Япониялик ёзувчи Шимада Масаҳиконинг «Менинг қадрли дўстларим, биламан, биз, ёзувчи-шоирлар, дунёни, ундаги урчиб кетган ёмонлик, фисқу фасодни ўзгартиришимиз мушкул, лекин ҳар не бўлганда ҳам, сизу бизнинг ёзаётган нарсаларимиз алдамчи сиёсатчиларнинг ёлғон ваъдаларию турфа кирдикорларидан минг чандон яхширокдир» дея жимгина бизни тарк этгани эсимда. Олис ўлкада ўнлаб халқаро ёзувчилар «Ўзи нега ёзаман ва нима учун ёзаман?», деган мавзуда махсус баҳслар уюштирганди. Кўпчилик қандайдир янги гап айтишга интилган ўшанда. Масалан, мисрлик ёзувчи Аҳмад ал-Аидий «ёзишдан мақсадинг нима?» деган саволнинг нотўғри эканини айтиб, аввалдан ҳеч қандай мақсад қўймаслиги, умуман, адабиётга бирор нарсани вазифа деб юклаш мумкин эмас, қабилидаги фикрда собит турган. Кейинги йилларда бу масала мени кўп ўйлантирди, ижодий мавзу йўналишини иймон шеърлари туркумига жойлашга уриндим, модомики, нимадир ёзишга ўтирибманми, у нарса ўқилмоғи ва ўқувчига фойдали бўлмоғи керак, деб ўйладим.
Хорижда Навоийни кўрмадим, Бобуру Машраб китоб дўконларида йўқ, бироқ Румий ва Ҳофизнинг борлиги ҳам суюнарли. Сафардан қайтаётган таиишларим «бу юртда бизни билишмас экан» дея ҳафсаласи пир бўлди. Мен сўрадим: «хўш, ўзимизни таништириш учун ақалли ўзингиз ишлаётган соҳада бирор нарса қилолдингизми?» Афсуски, қониқарли жавоб бўлмади. Кейин ўзимдан яна сўрадим: бирор миллатни, масалан, ўзбекни, унинг адабиётини дунё билиши нима учун керак?
Адабий асарларни таржима қилишга энди киришганимда олдимга катта мақсад қўймаганман. Аммо кейинги йилларда бутунлай бошқача фикрлай бошладим, ҳамма қатори бўй-бастимиз тенглашиб туришини, ўзга миллат адабиёти қаторида бизни ҳам севиб ўқишларини чин дилдан истадим. Таржима асарларимиз тақчиллиги боис дунё бизнинг адабиётимизни билмайди. Бироқ, очиғини айтганда, адабиётимиз намуналарини катта-кичик давраларда ўқир эканман, тингловчилар ҳайратини яширолмади, ўзбек шеъриятига бошқача кўз билан қаралганига гувоҳ бўлдим. Шоир ва ёзувчиларнинг асарларига бир ўқишда мафтун бўлган хорижлик ижодкорлар биз билан адабий алоқаларни йўлга қўйишга интилаётгани ҳам сир эмас, Алишер Навоий асарларини инглиз тилига ўгириб, хорижда чоп эттириш ишига астойдил бел боғлаган Гарри Дик жанобларига, Рауф Парфи, Баҳром Рўзимуҳаммаднинг шеърларини таржима қилаётган германиялик Балдауф хоним ва америкалик Рейчел Ҳаррелга тасаннолар айтаман.
Бирин-кетин нашр этилган, жуда оз нусхада бўлса-да, ихлос билан тайёрланган таржима китобчаларим кўпгина мамлакатлардаги адабиёт ихлосмандлари қўлига етиб борди. Айниқса, инглиз тилига ўгирилган Чўлпон ва Усмон Носирнинг сара шеърлари (“Dream of lightsome dawns”), ўзбек шеъриятининг 50 га яқин ижодкорлари жамланган «Осиё оҳанглари» (“Tunes of Asia”) тўиламининг юртимиз ва хориждаги нуфузли даргоҳларда бўлиб ўттан тақдимотини илк самаралар, дея баҳоласа бўлади.
Ўзимизга ўралашиб қолмаслик, янгиликни қабул қила олиш муҳим. Дунё ижодкорлари тажрибаси билан ўртоқлашмаслик, уларга ўз ишларимизни тақдим этишдан ийманиш мутлақо ярамайди, назаримда. Таржимонлар ишини ривожлантириш, уларга кўмак бериш, балки адабиётни жаҳон саҳнасига олиб чиқиш ишини давлат даражасида олиб боришга эришмоқ керак. Адабий таржималар клубининг интилувчан аъзоларини қўллаб-қувватлаш, профессионал таржимонлар етиштириш, уларнинг хорижда таълим олишига кўмаклашишни олдимизда турган зарурий масала деб билсаккина, дунёга бўй чўзяпмиз ва адабиётимизни тарғиб қилишга ҳисса қўшяпмиз, деб айта оламиз.
Азиз ўқувчи, ушбу тўпламга кирган жаҳон адабиёти намуналаридан қилганим бир даста таржималарни ва бир туркум машқларимни сизга туҳфа этар эканман, фикр-мулоҳазаларингизни бажонидил қабул этишга тайёрман. Хабарларни электрон почта манзилим azam_obidov@yahoo.com га юборишингизни илтимос қиламан. Дуоларингизга илҳақ,
Аъзам Обид,
2006 йил, март
Ушбу китобни сақлаб олиш учун ҳавола: Соғинтириб кетгум қадамларимни