“ТАРЖИМА ҚИЛИШ БАЪЗАН ШЕЪР ЁЗИШДАН КЎРА КУЧЛИРОҚ ҲУЗУР БЕРАДИ”

Назира Қурбон ва Аъзам Обид суҳбати:

Таржима – миллат ва халқлар маданиятини бир-бирига боғловчи ришта, таъбир жоиз бўлса, кўприкдир. Дунё халқларининг неча асрлардан бери яратилган умуминсоний маданият дурдоналаридан баҳраманд бўлишларида таржимашуносликнинг ўрни беқиёс. Айниқса, чет эллик ўқувчиларни ўзбек адабиёти дурдоналари ва аксинча жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек китобхонларига танитишда заҳматкаш ижодкорлар, таржимонларнинг хизматлари алоҳида эътибор ва эътирофга сазовордир. Сўнгги йилларда ўзбек таржимачилиги ривожига муносиб ҳисса қўшаётганлар қаторида шоир ва таржимон Аъзам Обиднинг номи тез-тез тилга олинаётир. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки Аъзам Обид ўзбек адабиётидан шеърий ҳамда насрий асарларни инглиз тилига қилган таржималари чет элларда қатор газета ва журналларда босилган. Жаҳон классик ва замонавий адабиёт намуналарини ўзбек тилига ўгирган. Инглиз тилидаги “Осиё оҳанглари” номли ўзбек шоирларининг шеърлари анталогиясини тузган. Халқаро шеърият ва таржима анжуманлари, адабий фестиваллари ва дастурларида  иштирок этган. Ўзининг шеърлари инглиз, испан, рус, турк, вьетнам, япон, ҳинд, ассам, малаялам, гужарати, болгар, француз тилларига таржима қилинган ва чет элларда босилган.

–                Аъзам ака, сизнинг таржимонлик фаолиятингизни кузатганда кўпроқ инглиз тилидан, қолаверса француз, испан тилларидан қилган таржималарингиз қаторида Шарқ тилларидан қилинган асарларни ҳам ҳам кўриш мумкин. Бу жараёнлар хусусида тўхталишдан олдин ўзбек адабиёти намуналарининг Ғарб ва Шарқ тилларига таржималари нисбати ва сифати ҳақидаги фикрларингизни билишни истар эдик.

–                Бадиий асарларни аслиятдан қилинган таржималар ҳақида гап кетганда асосий ўринни рус тили эгаллашини таъкидлашни истардим. Чунки агар биз рус тилини Ғарб тили деб оладиган бўлсак, бошқа хорижий тилларга қараганда рус тилидан ва аксинча шу тилга қилинадиган таржималар кўп. Шунингдек, бошқа тиллар билан ўзбек тили ўртасида бу тил кўприк вазифасини ўтайди. Ғарб тиллари инглиз, француз, немис, испан тилларидан қилинадиган таржималар ҳам асосан рус тили орқали бўлади. Тўғри, мустақиллик даврида Ғарб тилларидан тўғридан-тўғри таржима қилиш бирмунча кўпайди, лекин ҳали етарли даражада эмас. Шарқ тилларидан қилинадиган таржималар ҳақида гап кетганда, адабиётимизнинг, айниқса мумтоз адабиётимиз тили асосан форс ва араб тили билан боғлиқлигини таъкидлаган ҳолда улардан қилинган таржималар кам эмас деб ҳисоблайман. Шунингдек, қардош тиллардан ҳам таржималар кўп. Тўғри, қардош халқлар адабиётини ўзбек тилига ўгириш бирмунча осон. Гап тилнинг осон ёки қийинлигида ҳам эмас, балки таржиманинг сифатида ва адабиёт ихлосмандларига тўғри етказилишида. Шу ўринда Ўзбекистонда хорижий адибларнинг асарларини ўзбек ўқувчиларига таништиришда “Жаҳон адабиёти” журналининг ўрни алоҳидалигини эътироф этиш керак. Унинг саҳифаларида мунтазам чет эллик ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига ўгириб, чоп этиб борилади.

–                Сиз жуда кўп хорижий давлатларда бўлгансиз. Европа билан бирга қатор Осиё давлатларига ҳам боргансиз. Инглиз тилидан ташқари ўша давлатларнинг ўзини тилига таржима қилинган ўзбек адабиёти намуналарини кўрдингизми?

