Бу гал “Дунё ўзбеклари”нинг Янги йил арафасидаги қатор саволларига истеъдодли ижодкор, таржимон Аъзам Обид жавоб қайтаради.
2013 йилнинг тарихдаги ўрнини қандай изоҳлаган бўлардингиз?
Дунё миқёсида олиб қараганда, ҳар йили бўлгани каби, 2013 йилда ҳам кўплаб хуш ва нохуш воқеалар юз берди. Ишонишни истаганим: нимаики содир бўлган бўлса, Яратганнинг истак-иродаси билан бўлди.
Иложи борича ижобий фикр юритишга одатланганим учун, айтишим мумкинки, ҳар бир яхшиликнинг ортида бизга кўринмайдиган зарар ва ҳар бир ёмонлик деб ўйлаганимиз нарса ортида кўзу онгимизни пардадай тўсиб турган бир яхши ҳикмат бўлади.
Албатта, ҳамма нарсани яхшиликка йўйиш билан иш битмайди; воқеа-ҳодисалардан тегишли хулосалар чиқаришни ўрганиш фойдадан холи эмас.
Бу йил дунёнинг қайсидир бурчидаги уруш-низо, турли хил табиий офатлар, аллақандай сирларнинг ошкор бўлишидан тортиб инсон қўли ва ақли билан юзага келган ёвузликлардан қаердадир умр кечираётган оналар, гўдаклар, ёшу кексаларга азият етгани мени чин маънода ларзага солди, улар кўзидаги ёш менинг ҳам қалбимни йиғлатди.
Бошқа томондан эса дўстона ва самимий муносабатлар, меҳру муҳаббат ортидан кўзлари чақнаган, ҳаётдан завқ туйиб, ўзини бахтиёр санаган инсонларни кўрганимда эса чин дилдан қувондим.
Тарих зарварақларига тез-тез “бу йил шундоқ бир осойишта ва сеҳрли йил бўлдики, дунёдаги барча халқлар ўзаро бир-бири билан аҳил-иноқ турмуш кечирди, жаҳонда бир дона ҳам қирғин, бир дона ҳам офат юз бермади” деб ёзилишини жуда-жуда орзу қиламан.
Мустақилликнинг 22 йиллигидаги Сизнинг кайфиятингиз, ўй-туйғу ва орзуларингиз. Нималарни кутган эдингиз, нималарга эришдингиз ёки эриша олмадингиз?
Ҳар бир кун жуда чиройли бир неъматдир. Эрталаб соғ-саломат кўзимни очганимга шукрона келтираман.
Мустақилликдан ё умуман ён-атрофдан кўп нарса кутиб, ҳафсаланг пир бўлганидан кўра, ўзинг билганингча, иқтидоринг борича ҳаракатда бўлиб, янгиликларга, яхшиликларга очилиб яшаганинг маъқул киши.
Аммо юзма-юз мулоқотнинг камлиги, дилкаш адабий давраларнинг йўқолиб ё сусайиб бораётгани, ижодкорлар ўртасидаги шахсий адоват, кўролмаслик, шубҳа билан қараш ва гап ташиш ҳолатлари мени маҳзун қилади.
Жўяли таклифларингга, маслаҳатларингга беписанд қаровчи, самимий ёрдаминг остида шахсий манфаат бормикин деб иккиланувчи кишиларга ачиниб кетаман.
Бир оддий ижод кишиси сифатида ўзбек адабиётини таржима ва тарғиб қилиш ишини уюшқоқлик билан амалга ошириш, жиддий қадамлар қўйиш керак, деб ҳисоблайман.
Менга фалон асаримни таржима қилиб беринг, дея илтимос қилувчи навқирон ёзувчи-шоирларга хорижий тилларни ўрганиб, ўша тилларда асар ёзишни бошлашни маслаҳат берган бўлардим.
Масалан, ёзувчилар уюшмаси халқаро алоқалар билан боғлиқ фаолиятини ҳеч бўлмаса ўз аъзоларига тил ўргатиш курслари очиш, чет эл ёзувчилари билан мулоқотни кучайтириш орқали кенгайтиришини истайман.
