Адабиёт ва санъат учун эртага нима қиламиз?!

Февралда адабиёт ва санъат мавзусини ёритувчи босма нашрлар, радио-ТВнинг куни туғади, яъни Навоий ва Бобур таваллудига урғу бера бошлашади, аммо ҳаммаси ё кечаги, ё бугунги нарсаларни чайнайверади-чайнайверади, янги нарса, янгича таҳлил йўқ. Бу борада, умуман, адабиёт ва санъат учун эртага нима қиламиз, деган савол ҳеч қайси каллани ўйлантирмайди. Нега? Масалан, ўтган ҳафта иккита катта адабий воқеа содир бўлди: “Ўтган кунлар” инглиз тилида босилгани (майли-да қайси тилдан бўлсаям, Марк Риснинг таржимаси ўз йўлига, бу борада у дангал, ўғилбола гапини айтди, барака топгур: «Қодирийни кўпроқ киши биладиган ва ўқийдиган бўлди!”) ҳамда худди Гюго ё Гёте институтига ўхшаган Навоий институти очилишини айтяпман. Ҳой, ўртоқлар, бизда сал савияли, нормал адабиётчи, таҳлилчи, журналист борми ўзи, ё таклифнома келишини кутиб, уйқуни уриб ётадиган адабиёт-у санъат дарвозабонлари қолди холосми?! Каттакон раҳбар бошингизга келиштириб чертишини кутмасдан, уйғонинглар-эй! Ё нима қилаётганингизни қоғозга ўрамай, аниқ-тиниқ ёзинг, кўрсатинг, сайтингизни янгиланг, саҳифангизни жонлантиринг! Ҳой, йўл излаётган шеър ишқибозлари, фикри тиниқ, ғайрати мўл бўлгур ёзувчилар ва шу соҳа мутасаддилари, Навоийни бутун дунё билади, деб кулдиравермай, у ҳазрат учун ҳам нимадир қилинг, ҳеч йўқ биттагина тил ўрганинг, битта рубоийсини, битта ҳикматини таржима қилиб, улашинг!