–                Бу саволингизга мисол орқали жавоб қайтарадиган бўлсам, ўтган йили Вьетнамда шеърият фестивалида иштирок этдим. Ўзбек адабиётини китоб ҳолатида қилинган таржималарни бу мамлакатда кўрмадим. Лекин Ҳиндистонда бор, кўрганман. Мамалан, 48 нафар ўзбек шоирининг шеърларидан тузилган антологияни шоир Праяг Сайкия ассам тилига таржима қилиб, Ассам штатида китоб ҳолида чоп эттирган. Бу тилда Ҳиндистоннинг ўттиз миллиондан ортиқ аҳолиси гаплашади. Бундан ташқари газеталарда ва журналларда ўзбек шоир ва ёзувчиларининг асарлари таржима қилиниб, бериб борилади. Айниқса, Ҳиндистонда ўзбек шеъриятидан таржималар бор. Охирги билганим Ҳиндистонда ўқийдиган Асрор Оллаёров деган ўзбек йигити миллий адабиётимизни бу мамлакатда яхшигина тарғиб қилади. Илгари Ўзбекистонда таржимашунослик мактаби бўлган, эҳтимол Осиё давлатларида ўзбек адабиёти, шеъриятидан таржималар бўлгандир. Лекин охирги йилларда тўғрисини айтсам, мен кўрмадим.

–                Таржиманинг асосий калити тил, таржимон эса унинг эгаси, таъбир жоиз бўлса, қулфдони. Унга эгалик қилиш таржимондан аввало, она тилни, ундан кейин хорижий тилни яхши билиш, унинг меъёрларидан тўғри ва ўринли фойдалана олишни талаб этади, шундай эмасми? Ўзбек адабиётини жаҳон тилларига таржима қилишда тил билишдан ташқари, яна нималарга эътибор бериш керак?

–                Ҳар бир тилнинг ўзига хос жозибаси бор. Ҳар бир тилнинг бошқа тилда ифодалаб бўлмайдиган эврилишлари, мусиқаси, оҳанги, руҳи бор. Ўзбек тили жуда бой,  кучли руҳий қувватга эга тиллардан ҳисобланади. Аввало ҳар бир инсон, ҳар бир зиёли, ижодкорлар, шунингдек таржимонлар ҳам ўз она тилини яхши билиши керак, менимча. Шунингдек, таржимонлар ўзи ўрганган хорижий тилни ҳам етарли даражада билиш керак, деб ўйлайман. Фақат тилнинг ўзи билан чекланиб қолмай ҳар икки халқнинг тарихи, маданияти, урф-одатлари, ўзига хослигидан ҳам хабардор бўлиш зарур. Таржима жараёнида, айниқса инглиз тилига таржима қилишда баъзан ўзбек тилининг айрим сўзларини маъносини топиш қийин бўлади. Чунки халқимизнинг сўзлашув тили жуда ширали, кўп маъноли, ўйноқи, қочиримлар, фразиологизмларга, мақол ва маталларга жуда бой. Уни инглиз тилида ўқувчига етказиш осонмас. Инглиз тилини кўпинча ихчам, бизнес тили ҳам дейишади. Шундай экан бу таржимондан катта билим, маҳорат ва топқирликни талаб этади.

–                Шахсий сайтингизда сиз ҳақингизда полиглот, яъни олтита тил биладиган мутахассис сифатида маълумот берилган. Полиглотлик кам кузатилган ва шу билан бирга ҳозирда кўп кузатилаётган ҳодиса. Кимдир битта хорижий тилни ўргана олмай қийналади, кимдир битта хорижий тил билан чекланмасдан, иккинчиси, учинчисини  ўрганиш пайида бўлади. Сиз бунга қандай эришгансиз?

