2004 йили Вашингтондаги Конгресс кутубхонаси ходими Кристофер Мёрфи учрашув чоғида Ўзбекистонда чоп этилаётган китоблардан мунтазам олиб туришини айтганда, роса суюнгандим. Ҳозир бу китоб етказиб бериш жараёни қандай экан, ҳеч хабарим йўқ. Ўша йили жаноб Мёрфи илтимосига кўра Бобораҳим Машрабнинг “Меҳрибоним қайдасан?” китобини Конгресс кутубхонасига юборганим эсимда. Учрашув чоғида Кристофер Нью-Йоркда Ўзбекистон ва адабиётимиз билимдони Эдвард Олворт яшашини, Колумбия университетида фалон куни катта анжуманда иштирок этиши ҳақида хабар қилди. Айнан анжуман ўтаётган ҳафтада Нью-Йоркка келдик. Университетга бордим. Эдвард домлани танимасдим. Анжуман ўтадиган хонага кириб, таваккал бир жойга ўтирдим, қарангки ёнгинамда ўтирган баланд бўйли, озғин, нуроний олим Эдвард домла экан! Танаффусда гурунглашдик: юртимиздаги ўзгаришлар, янгиликлар ҳақида қизиқиб сўради, анчадан буён боролмаганини, Абдурауф Фитрат ижодига бағишлаб китоб ёзганини айтди, ҳозирги Амир Темур хиёбонидаги скамейкада ўтириб, тоза ҳаводан симирганча газета ўқиган йилларидан ҳикоя қилди. Анжуман тугашига озроқ вақт бор эди, домла пичирлаб гапиришдан ҳам истиҳола қилиб, менга битта қоғозча узатди. “Кетишим керак. Истасанг, мен билан автобус бекатигача юр.” Жоним билан!
Эдвард домлага эргашиб, Университет ҳовлисидан шошилмай чиқиб келдик, домла шаҳар четроғида тураркан, бекат ёнида автобус келгунича яна озроқ гаплашиб қолдик. Ўзбекистон ва адабиётимиз ҳақида Олворт домладан кўп ва хўб ҳеч ким бир нарса ёзмади ҳали АҚШда, деди бир дўстим яқинда. Ҳақ гап! Аммо менда Фитрат тўғрисидаги китоби бор холос у кишининг. Фитрат домланинг қизи Севаргул опада “The Modern Uzbeks” номли китобини кўрганман.
Ёзувчилар уюшмаси августда катта бир адабий конференция ўтказяпти. Раҳматли Эдвард домла ва унга ўхшаган чет эллик олимларни ёдга олсак, дуо қилсак арзийди. Узоқ йўлга чиқиши осон бўлмагани учун анжуманга Навоий ва Бобурни поляк тилига таржима қилиб, китоб ҳолида Варшавада босган Януш Кржизовский, инглиз тилида ғазаллар китобини чиқарган Денис Дейли, яқин йилларгача Ўзбекистоннинг дўсти сифатида юртимизга йилда бир марта ташриф буюриб турган Ильза хоним кела олмайди.
Ўзбекистоннинг Польша ва АҚШдаги элчихонаси бу инсонларга қўнғироқ қилиб, халқимиз номидан чин дилдан раҳмат (гарчанд улар ҳеч ташаккурнома кутган эмас) айтиб қўйса, савобли иш бўларди. Ўзбегимни Германияга таништириб юрган Ингеборг Балдауф хоним таклиф этилганми анжуманга? “Ўтган кунлар” таржимони Марк Рис-чи? Камина адабиётимиз учун нимадир қилган камида ўн нафар чет эллик дўстимизнинг номини ташкилотчиларга бердим, қай бирини танлаб олишдийкин? Ёзувчилар уюшмаси бу анжуманга тайёргарчилик, унинг ўтказилиши борасида матбуот анжумани ташкил этиб, ОАВ ходимлари саволларига жавоб берса, қандоқ бўларкин? Журналист дўстлар, қайдасиз, хабарингиз борми икки ойдан кейин шундай йирик тадбир ўтишидан?