2025 РЕЗИДЕНЦИЯ ДАСТУРИ МЕҲМОНЛАРИ ИЖОДИДАН

Ирена Кобальд (Австралия)

Ёнғоқларнинг шох-шаббасига
Истакларим қўяман илиб,
Кўзгулардан анча нарида
Айёргина олмахончалар
Олиб қочмасин-да ишқилиб.

О, бунчалар гўзал бу ҳарфлар
Эҳ, меники бўлса биттаси:
Ёқтирганим оғочни билса,
Ва қўлида бўлса мен билан
Ўртоқ бўлмоқликка паттаси.

*****

Муҳаммад ал-Домайний шеъри (Саудия Арабистони)

Хилват

Бўлмоқ учун яхши ватандош
Ўз кўчамда айланмоғим шарт,
Гуноҳлардан фориғ бул кўча:
Аёл саси чиқмайди бевақт,
Фақат шошиб эшик чертар ул
Қўшни билан адаштирган пайт.

Шу кўчада яшадим қирқ йил,
Қумтепалар ҳаммаси таниш:
Қўшни иморат-у, мушуклар,
Бурчакдаги кўп ахлат идиш.

Бошқаларнинг дарвозасидек
Кўча тараф эшигим зич берк,
Шошма-шошар уловлар-да қулф,
Ҳатто ёпиқ почта қутиси:
Ақал бир бор кўрмаган мактуб.
Деворларнинг кўринмас сўнги,
Тирмашади сармаст мушуклар,
Зумда базму жамшид жаранги.

Ғазабнок қуёшнинг
учраб қаҳрига,
Бўстонда туссиз бир
тупроққа дўнган –
Бева асотирлар, тўзғиган йиллар,
Ҳансироқ буталар
Эшик ортида:
Бариси шундайин ҳаётга кўнган.

*****

Боян Ангелов (Болгария)

Меҳроб

Улар мени тиқмай тандирга,
Жондай қадрлигим, олиб кет
Юрагимни ўзинг-ла бирга,
Кўкс тўлдириб олсин ул нафас,
Не учунким кўп вақтдан буён
Азобланар: руҳ – оловқафас.

Ёнишига бермагил изн,
Ерга йиқилмаслигин тила,
Шафқат нима ҳеч билмайди ўт,
Ер ўлим ва нонга ҳомила.

Очмиз, тўйдиролмас нон, эсиз,
Ўлим эса очкўз ва хасис.

Улар мени ёқмай туриб жим,
Қадрлигим, олиб кет руҳим.

*****

Жейми Проктор Шю (АҚШ/Хитой)

Ёмғир

ёмғир қуяр, ёғади ғилч-ғилч
туни билан
ва саҳар бўйи
оёқларим устинда
вилч-вилч
ўт-майсалар
кетади ийиб
ёғар ёмғир
марҳаматини
тинмай қуйдиради Худойим
дунё тағин
ҳис қилар ўзин
ювошгина,
майин,
мулойим.

*****

Кйў Биҳ Ҳау (Вьетнам)

Ғазаб

Ичингизга ютманг, майлига,
Сочаверинг менга заҳрингиз,
Узоқ йиллар юракда, онгда,
Шуурдаги бори қаҳрингиз,
Ҳар бир митти ҳужайрангизга
уя қуриб қолган ул ожиз
ғазабингиз олинг бўшатиб,
Бақиринг, бу сиз учун жоиз,
Қаданг ўтли кўзларингизни,
Оловдан ҳам қўшинг бемалол,
Терим, сочим, руҳ-у жонимни
Чақмоқларга едиринг, ҳалол…
Бу дунёнинг аламларидан
Майли, тезроқ олинг қутулиб
Тушкунлик, дод, азоб-уқубат,
Дилингизни ўртаган туйғу
Ва инсоний гуноҳлар бари
Битсин, кетсин тамом ситилиб…

Мана, энди бўлдингиз озод,
Қалтираган қўлларим билан
Қучоқлайман, босгум бағрга
Қароқлардан оқар дув-дув ёш
Мовий Дунай,
Қизил наҳрга,
Ул дарё-ла қовушгаймиз бот,
коинотга қуйиламиз жим,
Ҳам қолурмиз унда умрбод,
Ишқ отига урамиз қамчи,
Азизим, биз – борлиққа бехос
Сачраб кетган баҳайбат томчи.