–                Полиглотлик ҳозирги пайтда ноёб эмас, аксинча урф бўлаётган ҳодиса дейиш мумкин. Бир неча хорижий тилни биладиган ёшларимиз кўпайяпти. Бундан албатта хурсанд бўлиш керак. Энди кўп тил билиш масаласига келсак, бу ҳақида қаерда ёзсам ҳам, гапирсам ҳам мен ўзимни бин неча тилни биламан деб айтмайман, балки ўрганганман дейман. Билиш билан ўрганиш ўртасида фарқ бор. Ўзбек тили она тилим бўлганлиги учун биламан. Рус, француз, испан, турк, араб, немис тилларини ўрганганман. Ҳеч бўлмаганда шуларнинг баъзисидан таржима қила оламан. Ғарб тилларидан француз, испан тилини яхши кўраман. Яқинда Францияга боргандим, ҳеч қандай қийинчиликсиз бемалол гаплашиб юрдим. Кўпроқ адабий фестивалларга борганимда, мен ўрганган ўша тилларда сўзлашувчилар билан гаплашаман ва уларга фикримни тушунтира оламан. Бадиий асарларни фақат инглиз тилига таржима қила оламан. Шарқ тилларига келсак, икки йил араб тили курсида ўқиганман. Турк тилида ўқийман, ёзаман, таржима қила оламан. Қардош халқлар тилларини тушунаман, таржима қилишим мумкин. Яқинда Қозонда бўлганимда ҳамма ижодкорлар бир-биримизни таржимонсиз бемалол тушундик. Хуллас, француз, турк, рус тилларидан ўзбек тилига таржима қила оламан-у, ўзбекчадан фақат инглиз тилига таржима қилишим мумикн.

–                     Сиз инглиз тили бўйича мутахассиссиз. Бу соҳани бошқалардан яхши билади дегани. Ижодингизни кузатганда икки тилда ҳам шеър ёзишингизга гувоҳ бўлдик. Фикрлашчи? Қайси тилда фикрлайсиз?

–                Бу ҳам оддий, ҳам мураккаб савол. Тўғри мен ўзбек ва инглиз тилида ёзаман. Инглиз тилида тўғридан-тўғри ёзаман. Бу миямда айланадиган хаёллар, ғояларга, ҳолатимга, кайфиятимга боғлиқ. Инглизча ёзганимда, кейинроқ мана шу сатрлар ўзбек тилида қандай жаранглайди, деб ўйлайман. Кўпроқ барибир ўйлаганларимни ўзбекча қолиплаштираман. Инглиз тилида ўйлаб, қандай ифодаланишини, қандай эшитилишини тасаввур қилиб кўраман. Бу ижодий ҳолатни тушунтириш қийин.

–                “Китоб ўқиётиган аёл” деган шеърингизни инглизча ёзгансиз-а?

–                Ҳа.

–                 Инглиз тилида ёзганларингизни кейин уни ўзбек тилига таржима қилиб кўрасизми?

–                Йўқ. Аммо “Китоб ўқиётган аёл” шеърини илтимос қилганлари учун ўзбек тилига таржима қилдим. Ёзишим мумкин бўлган мавзуларни дафтаримга қоралаб қўяман. Яқинда сафардан келдим. Келганимдан бери бир нечта мавзу хаёлимда нимагадир фақат инглиз тилида айланяпти. Аслида кам ёзаман. Ёзишим ёки мумкин бўлган мавзуларга ҳам қарайман. Дафтаримдаги қайдларга, қораламаларга мос мавзу хаёлимда пишиб етилганда қайси тилда ўйлаган бўлсам ўша тилда ёзаман.

Ижодкорлар билан суҳбатлашганимда, уларнинг кўпчилиги нима учун ёзаётганини таърифлаб беролмайди. Ижод қийноғидан, илҳом қийноғидан қутилиш учун ёзишса керак, менимча. Сиз икки хил одам экансизда?

– Йўқ, мен икки хил одам эмасман, ўша тилнинг руҳиятига тушиб қолсам керак. Мен ўзимдан-ўзим ёзолмайман. Нимани ёзаётганимни, мақсадимни англашим керак. Шеър ёзганда у қалбларга бир нур олиб кирсин, янгилик, янги ҳолат, кайфият олиб кирсин, дейман. Кимнингдир қайтариғи бўлса, уни билиб туриб такрорлаш мен учун зид. Ижодкор хоҳ назмда, хоҳ насрда янги асар ёзадими, унда ўқувчига бирор янги гап айтиши керак.

Шарқ шеъриятига муносабатингиз. Кимларни ўқийсиз? Мумтоз адабиётми ёки замонавий шеъриятданми? Сайтингизда Япониянинг таклифига кўра тун ҳақидаги уч қаторлик шеърингизни япон тилига таржима қилингани ҳақида ёзилган. Япон шеъриятига қизиққанмисиз? Шеърият фестивалларида қатнашганингизда нималарга, ижодкорларнинг қандай асарлари сизни қизиқтиради?  Сизда бошқаларда бўлмаган имкон борки, инглиз тилидан ўзбек тилига қилинган таржимани эмас, бевосита аслиятдан ўқий оласиз.  

