Қани, менинг устозим?
Ёхуд Карим Бахриев, Улуғбек Ҳамдам, Раҳимжон Раҳматга очиқ хат
Ассалому алайкум, акалар!
Биз кўнглимиз ва мухлислар учун ёзиш, таржима қилиш, соғлом баҳсга киришиш, китоб чиқариш баробарида конкрет, илғор адабий ташаббусларга очилиш, бир-бировимизни қувватлаш, жаҳон адабиёт майдонида ўзбек деган ном ҳам борлигини намойиш этиш, ўрнак бўлиш ва зарур ғоялар билан бўлишиш даврида яшаяпмиз, валлоҳу аълам. Ҳартугул менинг адабий, ижодий миссиям кўзим билан кўрган, қалбим тўғри деб билган нарсаларни энг камида бошқаларгаям улашиш, ўртоқлашиш, иложини қилиб бошқалар ҳам бошидан ўтказиши учун йўл ва самимий ёрдам кўрсатишдан иборатдир.
Сиз ва сиз каби жиддий, тўғрисўз, яхши ёзадиган ижодкорларимиз ўзбеклар ва туркий дунё ичида қолиб кетмасин десак, жаҳон саҳналарига тезроқ ўзингиз чиқинг, сўзингиз чиқсин!
Камина сиз ва сизга ўхшаган фаол ижод аҳлини ҳеч йўқ ўзим қатнашган дастурлар, анжуманларга тавсия этишни истайман. Бормаганим, аммо яхши билганим бошқа адабий лойиҳаларда ҳам иштирокингизни кўрсам дейман. Минглаб ёзувчи, шоирлар ичидан АҚШдаги уч ойлик Айова дастурига номинация қилиш учун лойиқ ўзбек ижодкорини топиб бўлмаяпти. Ҳиндистонда “Айтек” дастури, “Критя” анжумани, Германиядаги “Берлин адабий коллоквиуми”, Колумбия Меделин шеърият фестивали каби дунё ижод аҳли йиғилиб, фикр, тажриба алмашадиган, дўстлашадиган тадбирларга сиз ва бошқа ижодкорларимиз ҳам борса қани!
Албатта, қўшни мамлакат, узоқ шарқ ё ғарбдаги катта-кичик адабиёт, шеърият фестивали, таржима анжумани, резиденция дастурига бир-икки бор қатнашиб қўйиб, дунёга чиқдик, дейишимиз кулгули. Аммо, ҳатто ўшандай тадбирларда ҳам йўқмиз-ку! Қаерда қимтиниб турибмиз?
Энди жаҳонга бўй чўзиш учун ўз-ўзимизга йўл ахтармасак бўлмайди! Чет тилларидан ўзбекчага қилган таржималаримиз ўз йўлига. Асарларимизни чет тилларига таржима қилайлик, деб амалий иш бошлаганимга 20 йил бўлди, ким кирди ёнимга? Қанисизлар?
Ёзувчи, шоир, ижод аҳли вақт борида тил ўргансин, дунё адабиёти билан яқиндан танишиш, янгича ташаббусларга қўшилиш, чет эллик ижодий ҳамкор, дўст орттириш имконидан унумли фойдалансин, деб даъват этаётган яна ким бор орамизда? Ким қўшилади, сиз қўшилмасангиз шу чақириқларга?
Мен ўзимни эмас, сиз ва бошқаларни тарғиб этишни ўйлаяпман-ку, нега баъзилар шуниям оғир олмоқда? Кўпинча инглиз тилига урғу беряпман, чунки дунё бадиий ва илмий адабиёти шу тилда битилмоқда, халқаро адабиёт анжуманлари, дастурлари тилиям шу. Бу оддий ҳақиқатни, ўзбек ижодкорининг дунё ижод оламига илғор асарлар, ғоялар билан қўшилишининг энг биринчи йўли тил ўрганиш эканини нега сиз ҳам тарғиб қилмаяпсиз менга қўшилиб?
Адабиёт университети очилганига неча йил бўлди-ю, энг биринчи вазифаси нима эди? Аммо шунча йилда бирорта чет эллик инглиз тили ўқитувчиси жалб қилиндими ўқув даргоҳига? Уч кунгина семинар учун хориждан муаллим олиб келсак, талабалар-у устозларнинг қувонганини кўрмайсизми! Бундай оддий, аммо ўта муҳим масалаларни сиз кўтармасангиз, ким айтади?
