Ўзбек адабиёти ва санъатини нима қиламиз?
Фестиваль
Ўтган ҳафта Ҳиндистоннинг Одиша штатида ўтган халқаро адабиёт ва санъат фестивалида қатнашдим. 12 йиллик дўстим, шоир Ману Дэш ва австралиялик ёзувчи, 118 та мамлакатга, жумладан Ўзбекистонга саёҳат қилган Патрисия Бернардни кўрдим. Баҳонада эронлик, исроиллик, польшалик, испаниялик, австриялик, даниялик шоир ва ёзувчиларни “резиденция дастури”мизга таклиф этдим. Октябрь ойи учун ўндан ортиқ иштирокчилар ёзилди.
“Резиденция дастури” нима ёхуд “Ижодий туризм”
Ҳар бир ўзбек ижодкори ёзган асари таржима қилинишини, четда босилишини, ўзга эллик дўстлар орттиришни, хорижга саёҳатни, эркин, самимий адабий мулоқотни истайди. Дастуримизнинг мазмуни, содда қилиб айтганда, ана шу истакнинг амалга ошишида яқиндан ёрдам беришдир. Биз “бизга қўшилинг” деб ҳадеб айтаверишни ёқтирмаймиз, истаган ижодкор ташаббусларимизга қўшилиб, барака топсин, истамагани эса баланд орзулари билан осойишта қолиб, омон бўлсин. Туристлар олиб келайлик, дея жар солаётганлар биз таклиф этган, амалга ошираётган бундай “ижодий туризм”ни қанчалик самарали эканини назардан қочирсалар ҳам, биз олға босаверамиз. Дастуримиз орқали Ўзбекистон ҳақида ҳозирча юзлаб одамлар эшитди, тез орада минглаб хорижликлар яқиндан билади, ўз кўзи билан кўради, энг муҳими, мудраётган муҳтарам ижодкорларимизга шижоат, илҳом, илғор тажриба ва руҳий қувват берувчи илиқ шабадаларни олиб келади. Митти видеоларимни кўрмадингизми?
Таржима
Асаримни таржима қилинг, деб илтимос қилаётган қора кўзларим, сиз учун адабиёт ва санъат уммони устидаги кўприк бўлишдан кўп қувонаман, аммо уммонда балиқдай эмин сузишни ўрганиш муҳимроқ эканини эслатишим ўзингиз учун аълороқ. Чет тилларини ўрганинг. Март ойидаги резиденция дастуримизнинг бир қисми чет эллик ижодкордан инглиз тили ўрганишни ҳам ўз ичига олади. Келмайсизми?
Қўллов
Шоирим ва ёзувчим, барча адабий, маданий ташаббусларим сиз учундир. Митти дунёмиз ижод оламида кўп нарсаларни кўрдим. Энди навбат сизники. Бир тадбирга чорласам, лаббай, деб келганларга қуллуқ. “Мунча яхшисиз”, дейди бир ижодкор дўстим. Аммо қўлдан келганча ҳаммага ёрдам беришим, шуни истаётганим, барча учун бирдай очиқ эканимни қабул қилолмайди. Фойдали, зурур нарсаларни, имкониятларни кўпчилик билан бўлишиш, бошқаларниям илгарилаши учун чин дилдан йўл очишдай ҳаракат ҳаммамизда бўлса қанийди. Йўлимиз очиқлиги, юзимиз ёруғлигининг асл сабаби ҳам шунда. Илтимос, каминани мақтаманг.
Босма ва онлайн нашрлар
Адабиёт ва санъатни ёритувчи газета-журналлар, онлайн нашрлардаги дўстлар, мақола ё пресс-релиз тайёрлаб берсаккина энг муҳим янгиликларни ёритиш одатингизни ўзгартирмасангиз бўлмайди. Ўзбекистонга ҳар куни ё ҳар ойда чет элдан ёзувчи ё шоир, ёки рассом келяптими? Гёте ва Гюго институтларига ўхшаш Навоий институти иш бошлагани, “Ўтган кунлар”, “Фарҳод ва Ширин” инглизчага таржима қилинганидан ҳам каттароқ ва муҳимроқ янгилик эшитдингизми яқин орада адабий-маданий ҳаётимизда? Пистирмадан чиқмайсизми, зукко, зийрак, серғайрат адабий мухбирлар, катта-кичик адабиётшунослар?
Китоб
Шу ердаям, чет элдаям босилди. Хўш, ўқувчисини топдими, нечта тақриз ёзилди, ким ёзди, нима деб ёзди? Шоирим, қалами ўткир ёзувчим, китобингиз эмас, ўзингиз хорижга чиққанингизда, сизни кўпроқ одам билган, таниган, суҳбатлашган, ўқиган, завқланган бўларди. Ижоднинг энг тотли жиҳати шундай мулоқотда эмасми? Бундан буён қиладиган ишим чиқарганим китобларнинг ўқувчисини топиш ва адибларимизниниг ўзини хорижга олиб чиқиш бўлади. Тайёрмисиз?
Аъзолик
Камина ҳеч қайси ижодий уюшмадан аъзолик сўраган эмасман, бунинг менга асло керагиям йўқ. “Олифталикни йиғиштир”, деб тергайди яхши шоира опам. Мени қолипдаги, формати ҳеч ўзгармайдиган, мизғишга бориладиган тадбирларингизга чақирманг, ва ё буюк шоир юбилейи арафасидагина сохталик билан излашга тушманг. Таржима китобларим, ижодий ташаббусларим, тадбирларим, дастурларимни ўзингизники қилиб олсангиз ҳам майли. Нима қилаётган бўлсам, шу халқ учундир. Ўзингизнинг асосий вазифангиз бўлган ташаббуслар учун ҳам таклифнома кутасизми? Мукофот, кенг шароит, ҳар хил бепул хизматлар сизга бўлсин. Таъма, беҳуда умидворлик – бисотимда йўқ, узр сўрайман.
Ўзбек адабиёти ва санъатини нима қиламиз?
Хўш, нима қиламиз, қандай қиламиз? Бугун, эртага? Бу масалани ҳеч йўқ меникидай “ҳобби”га айлантира оласизми? Барча адабий, маданий уюшмалар мустақил бўлмагунча, ўзимиз сезмаган ҳолда депсиниб тураверамиз. Адабиёт ва санъатимиз ривожланиши, дунёга бўй чўзиши учун бизнес одамларимиз, ичимиздаги, ўзимизнинг бадавлат ва басавлатларимиз ҳам масъул бўлиши лозим. Бурхон бобонинг ўғлидан бошқа яна кимлар бор миллионлар ичида, омон бўлгурлар?
Февраль 2019 йил