– Тўғри, асарларни бевосита аслиятда ўқий оламан, қанчалик тушунишим иккинчи масала. Барчасини тўлиқ тушунаман деёлмайман-ку, ундаги маъноларни англай оламан, деб ҳисоблайман. Япон, Веътнам, Таиланд шеърияти, бошқа Шарқ халқлар шеъриятида мен астойдил қизиқиб ўқийдиган бирор бир ижодкорни айтолмайман. Мен ўзимни ҳам оддий ҳаваскор ўқувчи ва ёзувчи деб биламан. Фестивалларда қатнашанимда, агар шу анжуманда 50 нафар ижодкор қатнашса, ўшаларнинг ўн нафарини аслиятидан ўқийман, улар билан гаплашаман. Уч-тўрт шоирларнинг асарларини ўзбек ўқувчисига таништириш учун шеърларини, асарларини таржима қиламан, сайтимга қўяман. Ўзимнинг дунё адабиётини ўқиш ва билиш даражам анча пастлигини биламан.

“Мана, қўлимда турк шоирлари Муяссар Ениай, Метин Женгиз, индонезиялик Мас Агус, шанхайлик Жейми шеърлари, замонавий хитой шеърияти намуналари, вьетнамлик шоирларнинг баёзи турибди, яна гонконглик Дэвид Маккурди ва Гори, австралиялик Женифер, покистонлик Имдот, уммонлик Халифа, Япония, Монголиядан келган бошқа шоирларнинг ҳам ижоди билан яқиндан танишиш ниятидаман”… Ушбу қайдларни сизнинг шахсий сайтингизда ўтган йили Таиландда бўлган шеърият фестивалига қатнашганингиз ҳақидаги сафарномангизда ўқигандим. Хўш, ўша ижодкорлар асарларини ўқиб чиқдингизми?

– Ҳали ҳаммасини эмас. Ўзим учун кашф қилган бирор ижодкорнинг асарини ўқийман, уни ўзбек ўқувчисига илиниб, таржима қилиб сайтимга жойлаштираман. Мени таъсирлантирган шоирнинг битта шеърини бўлса ҳам  Ўзбекистонга таништириш учун таржима қиламан. Бутун дунёда ижодкор танишларим бор. Қайси мамлакатга борсам, ижодкорлар билан албатта учрашаман. Африкадан то Австралиягача, Европадан то Жанубий Америкагача ижодкор дўстларим бор. Атрофимда ҳам ижодкорлар етарли. Яқинда мексикалик шоирнинг шеърларини таржима қилдим. Иложи борича муаллифлик ҳуқуқини ҳурмат қилган ҳолда, муаллифларнинг ўзларидан сўраб, розилиги билан таржимага киришаман.

“Жаҳон адабиёти” журналидан бошқа яна қайси нашрларни кузатасиз?

– Ўзбекистонда чиқадиган кўплаб газета-журналларни кузатиб бораман. “Тафаккур”, “Китоб дунёси”, “Жаҳон адабиёти”ни яхши кўраман.

Агар кузатаётган бўлсангиз, ҳозир матбуотда япон, хитой, корейс тилидан бевосита таржималар кўпайган. Уларнинг кўпайишидан қувониш керакми ёки аксинча?

– Саволингиз жавоби билан. Ҳам қувониш, ҳам ташвишга тушиш керак. Нимага қувониш керак, деганда, таржимани қанақа бўлса ҳам кимдир қилиши керак-ку. Агар кўрган бўлсангиз, мен аввал бу ҳақда ёзганман. Аммо куйинадиган томони таржимон ижодкор бўлмаса таржима бўш бўлади. Мен инглиз тилидан ёш таржимонлар Алишер Отабоев, Шуҳрат Сатторов, Қандилат Юсуповаларнинг қилган таржималарини ўқиганман, ҳар бирининг иши мақтовга арзийди, кўпроқ Шуҳратнинг таржималари оригиналга яқин, адабийликдан узоқлашмагандай назаримда.

Аммо мутахассислар Алишер Отабоевнинг таржималарини ҳам яхши деб айтишяпти.

– Бўлса бордир, Алишернинг сўнгги йиллардаги ишларини кўрмадим, узр. Биласизми, бизда таржимонлар мактаби йўқ. Мен буни оғир бўлса ҳам айтаман. Ваҳоланки, таржимонлар мактаби бўлиши, яхши таржима асарлар рағбатлантирилиши керак. Мен бу ҳақида  кўп жойларда айтдим, ёздим. Жуда кўп мамлакатларда махсус таржима мактаблари мавжуд. Таржимонлар қайси тилга ихтисослашганига қараб, ўша тилда сўзлашиладиган мамлакатларга бориб ижод қилишади ва ўз адабиётини тарғиб этишади. 2004 йилдан 2010 йилгача ғайратим роса тўлиб-тошганда Тошкентда халқаро адабий алоқаларни йўлга қўйиш учун елиб-югурдим. Ижодкорларни хориждаги ижодий анжуманларга, дастурларга жалб этдим, ўзбек ижодкорларининг асарлари чет элда чоп этилишида озроқ ҳисса қўшдим, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси  қошида ижодкорлар учун бепул тил ўрганиш курсларини ташкил қилишда иштирок этдим, элчихоналарда ижодий учрашувлар уюштирдим. Кейинчалик ташкилий ишлардан бир оз чекиндим. Атрофимдаги ижодкорлар ҳалқаро алоқалар борасида оз-моз ўз йўлларини топиб олишди ҳам. Балки менинг ҳаракатларим каттакон адабий уммонда бир заррадир, томчидир, балки ундан ҳам кичикроқ, аммо барибир ўзбек адабиётини жаҳонга танитишга ҳисса қўшсам, деган ниятда олдинга ҳаракат қилавераман.

Сизнинг ижодингизни кузатиб, учта йўналишни кўрдим. Биринчиси таржима, яъни чет эл ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қиласиз. Бу фақат инглиз тили билан чекланмайди. Инглиз тилидан ташқари, француз, испан, турк тилида ижод қиладиган ижодкорларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қиласиз. Иккинчиси, ўзбек ижодкорларининг асраларини хоҳ у насрий, хоҳ шеърий бўлсин, инглиз тилига таржима қиляпсиз. Учинчи йўналишни ўзингиз айтасизми?

– Учинчи йўналиш энди таржима қилинган ўзбек адабиёти намуналарини жаҳонга танитиш, дунёга бериш.

Йўқ ҳар икки йўналишда ҳам сиз адабиётни жаҳонга танитишга ҳисса қўшяпсиз. Майли, учинчи йўналишни ўзим айтаман. Учинчи йўналиш чет тилини биладиган ижодкорларни асарларини таржима қилиш, масалан, Фахриёр, Карим Баҳриевнинг шеьрларини. Айнан шу йўналиш мени қизиқтириб қўйди. Тил биладиган ижодкорларнинг қандай эҳтиёжлари борки, сиз уларнинг ижодига қўл ураяпсиз? Уларнинг ўзлари ҳам инглиз тилига таржима қила олишса керак? Ёки сиздан илтимос қилишганми? 

– Фахриёр ва Карим Баҳрининг шеърларини 2000-йиллар бошида таржима қилганман. У пайтда Фахриёр инглиз тилини таржима қиладиган даражада билардими, йўқми, менга аёнмас. Кейинги йилларда Фахриёр инглиз тилини ўрганиш устида жуда кўп ва изчил ишлади. Ҳозир бемалол инглиз тилига ва шу тилдан таржима қила олади. Ижодкорни ўзининг устида ишлагани яхши. Биз Фахриёр билан “Америка ҳикоялари” ва яна бир-иккита адабий лойиҳаларни биргаликда амалга оширганмиз. Яқинда Карим Баҳрининг ҳам инглиз тилидан қилган таржималарини ўқидим. Аммо унинг ўзи ҳали бирор асарни инглиз тилига таржима қилиб кўрмади чоғи.

Эътироз бўлмаганми?

– Шеьрларининг таржималаригами?

Тилни яхши ўзлаштиргандан кейин, сўз бойлиги ошгач ижодий нуқтаи назардан таржима ҳақида ҳеч нарса дейишмаганми?

– Йўқ, эътироз билдирмаган. Карим ака ҳозир тўғридан-тўғри инглиз тилидан таржима қилаётганини биламан, ўзи айтган. Ўзбекчага таржима қилиш осонроқ-да. Унинг шеърларини, хусусан “Тиловат” деган туркумини ўзимга ёққани учун ва унинг илтимосига кўра таржима қилганман. Айрим таржималаримyb анча йил аввал Жанубий Кореяда чиқадиган “Осиё” журналида чоп этишган. Фахриёр бўлса инглиз тилига ҳам таржима қила олади ва буни амалда кўрсатяпти ҳам. Ўзининг шеърларини ҳам инглиз тилига таржима қиляпти.

