Гэри Дикни бир кўришда илиқ таассурот қолдирадиган, ўзбекчада баъзи мулозимлардан яхшироқ гапириб, тушунадиган, меҳрибон ва дилкаш инсон сифатида биламан. “Юнител”да ишлаб юрганимда у билан жуда кўп учрашганман, адабиёт, таржима ҳақида илиқ суҳбатлар қурганман, “ЖАР”га азонлаб теннис ўйнашга борганман, Чорсудаги офисида “Лисон-ут-тайр”ни таржима қилишини кузатганман, саёҳатга чиққанман. Бир куни ҳазрат девонини олиб ишхонамга келди. Ўтириб, китобни аста варақлаб, маснавий ўқиб бошладик. Фалон бўғинли шеър экан, деди. Китобдаги сатрларнинг ҳаммаси шунақа, дедим. Ҳайратланганини кўринг! Шу қалин китобдаги ҳаммаси-я?! Ҳазрат ва ижодига бўлган меҳри юз чандон ошди-ёв!
Ҳинд юртига тасаввуф анжуманига бордик икковлон. У “Қуш тили” ҳақида гапириб, шу номли саҳна асаридан экранда парча намойиш этди. Камина ҳазрат ғазаллари шарҳи билан “Гули ва Навоий” монологини ўқидим. Турк олими Маҳмуд Ўрол Қиличдан Навоийни ўқиганмисиз, деб сўрадик. Бўлмасам-чи, деди у, фақат шундай даҳони Туркияда яхши билишмайди. Кофе-брейк маҳал анжуман иштирокчилари Гэри иккимиздан Навоий ҳақида кўпроқ билишни истаб, инглизча китоблари борми, деб сўрашди. Менда Гэри таржимасидаги биттагина китоб бор эди, ҳадя этолмадим, аммо Гэри субтитр қилинган спектакль дискини қизиққанларга улашди.
Эрталаб Деҳлидаги меҳмонхонадан чиқаркан, Гэри билан хайрлашдим. Унинг оиласи ҳам бирга келган, шифокор кўригидан ўтиши керак эди. Кўп миллионли шаҳарда энди кўришолмасак керак, Тошкентда учрашгунча омон бўлинг, дея илиқ тилаклар айтдик. Буни қарангки, кечга томон одам қайнаб ётган Деҳлининг бир бурчида кезар экан, Гэрини яна учратиб қолдим! Кўнгил яқин-да, йўқса ҳайҳотдай шаҳарда яна кўришармидик, дея кулишдик.
Тошкентга қайтгач, Гэри Чиғатой-ўзбек луғатига тартиб берди, иккита ҳарфи менга тегди, Зулхумор Мирзаева, Зебо деган сингилларимиз унга кўмак беришгани эсимда.
Адабий таржимага эътибор қаратилаётган шу кунларда уни яна жонажон юртимизга чақириб, беминнат хизматидан фойдалансак, ундан ўрганиб, билганимиз билан баҳам кўрсак, қандоқ яхши иш бўларди!