*****

Ҳенриетта Увегес (Словакия)

Тасалли

Ким қалбин эшигин
Очиб қўюр ланг?
Турган-битган азоб бу ахир.
Муҳаббатдан,
қадим ўзликдан
недир кутмоқ нақадар оғир –
Инқироз мўл бу йўлда, аттанг.

Сирли тилсим,
кўрингувчи хавф,
моҳиятнинг жумбоқ зиёни,
ғарқ бўлиши бутун борлиғинг,
Асло унут бўлмас томони –
Ёруғ-равшан қалблар бирлиги.

Ошиқ бўлмоқ на бир саодат,
Ёнгинангда учар еттинчи
осмондаги кўҳна жамоат.

Сен-ла бирга қувончман, созман,
бироқ асло ақлдан озмам…

*****

Аттила Балазс (Руминия)

Ибодат

Бошдан ўтди шундайин кунлар
кимса билан
бўлмади ишим
бу ўзликка чекинишмас, йўқ,
ҳар қандай сўз
келтирди ғашим

балки сиз
бу тушкунлик дерсиз
кайфиятим зўр эди бироқ
ўйнар эдим мушукларим-ла
бутар эдим атиргулларни
мен худдики
тортишиш кучин
тан олмаган акробат мисол
енгилгина эдим ва қувноқ

қизилдумли
ул сайроқи қуш
кузатди ҳар ҳаракатимни
шуурига мени жойлади
чуғурчуқлар учиб бош узра
мевазордан туриб пойлади

о севгилим,
сен бўлсанг чидаб
онгим яшрин бурчакларида
сабр қилдинг
кутиб толмадинг
ибодатим тугатгунча то
бутун борлиқ билан баробар
ўзинг билганингдан қолмадинг

*****

Муҳсине Арда (Туркия)

Бошпана изловчи

Камина –
Бошпана изловчи

Отажоним
нечундир диққат
жомадон тахлади
ҳар биримизга

сўнг бизни солишди
эски қайиққа

Билмасдим,
Қаёнга кетдик ўшал кеч?
Қўним топмоқ қайда?
Хабарим йўқ ҳеч

Кўз ёш ила чиқариб дардим
Йиғлайвердим тинмай йўл бўйи:
Унутгандим малласоч “Барби”м

Кўзида мунг
Акамнинг тағин
каравотин тагида ётган
эсдан чиқарганди коптогин
Онам ҳам ёш тўкарди тахир
Ҳайрон эдим –
Унинг на “Барби”
На коптоги бор эди ахир

Йиғлайвериб
шишдим
“Бас энди!” –
Ғазабнок ул денгиз кесатди
Тўлқинлар шилқ
Юборди ютиб
Мени тўсатдан

*****

Соннет Мондал (Ҳиндистон)

Тошбўлак

Бундан буён, бундан буён, бундан буён,
Қоғоз ҳиди анқимайди китоблардан
Қоғозларда ифори йўқ илм-фаннинг
Таълим сўлғин япроқ мисол кўп саргардон
Барглар ёшдек тўкилади олов узра
Тошбўлак-чи: худди сўниб қолган исён
Стол, стул, турли-туман китоб ичра.

Улар гўё инсоният суяклари
Бетартиб бир куйдай қисирлайди бари.

Сезгум, суякларим чертмиш зўр ноғора,
Оҳангини тополмайин мен овора.

Заҳар жонга ёйилмоқда, этиб беҳуш
Қулоғимга илинмайди бирон товуш.

Изн беринг, кетай, дилдан кетмиш ҳавас.
Тошбўлаклар яна мактаб бўлармикин
музей эмас?

 

*****