжида”, “Оловдан учган сўзлар”, “Ёриқ сайёра”, “Ёмғир поезди” каби шеърий ва таржима китоблари босилган.

*****

СОННЕТ МОНДАЛ (ҲИНДИСТОН)

Соннет — ҳинд шоири, муҳаррири, кўплаб шеърий тўпламлар, жумладан “Шууримдаги кундуз” китоби муаллифи. У АҚШ, Колумбия, Европа давлатлари, Қозоғистон, Туркия, Никарагуа, Мадагаскар ва Жанубий Африкадаги адабий фестиваллар иштирокчисидир. Соннет “Гаятри Гамарш” мукофотига сазовор бўлган ва 2024 йили нуфузли “Саҳитя Академияси” Юва мукофоти учун номзодлар рўйхатига киритилган. Асарлари “Harper’s Bazaar”, “Virginia Quarterly Review”, ”Words Without Borders” каби нашрлар саҳифаларида чоп этилган. Мондал 2014 йилдан 2016 йилгача АҚШдаги Айова халқаро ижодий дастурининг “Ипак йўли” лойиҳаси муаллифларидан бири бўлган ва 2023 йилда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида меҳмон ёзувчи сифатида фаолият юритган. У Калькуттадаги Халқаро шеърият фестивали – “Chair Poetry Evenings” ташкилотчиси ва директори, шунингдек, “Лириклайн”нинг Ҳиндистон бўлими муҳарриридир. Соннет Мондал асарлари дунёнинг йигирмадан ортиқ тилига таржима қилинган.

*****

ИРЕНА КОБАЛЬД (АВСТРАЛИЯ)

Ирена болалар ёзувчиси, шоира ва рассом, Австрияда туғилган, 1980 йили Ноймарктдаги мактабни тугатган. 26 ёшида Австралияга кўчиб ўтган. Квинсленд университетида рус тили ва адабиёти факультетида ўқиган. Тувумба шаҳрида немис тилидан сабоқ берган, мактабларда инглиз тили ўқитган, кейинчалик университетда дарс ўтган. “Икки адёлим” (My Two Blankets), “Орзу сотувчиси”, “Юрагимдан қалбингиз тараф” каби китоблари машҳур. “Икки адёлим” 21 тилга таржима қилинган, Европа ва Австралия театрларида саҳналаштирилган. Шу китоби учун Ирена Кобальд 2015 йили Болалар китоб кенгаши мукофотини олган. Рассом сифатида у “био санъат” йўналишини танлаган, она табиат қўйнидаги неъматлардан турли дизайн ва нақшлар ясайди. Асарларидан намуналарни мана бу сайтда кўриш мумкин: www.bingalum.com

*****

ҲЕНРИЕТТА УВЕГЕС (СЛОВАКИЯ)

Шоира, таржимон ва муҳаррир Ҳенриетта Увегес 1979 йил 13 апрелда Словакиянинг Вельке-Капушани шаҳрида туғилган. У Кошице техника университетида таҳсил олган, Венгрия Фанлар академиясида аспирантурани тугатган. Ҳенриетта маданий мерос, халқаро ҳамкорлик ва ҳудудий ривожланиш соҳаларида фаолият юритган. Словакиянинг қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳит вазирликларида давлат маслаҳатчиси лавозимида ҳам ишлаган, чегаралараро ҳамкорлик ва иқлим ташаббусларига салмоқли ҳисса қўшган. 2025 йили Ҳенриетта Увегес “AB ART” нашриётида муҳаррир бўлди. Унинг ижодий мероси шеърлар, таржималар ва илмий нашрларни ўз ичига олади. У бир қатор мукофотларга сазовор бўлган, жумладан Словакия шеърият танловида эътироф этилган. У Дейл Карнеги институти мулоқот курслари халқаро ўқув дастурларида иштирок этган. М.Штефан, Манолис Алигизакис асарларини таржима қилган, ўзининг “Проекция” номли шеърий тўплами нашр этилган.

*****

БОЯН АНГЕЛОВ (БОЛГАРИЯ)

Шоир, ёзувчи, Боян Ангелов 1955 йили Болгариянинг Панагюриште шаҳарчасида туғилган. София университети фалсафа ва болгар филологияси факультетини тамомлаган. 1998-2005 йилларда Швейцарияда яшаб, ижод қилган, докторлик илмий даражасини олган. 21 та шеърий китоби нашр этилган, асарлари инглиз, немис, рус, испан, итальян, чех, хитой, украин, араб ва кўплаб бошқа тилларга таржима қилиниб, чет элларда босилган. У “Болгар адиби” номли нашриёт директори, шунингдек, 2014 йилдан буён Болгария ёзувчилар уюшмасининг раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

*****

ЧАҒНАМ ЭРКМЕН (ТУРКИЯ)

Чағнам 1963 йили Истанбулда туғилган, ёзувчи, дастлаб тасвирий санъатга қизиққан ҳолда, тазҳиб (зарлаш, тилла суви юритиш) ва миниатюра каби анъанавий безак усуллари билан шуғулланди. Бироқ, бадиий адабиёт унинг чин иштиёқи бўлиб қолаверди. Ўзининг ҳозирги адабий услубини “замонавий реализм” деб таърифларкан, Чағнам Эркмен “Тўсатдан ва бирдан” ҳамда “ЙОК” ҳикоялар тўпламини чиқарди, эл орасида “Йилдизфер”, Ўл”, “Сенга бағрин очар ким” романлари билан танилди. У яна адабий журналларда тез-тез мақолалари билан қатнашиб туради, китоб ярмаркаларида иштирок этади. Ижоди орқали Чағнам Эркмен инсон тажрибасининг теран қатламларини ўрганиш ва ўзига хос сўз воситасида ифодалашни давом эттирмоқда. Ўзбекистонда ўқувчи ва талабалар, ижодкорлар билан яқиндан танишиб, дўстона алоқаларни боғлаш ниятида.

*****

ЁРМА КАСТИНЕН (ФИНЛЯНДИЯ)

Ёрма Кастинен кенг қамровли халқаро тажрибага эга бўлган ажойиб китобхон ва собиқ менежмент мутахассисидир. У Европа, Яқин Шарқ, Африка ва Лотин Америкасида телекоммуникация ва ахборот технологияларига оид йирик лойиҳаларга раҳбарлик қилган. Адабиёт, тарих ва маданиятлараро мулоқотга бўлган қизиқиши ва иштиёқи туфайли у ҳам бизнинг резиденция дастуримизга қўшилмоқда. У апрель бошида австралиялик ёзувчи меҳмонимиз Ирена Кобальд билан Бухоро ва Шаҳрисабзга саёҳат қилади. Кастинен жаноблари юртимизда китобхонлар билан мулоқот қилишни, шунингдек, мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданий мероси билан танишишни, ўз навбатида бизни ҳам Финляндия билан таништиришни орзиқиб кутмоқда.

*****