Шоир АЛИ МАНСУР билан шу йил январда Миср пойтахти Қоҳирада ўтган йиллик китоб байрамида танишдим. У билан дунёнинг турли бурчакларидан келган адиблар билан иккинчи павильондаги махсус тайёрланган хонадаги мушоира ва ижодий учрашувларда қатнашдик. Саҳнага чиқиб, мен ҳам шеъримни ўқидим, таржимон дўстимиз арабчада ўқиди. Тадбир сўнгида АЛИ МАНСУР олдимга келиб, қўлимни самимий сиқди. “Бундай шеърлар ёзиш хатарли бўлса керак?” деди. Мен жилмайиб қўйдим. Яқинда инглизчага ўгирилган бир туркум шеърларини юборди. Менга ёқди: кўп шоирларнинг дарди бир, андуҳи ичида. Али биродаримга узоқ умр, гўзал асарлар ёзишида ғайрат тилайман. Икки шеърини таржима қилдим.
***
О, севгилим! Менга шеър айт, гўзал ашъор айт!
Ҳар кун қолган-қутган парчалар
Чор атрофда сочилиб ётур,
Тинмай тўзиб кетган юракка
Оилалар фарёди ботур.
“Қасос” сўзи бемаъни бунда
Асло йўқдир ҳикматга ҳожат,
Кўзларингни юмгин-у, жоним,
Менга шеър айт, гўзал ашъор айт.
Орзулар ҳам энди чилпарчин,
Уларни деб энтиккан замон
Қандай эдик самимий, тоза,
Лек бахтсизлик айлади таъқиб
Тилакларга ўқиб жаноза,
Сен уларни кечиргин-да, қайт,
Менга шеър айт
гўзал ашъор айт.
Қўлларингни меникига қўй
Уялмайин кўзёшлар оқсин,
Севгимиз бор – не мағлубият,
О, севгилим, менинг суйганим,
Менга шеър айт
Гўзал ашъор айт!
Маъюс кумуш ой
Тавба, Демократияни тушимда кўрибман: оқ танли, сочлари яланғоч елкаларига ёйилиб тушган, менга орқа ўгириб турса-да, инглиз шевасида гапираётганини аниқ-тиниқ эшитиб турармишман. Унинг мен тарафга ўгирилишини кутдим, аммо у ҳеч қайрилиб қарамади. Мен ҳам у қараб турган тарафга боришни ўзимга эп кўрмадим. У ёқда миллионлаб ўсмирлар унинг сеҳрли овозига ҳанг-у манг бўлиб турарди. У на қўшиқ айтар, на рақсга тушар, нуқул бир нималарни гапирарди холос. Унинг табассуми жозибали бўлса керак – ҳарқалай менга шундай туюлди, чунки кўплаб болалар унинг оппоқ кўйлагининг этагидан ушлаб, сочларига нозик бармоқларини теккизиб, тобора унга яқинлашарди. Негадир уларга ҳавасим келди, бир ютиниб қўйдим ва… уйғониб кетдим. Чет эл фильми ҳали ниҳоясига етмаган эди, бироқ бош қаҳрамон – сочлари ёйиқ аёл – менга ҳозиргина кўрган тушимни эслатди. Унинг ҳам табассуми қандайдир сеҳрли, елкалари ҳам очиқ эди. Аммо у аёл ўз севгилиси билан сайрга чиққанида, нозик бармоқлари билан қизчасининг сочларини силагани йўқ. Шунда мен деразаларни ёпишни унутган бу қаҳрамоннинг Демократия эмаслигини англадим.
Ярим очиқ деразадан мовий осмон кўриниб тураркан, қизча унга ташналик билан узоқ қараб турди, сўнгра аста парвозга шайланди. Осмонга кўтарилаётиб, бирдан оппоқ капалакка айланди, манзилга етгач эча, ойга – бегона ўтлар, тоғ-у тошлар ва қурбон бўлган мусулмонларга маъюс боқиб турган – ғамгин кумуш ойга айланиб қолди.
(Аъзам Обид таржимаси)