Ўтган йил учун ижодий ҳисобот ва режалар

2018 ижодий қараш, йўналишимни ўзгартирган, бундан буён адабий фаолиятимни ўзгача, янада қизиқарли ва фойдалироқ оқимга туширишга илҳомлантирган яхши бир йил бўлди, алҳамдулиллаҳ!

Йил бошида Эркин Аъзамнинг романи, қиссаси ва ҳикоялари жамланган, Лондонда босилган таржима китобим қўлимга тегди. Яна, Эврил Туроннинг “Ойнур” романи инглизча таржимасини австралиялик ёзувчи дўстим Патрисия Бернард таҳрирдан чиқариб берди.
Йил ўртасида Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин”ини инглизчага ўгирдим. Китоб Туркияда жуда чиройли шаклда, безакли нашр этилди, тез орада китобхонлар хабар топади.

“Жаҳон адабиёти” журнали учун Навоий ғазалларидан таржима қилдим. Баъзи ёқтирганим шоирларнинг жарангдор шеърларини инглизчалаштирдим. Баъзи шоирлар ва ўзимнинг ёзганларимни митти видеолар шаклига келтирдим, Ютубда, сайтимда кўрса бўлади.

Ойбек домла уй-музейларида шоир ва ёзувчиларимиз билан эркин учрашувлар, мушоиралар, рассомлар билан кўргазмалар ташкиллаштирдим.

Октябрь ойида Ўзбекистонда биринчи марта “Ёзувчи/рассом резиденцияда” ижодий-маданий дастурини бошладим. Декабрь охири ва йилбошида яна бир шундай дастур ўтказишга тайёр турибман.
Бундан буён ўзим камроқ таржима қилиб, адабиётимизнинг энг яхши намуналарини кўпроқ чет элликларга таржима қилдириш йўлини излайман. Резиденция дастурим жуда қўл келади бу ишда. “Митти ҳикояларим” сериясини бойитаман, каттароқ насрий асар ёзаман.

Резиденция дастурини иложи борича кенгайтираман, бир пайтнинг ўзида 20-25 нафар чет эллик ижодкор олиб келиб, энг кучли ёзадиган шоир ва ёзувчилар, истеъдодли рассомлар уйида яшаб, биргаликда ижод этиши учун шароит қидираман, рассомларни ўзаро боғлайман. Миллий ва хорижий жамғармалар, институтлар, элчихоналар билан жадал ҳамкорлик йўлига ўтаман. Бу йирик, уникал бир ижодий лойиҳа бўлади, халқаро адабиёт ва санъат уйи барпо этаман, ҳар йили ўтказиладиган адабиёт, шеърият фестивалига йўл очаман, иншаАллоҳ.

Бошқа томондан, уйғоқ ўзбек ижодкорлари билан чет элга чиқиш тажрибаларимни ўртоқлашаман, бундай самимий ният, қайноқ ижодий муҳит ва ҳаракатни кўрса, мудроқ ва ухлоқ ўртоқларимизнинг ўзиям уйғониб кетади ҳали! Январь охирларида бу режаларим ҳақида батафсил гаплашиб оламиз, бир тақдимот ташкиллаштириш ниятим бор.

Яна бундан буён кўпроқ аввал таржима қилганим асарларни ва муаллифларни яхши маънода тарғиб этиш ҳааркатида бўламан, бунда ҳар бир асар ва ижодкор учун алоҳида, батафсил режам бўлади. Китоб таржима қилиб, нашрдан чиқариш унча катта ишмас, муаллифнинг ўзини чет элга таништириш, унинг ўзини олиб чиқиш, унга тил ўрганишида, хориж ўқувчилари ичига олиб киришда, мушоира ва бадиий ўқишлар, адабий-маданий анжуманларда иштирокини таъминлашда, чет эл сафарини уюштиришда яқиндан кўмакчи бўлиш энг асосий иш ва вазифа бўлади мен учун!

Ахир тирикликдан, шундай имкониятдан фойдаланмасам бўлмайди. Адабиёт, санъат одами эркин бўлиши, тараққий этиши ва илдам илгарилаши шарт. Бу йўлда ҳамфикрларингга елка тутиш, уларга биринчи бўлишда қўлдан келганча ёрдам бериш эса энг олий бахт.

Бу ишлар ҳам бир ҳобби-да. Янги йилимиз янада самарали бўлсин!