Ўзбекистонда илк бор “Ёзувчи/маданият ходими резиденцияда” дастури
НИМА: “Ёзувчи/маданият ходими резиденцияда” дастури
КИМ УЧУН: Ушбу дастур бир ҳафта давомида Ўзбекистоннинг камида учта шаҳридаги адабий, қувноқ, дўстона, дилкаш давраларда бўлишни истовчи хушфеъл, самимий суҳбатдош, камтар, бағрикенг, ўз юртида таниқли саналган чет эллик ёзувчи, шоир, таржимон, рассом, маданият ходими (2-4 кишилик гуруҳ) учундир. Дастур иштирокчилари айни бир хорижий мамлакатдан ва ё бир неча мамлакатдан танлаб олиниши мумкин.
ҚАЕРДА: Буюк Ипак Йўлининг юраги бўлмиш Ўзбекистонда
ҚАЧОН: Йил бўйи (энг мақбули апрель-май, октябрь-ноябрь ойларида)
МАҚСАД: Адабий, маданий алмашув, чет эллик муаллифлар билан мулоқот ва ўзаро алоқага очилиш; ўзбекистонлик ёзувчи, шоир, рассом ва маданият соҳаси вакилларига хорижлик ҳамкасблари билан мулоқот ўрнатишга имкон яратиш; келгусида фойдали дастур ва лойиҳалар устида биргаликда ишлаш учун адабий, профессионал муносабатлар ўрнатиш ва мустаҳкамлаш; чет эллик туристларни Ўзбекистонга жалб этиш.
Мазкур дастур келгусида Ўзбекистон ўзининг кенг кўламли Халқаро ижодий дастурларини, Халқаро ёзувчилар ва шеърият фестивалларини, Халқаро ижод уйларини очишига туртки бўлишни кўзда тутади.
ДАСТУР ХАРАЖАТЛАРИ: Ушбу дастур ҳозирча якка тартибда тузилган ва харажатлар қуйидагича тақсимланади: дастур иштирокчиси халқаро авиачипта ва Ўзбекистонга кириш визасини олишга масъул. Иштирокчи ТУРИСТ ВИЗА олиши лозим. Дастурнинг Ўзбекистон қисми барча харажатлари (турар жой, маҳаллий транспорт, озиқ-овқат) дастур координатори ва унинг маслакдош дўстлари зиммасида бўлади.
Ўзбекистон 2018 йилдан бошлаб чет эллик туристлар учун янги тартибдаги виза олиш қоидаларини жорий этди. Баъзи мамлакат ватандошлари учун Ўзбекистонга кириш учун виза керак бўлмайди. 40 дан ортиқ мамлакат ватандошлари учун эса соддалаштирилган виза тартиби амалга киритилган, яъни дастур иштирокчисидан Ўзбекистонга келиш учун сайёҳлик фирмаси ва ё жисмоний шахсдан виза олиш учун таклифнома талаб этилмайди. Иштирокчи E-Visa тизими орқали осонгина виза олиши мумкин. Дастур координатори танлаб олинган иштирокчини бу борада етарли маълумот билан таъминлайди.
РЕЗИДЕНЦИЯ ШАРТЛАРИ: Дастур иштирокчилари меҳмонхонада эмас, ўзбекистонлик ёзувчилар ва маданият ходимларининг уйларида яшайди. Дастур координатори иштирокчиларни тегишли тартибда рўйхатдан ўтказади. Шу тариқа уларга ўзбек ижодкорларининг турмуш тарзи билан яқиндан танишиш, улар билан самимий, дўстона мулоқотга киришиш имкони берилади. Иштирокчилар учун нормал ҳолатдаги яшаш шароитлари муҳайё қилинади.
ДАСТУР НИМАНИ ЎЗ ИЧИГА ОЛАДИ: Дастур мушоира ва бадиий ўқиш кечалари, ёзувчи, шоир, рассом ва талабалар билан учрашувлар, кутубхона, адабиёт ва уй-музейлари, диққатга сазовор, тарихий жойларга саёҳатни ўз ичига олади. Иштирокчиларга бир ҳафталик дастур мобайнида яшаш ва кўриш учун пойтахт Тошкентдан ташқари Ўзбекистондаги учтагача шаҳарни, жумладан Самарқанд, Бухоро ва Хивани танлашларига изн берилади.
КОНТАКТЛАР:
Дастур ҳақидаги барча саволларни лойиҳа координатори Аъзам Обидга йўлланг.
Эл.почта: azamjon1974@gmail.com; Вебсайт: www.azamabidov.uz
Facebook: https://www.facebook.com/azam.obidov