Бу йил инглиз тилида ёзган шеърларимни электрон шаклга келтириб, кичик тўплам қилдим.
Ўзбек адабиётидан қатор намуналарни инглиз тилига таржима қилдим.
Ижодимдан намуналарнинг деярли барчаси www.azamabidov.uz
Бугунги кунда асарларини кўпроқ киши ўқишини истаган шоир ё ёзувчи ижтимоий тармоқлардаги хос гуруҳларга аъзо бўлиши, ўз саҳифасида чоп этиши мумкинлигидан ўқувчи топиш масаласи ҳал бўлгандай гўё.
2-3 йилдан буён бир тадбирни ўйлаб, яхши йўлга қўя олмаяпман: орамизда, шундоқ биз билан битта шаҳарда бир оз унутилаёзган, суҳбатдошга муҳтож, ёши анча улғайиб қолган ижодкорлар бор;
шуларни бир-бир бориб йўқласак, йўқлов жараёнида ноутбугимни чиқариб, ўша шоир ё ёзувчининг ихчамроқ ҳикояси ё иккита шеърини таржима қилсам, деган ниятим бор, шу тариқа ихчамроқ бўлса ҳам инглиз тилидаги баёзларга тартиб берсам, деб ният қиламан…
Шахсан Сизнинг ҳаётингизда 2013 нинг ўрни. Келаётган 2014 йилдан нималарни кутасиз?
Бошимга иш тушса, камчиликни энг аввало ўзимдан қидиришни янада яхшироқ ўргандим, ўзимни айблашнинг ва ислоҳ қилишнинг уддасидан чиқа билдим, шу йўлда давом этмоқдаман.
Бу йил чет элларга қилган сафарларим самарали бўлди. Кўплаб яхши ниятли кишилар билан танишиб, мулоқотга киришдим, янги адабий лойиҳаларга қанот ҳозирладим.
Янги йилда ҳозирги замон африкалик ва австралиялик ёзувчи-шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, ўзбекистонлик китобхонларга уларни таништиришни режалаганман.
Ўзбегимнинг катта бир ёзувчисининг китоблари таржимасига киришдим.
Ғарб адабиётида “кичик кичик ҳикоя” (short short story) деган адабий жанр бор. Ўзбек, инглиз тилларида бир нечта шундай кичик нарсалар қораладим.
Янги йилда кўпроқ шеър ва митти насрий асарлар ёзишни мўлжаллаяпман.
Бугуннинг муаммоси аниқ: Ишсизлик, парокандалик. Нега адабиётда буларнинг сояси кўринмайди, йўқ…
Ижтимоий муаммолар кўтарилган асарлар ёзилмаяпти, дея олмайман. Ёзилаётганларини матбуотда, китоб ҳолида босишмаётгандир, аммо зукко ўқувчи замонамизнинг ўзини англаган, инсофли, фикри очиқ шоиру ёзувчилари халқнинг дардини шеърга, насрий асарга индираётганига ишонаман.
Гоҳ-гоҳ шундай асарларга Интернетда кўзим тушади.
Бундай мавзуда ўзимнинг “Эски шаҳар”, “Сени соғинаман, Самирам!”, каби ўзбекча, қатор инглизча асарларимни ҳам онлайн ўқиса бўлади.
Янги йил арафасида кўнглингизда чўкиб ётган яна қандай саволларга жавоб топишни истардингиз? Дил сўзларингиз…
Ҳар бир инсонга ўзига берилган омонат ҳаётини розичилик билан яшаб ўтишини тилайман.
Бағрикенглик, меҳр-шафқат, ҳайрат, шукроналик туйғулари ҳеч кимни тарк этмасин!
Бутун дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда тинчлик бардавом бўлсин.
Ниятлари тоза кишилар яшайдиган, одамлар бир-бирини алдамайдиган, омонатга хиёнат қилинмайдиган, айблар яширилиб, яхшиликлар эсланадиган, эмин-эркин фикр айтилиб, ҳайиқмай яшаладиган бир жамият қуришда ёрдамим тегса дейман.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус