Иля Каминский (Украина/АҚШ)

1977 йилда собиқ Иттифоқ таркибидаги (ҳозирги Украина) Одесса шаҳрида дунёга келган. 1993 йили унинг оиласи АҚШ ҳукумати томонидан бошпана билан таъминланади ва Америкага кўчиб келади. Иля Жоржтаун Университетида бакалаврлик дипломини олади. Кейинроқ у Жорж Беннет ёзувчилар уюшмасининг энг ёш аъзоси сифатида Экзеттердаги Филлипс Академиясида хизмат қилади. У “Шеърият” журнали таъсис этган Руф Лилли мукофотига ва бошқа кўплаб мукофот ва совринларга сазовор бўлган. “Одессада рақс кечалари”  унинг илк шеърий тўпламидир. 2004 йилда Иля Каминский ҳуқуқшунослик мактабини тамомлади.

ОНАМНИНГ ТАНГОСИ

Қарайман: ёмғирда деразаси очиқ онамнинг
Чойшаблар осиғлиқ унда
туғилган кунимга дея оқ тойни
эттинчи қаватга миниб чиқар у.

«Қаерда сақлаймиз уни, онажон?» «Айвонда, болам!»
тўққиз ҳафта кишнаб чиқар той.
Ҳаётимнинг қоқ ўртасида: рақс тушади онажонгинам,

Ҳа, шу жойда, болаликдаги каби у
қанчалик бахтиёрлигимни таърифлаб бер, дея сўрайди –
шўрвалар ҳақида эслатар менга:

ликопча ва сочиқлар аро
тиним нималигин билмайди – ҳаракатсиз у,
эшикларни очиб-ёпади.

Бироқ, бахтнинг ўзи нимадир? Айвондаги оппоққина той!
Онамнинг ўтмиши, елкасига илган ёмғирпўш.
Кун орқали ўтказаман ўқ

кўрмоқ учун олтмиш ёшда чет тилини ўрганишини –
ёш, йўқ, ёш эмас, еттинчи қаватда
тойчоқни сакратиб ўйнайди онам.

У бегона бўлар, бемалол эплайди ўзини,
Очар неки ёпиғлиқ бўлса ва ёпади очиқ нарсани.

МАРИНА СВЕТАЕВА

Ҳар сатрида нотаниш бўғин:
уйғонади балиқчи қушдай, жулдур кийиниб
жаннат ва заминнинг оралиғида.

Уни қабул қиламан, ва юзма-юз тураман бирга.
– ушбу тушда: елкан мисол кўйлагини кияру
югуради ортимдан қолмай

тўхтаб қолар мен тўхтаганда. Сўнг кулади
ёш боладай сўзлар ўзига:
«қалб = азоб + қолган нарсалар.»

тиз чўкаман қўполдан-қўпол
энди урушмайман ортиқча,
томи – умрим бўлган бир уйда

инсоний ойнани кўрмоқ – истагим.

ЖЎНАТМА

«Сен Ялтадан Одессага кетаётган кемада вафот этасан»
фолбиннинг сўзи – 1992 йил

Мени ерга боғлаган нима? Массачусетсда,
Қушлар мен томонга талпинар нуқул –
Дарё такрорлайди ўзини, такрорлар қайта.

Ялтадан Одессага кетаётган кемани
ундаги ҳар йўловчи ва бор матоҳин,
унинг ичидаги осмонни шарафлайман,
само менга дори, само – Ватаним.

Балиқчи қушларнинг мамлакатига, улар тартибининг баҳсига шараф.
Устозим – шамол
терак ва қалдирғочларни айлайди хушбахт, –

бир аёлнинг қошу лабини,
ундаги шўрликни, елкасининг юмалоқлигин
шарафлайман мен. Унинг юзи – фонус
соясида кечади умрим.

Худо, бизни топишинг мумкин,
у – кўзини юмиб ўйнаётган аёл
мен – у билан талашган эркак
жавон, хон ва ўриндиқ аро.

Худо, бизга берақолгин, аллақачон берган нарсангни.

Инглиз тилидан Аъзам Обидов таржимаси