Америкага саёҳат (фоторепортаж)

Кечқурун гуруҳимиз билан Сеулга учдик, у ердан шоша-пиша навбатдаги “Дельта” авиакомпаниясига қарашли учоғимизни топиб, Детройт томон 13 соат, жаъми 20 соат ичида булутлар қўйнига шўнғиганча, гоҳ мизғиб, гоҳ мутолаа, гоҳ фильм томоша қилиб, манзилимизга эсон-омон етиб оларканмиз, аэропортда бизни продюсеримиз Лора Брандт кутиб турарди. Ташқарига чиқмай, “Аляска” учоғида Массачусетс штати Бостон шаҳрига қўндик.

Мўъжазгина Бостон ва Кембриж шаҳарларини узун кўприк ажратиб тураркан. Америкадаги энг йирик, энг машҳур, донгдор таълим даргоҳлари шу ерда жойлашган.

Технология институти, Ҳарвард университетини кўрдик, устоз ва талабалар билан суҳбатлашдик.

Шу ерда анжуманга келган собиқ ҳамкасбим Шарифа Жўрабоевани учратдим, йиллар уни деярли ўзгартирмаган, янада хушчақчақ, оқила ва комила инсон бўлибди Шарифа опа, мазза қилиб суҳбат қурдик, эски йилларни эслаб, кулишдик, ўйга толдик.

Шу ерда нурли-нурли бир инсон қадамидан юрагим ёришиб кетди: Деннис Дейли! Ҳазрат Навоий ғазалларини таржима қилиб, миниатюралар билан безатиб, китоб чоп эттирган. Ўзининг ҳам гўзал шеърлари, таржималари жамланган китобларини тақдим этди, руҳим янада ўсди. Жаноб Дейлининг қизи неча йиллар аввал Хоразмда инглиз тилидан дарс берган, ўша пайт Деннис ака ҳам юртимизга бориб, тарихий шаҳарларимизни кўрган. Бир нарсага ишончим комил бўлди: кимки Навоийга қизиқибди, уни ҳурматлаб, ўз тилига таржима этибди, Яратган уни азизу мукаррам, тоза дил ва ҳусндор, чиройли қалбли инсон қилибди! Януш домла, Деннис, Лаура, Марк, Гэри… Ўзинг рози бўлгин улардан, Аллоҳим!

Вашингтонда бизнес бошқаруви соҳасида таълим олаётган Наби Тоғаевнинг дадалари келган экан, улар жўрлигида Оқ Уй, Линкольн ёдгорлиги каби гавжум масканларни кездик. Кўз тегмасин, Набининг дадалари соатлаб пиёда юрганимизга қарамай, кучли йигитлардай ҳеч биздан қолишмай, баъзан ҳатто илгарилаб боравердилар. Кечки мазали овқатни биргаликда Жоржтаундаги турк тамаддихонасида, ташқарида, соябон остида едик.

“Америка овози”да Навбаҳор, Беҳзод ва бошқа ҳамкасблар илиқ кутиб олишди, бир пиёла чой устида дўстона суҳбатга тортишди. Навбаҳор барчамизни ўзбек ресторанига олиб борди.

Шу куни қўшни штатдан атайин биз билан кўришиш учун Марк Рис меҳмонхонамизга келди. Ўн йилдан ортиқ вақт ичида ўгиргани “Ўтган кунлар”, Ўзбекистон хотираларини тўлқинланиб гапириб берди. Дилкаш, самимий, кулиб турган инсон экан. Келгусидаги лойиҳамиз ҳақида озроқ гурунглашдик. Ўзбекистонга келаман тез орада, деди, жуда хурсанд бўлдим.

Индиана штати Блумингтон шаҳрида ўзбек тили ўргатаётган, ўрганаётган талабалар, ўқитувчилар билан учрашдик. Марям хоним Ҳамза ҳақида чиройли, жиддий гапларни айтди. Ўзбекистон архивларига кириш ўта қийинлиги боис, Москва архивини титкилаганини гапирди. Ўзбекчада равон сўзлашар экан бу олимамиз.

Шу университетда туриб, Тошкентдаги шарқшунослик олийгоҳи ўқитувчиларига масофавий дарс ўтаётган Умида Ҳикматуллаева билан танишдик, билимли, комила инсон, оқила аёл, меҳрибон она эканини кўрдик. Янги, инновацион услубда қурилган бинода самимий суҳбатлашдик. Куёвлари Сиэтлдаги “Боинг”да ишлаяпти, фарзандлари Индианада билим оляпти, умрлри узун, ҳаётлари ширин бўлсин.

Доктор Бонк жаноблари эса ўта билимли, жуда машҳур, нақадар шинаванда олим экан!  Ўқимоқчи бўлганлар учун дунё очиқ бир мактубдай бўлиб қолди, деди у. Совға қилган китоби асосан шу мавзу, яъни онлайн, бепул таълимга қаратилган. Ўқийдиганлар борми, марҳамат! Кечқурун роса чарчаганимиз сабабли у тавсия этган пиццахонага боролмадик, афсус!

Сиэтлга иккинчи бор келишим. Оғочлари гўзал, қишин-ёзин ям-яшил! Шаҳар атрофидаги оролларнинг ҳеч қиёси йўқ, айниқса паромга ўтириб, тонг отиши ва кун ботишини кузатишдан-да завқлироқ нарса мавжудмасдай гўё.

Сиэт-Тошкент биродарлашган шаҳарлар уюшмаси масъуллари Лола Захарова хонадонида бўлдик.

Муҳтарам жаноб, кулиб турган, қалбу юзи қуёшдай порлаган меҳрибон Дэн Петерсон билан яна кўришиш насиб этди. Умри узун, оиласи тинч бўлсин, ҳаёти қувончга, файзу баракага тўлсин!

Сиэтлда кун бўйи бизга илгари Ўзбекистонда яшаб, ижод қилган журналист Ҳелен Ҳолтер ҳамроҳлик қилди. Шаҳарнинг энг яхши жойларига олиб бориб, тарихи, одамлари, табиати ҳақида сўзлади. Ҳеленнинг самимияти, ширинсуханлиги, юртимизга бўлган меҳридан роса мамнун бўлдик. Барака топсин! 1985-1986 йилларда Сиэтл марказидаги бозорни бузилишдан асраб қолиш учун шу ерда яшовчи 55 000 киши 35 доллардан хайрия қилган, уларнинг исм-шарифлари бозор бўйлаб ётқизилган митти плиткаларга ёзилган. Ҳелен иккимиз биринчи бўлиб ерга қадалган плиткани 55 мингта ичидан излаб топдик!

Сиэтлдан Инчонга учдик. Бир кун шу ерда қолиб, тоза ҳавосидан симирдик.

Ассалом, Ватан! Ўн тўрт кунгина кезибмиз холос, аммо сени соғинмай бўлурми?

Соғинтирганингга шукур, Яратган Эгам!

Февраль, 2018 йил