Ижодкор билан таржимон ҳамкорлигига муносабатингиз. Масалан, Мирзаали Акбаровнинг Баҳром Рўзимуҳаммад билан ҳамкорлиги, сизнинг ёзувчи Эркин Аъзам, Саломат Вафо, шоира Зебо Мирзаева ва бошқа ижодкорлар билан ёки инглиз тилидан, бошқа тиллардан таржима қиладиганлар билан ижодкорлар ҳамкорлиги мисолида фикрингизни билишни истардик.

– Ҳар қандай эзгу ниятли ҳамкорлик фақат яхши самара беради. Адабий ҳамкорликнинг ҳам иккита қирраси бор. Биринчиси – бирор адабиётнинг ичида ҳамкорлик, иккинчиси – бошқа халқлар адабиёти ўртасида ҳамкорлик. Ўзбекистонда муаллиф билан ҳамкорлик жуда яхши, албатта. Масалан, сиз айтган Баҳром Рўзимуҳаммад билан Мирзаали Акбаровни оладиган бўлсак, иккаласи ҳам ўзбек ва  уларнинг ҳамкорлиги ўзбек адабиёти доирасида бўлади. Бу ҳам муҳим, аммо буни осон ҳамкорлик деса бўлади. Лекин ёзувчи бошқа тилда ёзадиган, таржимон бошқа тилли бўлган ҳамкорликни жуда зарур, деб ҳисобайман. Масалан, сиз инглиз адиби бўлсангиз, мен сизнинг асарларингизни ўзбек тилига таржима қилишда сиз билан мулоқотда бўлиб, керакли ўринларда, инглиз тили хусусиятлари, мазмун-моҳиятини ҳисобга олиб, маслаҳатлашишим керак бўлади. Мен замонавий адабиётни назарда тутяпман. Эркин Аъзамнинг асарларини таржима қилганда баъзи сўзларнинг берилишини ўзи билан маслаҳатлашдим ҳам. Таржиманинг муваффақияти муҳаррирга ҳам жуда боғлиқ.

Таржима жараёнида қандай луғатлардан фойдаланасиз?

– Асосан компьтерда ишлайман, кўпроқ онлайн луғатлардан фойдаланаман. Илгари ўзбекча-инглизча луғатларим кўп бўларди. Эркин Аъзам асарларини инглиз тилига таржима қилганда Кейт муаллифлигида чоп этилган “Ўзбекча-инглизча, инглизча-ўзбекча луғат”дан ҳам фойдаландим.

Инглиз тилида луғатлар, айниқса электрон манбалар кўп. Аммо “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, фразеологик иборалар луғатлари бор. Асардаги ҳолат, айрим жумлалар чиқмаслиги мумкин. Улардан фойдаланасизми?

–                Ҳа, фойдаланаман. Мазмун чиқмаса бу луғатларга мурожаат этаман. Энг муҳими, муҳаррир билан ҳамкорлик жуда зарур. Чунки таҳрирда гап кўп. Таржиманинг қандай чиққанлигини белгиловчи ҳам аслида муҳаррир. Ёзувчи Эркин Аъзамнинг асарларини таржима қилганда Лондондан Кэрол Ермакова деган муҳаррирни таклиф қилдик. У аввал Россияда яшаган. Шу муҳаррир асарни жуда зўр таҳрир қилган. Мен ўзим асарни қайта ўқиб, Кэролнинг ёзувчининг услубини чиқариб бера олганига қойил қолдим. 

Сиз Чўлпоннинг шеърларини ҳам ингилиз тилига таржима қилгансиз. Бу таржималарингизни таҳлил қилган филология фанлари доктори Зулҳумор Мирзаева туркиялик таржимоннинг таржималарини сизникига қараганда мувафаққиятли чиққан деб айтган. Сизнинг сўзларнинг маънодошларини топишингиздан кўра, турк таржимонининг сўзларини эквиваленти кўпроқ, деб ёзади олима. Шунинг учун интернетда йўқ сўзларни “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дан фойдаланасизми деб сўрагандим. Майли кейинги саволга ўтамиз. Адабий жараённи кузатасизми? Адабий жараёнда воқеа бўлган асарларга ҳам эътибор қаратасизми?

