“Ёзувчи/Маданият соҳаси вакили резиденцияда”/Биографиялар

Ўзбекистонда илк бор “Ёзувчи/Маданият соҳаси вакили резиденцияда” дастури

Мария Филипова 1954 йил 31 майда Болгариянинг Бургас вилояти Ситово қишлоғида таваллуд топган. Гимназия ва иқтисод техникумида таҳсил олган. Бир муддат Низомий номидаги Тошкент педагогика институтида ҳам ўқиган, рус филологияси факультетини Болгарияда тамомлаган. М. Филипова болгар тилидаги тўртта, грек тилидаги битта шеърий китоб муаллифи, насрий асарлар ҳам ёзади. «Капалак қаноти», «Кунчиқар тубида», «Эътиқод» ва «Қушлар учун тож» китоблари кенг жамоатчиликка манзур бўлган. Шеърлари Тошкентда чоп этилган “Илонбалиқ” ва “Қуш тили” шеърий баёзларига ҳам киритилган. У бир қанча шоирларнинг шеърларини маҳорат билан болгар тилига ўгирган. Болгариядаги нуфузли адабий мукофот соҳибаси бўлган. Айни пайтда Болгариядаги Пловдив шаҳрида истиқомат қилади. Ўзбекистон Мария хотирасида ҳеч ўчмас из қолдирган, бу ерда у талабаликнинг олтин даврини ўтказган, юртимизнинг баъзи вилоятларига саёҳат қилган, Ёзувчилар уюшмасида ижодкорлар билан мушоираларда, адабий йиғинларда қатнашган, ўзбек шоирларининг шеърларини болгар тилига таржима қилган. Энг эътиборлиси, Мария Филипова 1991 йили Ўзбекистонда ҳазрат Навоий таваллудининг 550 йиллигига бағишлаб ўтказилган навоийхонлик кечаларида фаол иштирок этган чет эллик ижодкорларнинг биридир.

Георги Иванов (Жорж Трак) 1961 йил 17 октябрь куни Болгариянинг қадимий Пловдив шаҳрида зиёли оиласида туғилган. 1984-1990 йилларда пойтахт Софияда Санъат академиясида ўқиган. Иш фаолиятини 1990 йили санъат соҳасидаги менежерликдан бошлаган. Кейинчалик маданий меросни асраб-авайлаш, дизайн, анъанавий ҳунармандчилик, рассомчилик ва ҳайкалтарошликни ривожлантиришга қаратилган “ТракАрт” жамғармасига асос солади. 2000-йил бошларида замонавий болгар ва Европа рассомлари асарларини асраб-авайлаш дастурини йўлга қўйган. 2001-2002  йилларда Алеково қишлоғидаги Авлиё Иван Рильский ибодатхонаси суратларини реставрация қилган. Ўша йили халқаро иқтисодий муносабатлар бўйича таҳсил ҳам олган. “Гувоҳ”, “Спираль”, “Шеърият ибодатхонаси” каби монумент-ҳайкаллар, Пловдив ва Истамбул шаҳарларидаги диққатга сазовор жойларда ўзига хос, ажойиб фавворалар барпо этган. “Оналар гиёҳванд моддаларга қарши” ташкилоти билан ҳамкорликда ёшлигидан гиёҳвандликка ружу қўйганлар учун “Рестарт” номли арт-терапия лойиҳасини юритган. 2017 йили халқаро алмашув, маданий туризмни ривожлантириш учун тадқиқот маркази очди.

Любозар Фратев Ленинград политехника институтини 1968 йили тамомлаган. Болгариянинг Пловдив шаҳридаги корхоналарда бошқарувчи бўлиб ишлаган. Айни пайтда “Новиз Инк” ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш компанияси бош директоридир. Жаноб Фратев Болгариядаги санъат, маданият ва адабиёт соҳаси вакилларини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Қадимий китоблар, кўҳна санъат асарларини коллекция қилади. У янги “Опера уйи” асосчиси ҳамдир. Спорт билан шуғулланишни, самимий дўстлар даврасида бўлишни ёқтиради. Икки нафар фарзанди, уч нафар набираси бор. Болгар-ўзбек адабий, маданий алоқаларини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш ниятида.