“Чет эллик ёзувчи, рассом резиденцияда” дастурини очдим. Баъзи ошгагина чақирувчи ижодкор ўртоқлар эшитмадик, дейишди. Бу дастурни сиз ва бошқа дўстларимиз билан ҳамжиҳатликда кенгайтирсак бўлмасми? Олти ой ичида 22 нафар чет эллик ижодкорни олиб келдик. Йил охиригача хориждан камида 50 нафар ижодкор таклиф этиш режамиз бор. Сентябрь охирларига яна 15 нафар чет эллик катта ёзувчи, шоир, рассомлар келяпти. Қачон Ўзбекистонга бир йилда шунча чет эллик ижодкор келганди? Карим ака, икки нафарини уйингизда қабул қилиб, дўст тутинсангиз, ижодий ҳамкорлик қилсангиз бўладими? Иккисини сиз олсангиз-чи, Улуғбек ака? Кенг далаларингиз қўйнида мушоира, адабий учрашувлар, кўргазмалар ташкил қилайлик, Раҳимжон ака!
Дунё ижодкорларини олиб келиш орқали сизларни жаҳон адабиёти саҳналарида тезроқ ва кўпроқ кўришимиз мумкинлиги, ҳозирча бундан-да осон йўл йўқлигини англаганим учун шу ишларни қиляпман, акалар, қанот бўлолмайсизми? Мен учун биринчи бўлиш муҳим эмас, балки бошқаларга олдинги сафларда бўлишга кўмак бериш муҳимроқ. Ёнимда туроласизми?
Бизга яхши ёзувчи, шоир, таржимон, адабиётчилар қаторида зўр тарғиботчилар, адабий агентлар, адабий-маданий тадбирларни ташкиллаштирадиган, чет эл билан боғлайдиган менежерлар, координаторлар сув ва ҳаводай зарур ҳозир! Нега ижодкорлар ичида элчилар, дипломатлар йўқ? Шу фикрларни улашиб, амалий ишларимизда тиргак бўлсангиз бўлмасми, акалар?
Навоийни инглиз тилида ўқишмаётгани, ўқиттира олмаётганимиз менинг энг катта дардим эди! Ғазаллари, “Фарҳод ва Ширин”, “Қуш тили”ни инглизчада чиқарилди. Ичи куйиб ўтирганлар-ку, майли, ақал сиз “баракалла, ким яна шундай ишларни давом эттиради?” деб бошқаларниям илҳомлантирмайсизми, акалар?
Фақат турк дунёси ичида қовурилмайлик, илтимос, Африкага, Америкага, Европага, Яқин ва Узоқ Шарққа, улкан адабиёт ва санъати бор, миллиардлаб аҳолили Осиёгаям бўй чўзайлик, борлигимизни намоён этайликки, ўрнимизни бегоналар, ўзга тилга мақом беришга чорловчилар эгалламасин!
Аччиқ бўлсаям, шундай зарур ва фойдали ишларни фаолллик ва уюшқоқлик билан қилишгами даъват этай ва ё адабиёт учун ажратилаётган маблағни қандай сарфлаётгани номаълум аллақандай уюшмаларга аъзоликка тиркалиш, мукофот учун ўлвориш, бепул тиббий хизмат ва дала ҳовлидан фойдаланишгами, ёки ҳаммасини зимдан кузатаётганларгами ўхшашга чорлай, акалар?!
Адабиёт газеталарида, Фейсбук постларингизда, алоҳида учрашувларда шундай ишларнинг аҳамияти, зарурлигини таҳлил ва тарғиб қилганингизни кўрсак бўлурми? Ёш йигит-қизларга, талабаларга ижод, таржима, адабий танқид, дунё адабий жараёнига қўшилиш йўллари ҳақида қизиқарли маҳорат дарслари ташкил этсангиз бўлмасми?
Ёшим бир жойга борди, деманг. Менам 45 ни ҳатладим, аммо чекимга тушгани шу шекил: ижод аҳлини зерикарли узоқ уйқудан уйғотиш, қизғин учрашувларга, дастурларга чорлаш, хорижга чиқиб, ўзи, ижоди, адабиётимиз ҳақида чет тилларида гапиришига кўмаклашиш, гўзал асарлар ёзишга илҳомлантириш. Энг муҳими эса, адабиёт ва санъатни эркинлаштириш, мустақил адабий ташкилотлар тузиш ва шароит яратиш, шу йўлда илғор зиёлиларимизни бирлаштиришдан иборат. Сиз қайдасиз? Сизнинг миссиянгиз қандай, акалар?
Агар нотўғри ва ё беҳуда ишлар қилаётган, кераксиз нарсаларга даъват этаётган эсам, мени тўхтатинг! Инглиз тилида бир роман битишни кўзлаганман, ўшани ёзай, ўзим билан ўзим овораи сарсон бўлай, ҳеч кимни ўйламай! Бош эгиб борадиган, кўнглимни ёрадиган, бундай ижодий ишларни тўғри тушуниб, йўл кўрсатадиган устозим ёнимда йўқ эди, сизларга ёздим, рози бўлинг!