– Ҳа кузатаман. Ўзбек адабиётида кўп ўқилаётган, танилган, машҳур бўлаётган йилнинг энг яхши асарларини ўқиб бораман, уларни таржима қилишни хоҳлайман, режалаштираман. Лекин мен сермаҳсул ижокор эмасман. Гоҳида ижодкорлар асарларини таржима қилиб беришимни сўрашади. Мени кимдир туртиб, таржимага руҳлантириб туриши керакка ўхшайди. Ғоя бор, хоҳиш ҳам бор, лекин вақт масаласи, унинг самараси мени ўйлантиради. Айниқса, менга ўхшаган таржимон бошқа соҳада ишласа, таржималар йўл-йўлакай бўлиб қоладими, деган хавотиргаям тушаман. Қани эди шу иш билан жиддий шуғулансак, бу борада Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда лойиҳалар қилсак, адабиётини жаҳонга олиб чиқсак, чет элдан ёзувчиларни Дўрмонга олиб келиб учрашувлар ўтказсак. Илгари дунё адабиёти билан таништириш, ўзбек адабиётини дунёга танитиш мақсадида аниқ дастурлар доирасида ҳамкорлик қилиш учун Ёзувчилар уюшмасининг эшигини тақиллатиб турардим. Афсуски, ҳозирча жиддий адабий алоқалар қилишга, алмашув дастурлари, адабий фестиваллар очишга тайёр эмасмиз.

Ўзбек тилини биладиган хорижликлар билан ҳам ҳамкорлик қиласизми?

– Германияда Ингеборд Балдауф хоним, Канадада Гарри Дик, АҚШда Рейчел Ҳарреллар, Кристофор Фортни биламан. Булар ўзбек тилини яхши билади ва ўзбек тилидан  тўғридан-тўғри таржима қилади. Германиялик Балдауф хонимнинг уйида филология фанлари доктори, адабиётшунос Баҳодир Каримов билан бирга меҳмон бўлганмиз. У ўзбек адабий тилини жуда яхши биладиган олима. АҚШдаги Вашингтон университетида Ильза хоним Сиртаутас, Нью-Йоркда Эдвард Олворт домла билан кўришиб, таржималар хусусида гаплашганман. Ҳозир Америкада ўзбек тили ўқитилаётган марказлар анча, у ерда ўзбекистонлик тилшуносллар ҳам дарс беришяпти.

Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганишга бўлган талаб ортган. Ҳатто бу бўйича ҳукумат миқёсида қарорлари қабул қилиниб, кенг кўламда ишлар олиб бориляпти. Бу жараёнларга сизнинг муносабатингиз қандай?

– Хорижий тилларни ўрганиш бўйича ҳукумат миқёсида қарор бесабаб қабул қилинмаган. Ўзбекистон мустақил давлат сифатида дунёга чиққанлиги боис, замоннинг талаби шу. Шунинг учун хорижий тилларни, айниқса инглиз тилини ўрганишга урғу берилаётганини ижобий ҳодиса деб биламан. Замонавий фан-техника, адабиёт санъат, маданият ва шу соҳаларнинг тарихи, ютуқлари билан боғлиқ маълумотлар, ахборотлар энг кўп инглиз тилида эълон қилинганини ҳисобга олсак, бу тилни ўрганишни кучайтириш фақат фойдали. Инглиз тилини билган устозлар, талабалар учун дунё манбалардан фойдаланишга йўл очилади. Халқимиз, айниқса ёшлар дунё билимларидан бохабар бўлади. Бошқа хорижий тилларга эътиборни ҳам сусайтирмаслик лозим.

Сизнинг ижодий фаолиятингизда нима устунлик қилади, шоирликми ёки таржимонлик? Қайсисидан кўпроқ ҳузур оласиз?

– Ҳар иккисинниг ҳам ўз ўрни бор. Нимадир яхши нарса ёзишдан топилган ҳаловат билан қайсидир яхши асарни таржима қилиб олинган завқни баъзан таққослаб бўлмайди. Натижага боғлиқ. Ўқувчилар гоҳида вебсайтимга кириб, таржималар қаторида ўзим ҳам қандай мавзулар ҳақида ёзаётганимни кузатиб боришса, манфаатли нимадир олишса, хурсанд бўламан: www.azamabidov.uz

Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.  

Назира ҚУРБОН суҳбатлашди.