UzLAB haqida UzA

Чет эллик ижодкорлар билан яқин ҳамкорлик самараси

Ўзбекистонлик ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва уларни хорижий мамлакатларда фаол иштирок этишлари учун кўмаклашиш мақсадида “Ёзувчи ва маданият ходими резиденцияда” дастури амалга оширилмоқда. Мақсад чет элдаги ижодкорлар билан жонли мулоқотлар ташкил этиш, тажриба алмашиш ва осори-атиқаларимизни дунёга намойиш этишдан иборат. Лойиҳа мустақил бўлиб, унинг ташаббускорлари давлатдан пул олмасдан ишлайди.

Куни кеча Абдулла Қодирий уй музейида ўтган ижодкорлар учрашувида ҳам дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатидан таниқли ёзувчи, шоирлар, рассомлар таклиф этилди.

– Бош мақсад ижодкорлар ўртасида дўстона мулоқотни яратиш, – дейди дастур ташаббускори ёзувчи Аъзам Обидов. – Масалан, Халқаро анжуманлар, адабиёт ва шеърият фестивалларининг тили дунёда инглиз тили. Лекин Ўзбекистонда бу тилни яхши биладиган ижодкорларни топиш жуда мушкул. Шу маънода ўзбек ижодкорлари чет элга чиқиши ва ўзини кўрсатиши, адабиётимиз ҳақида гапириб бериши, лойиҳаларда иштирок этиши учун дунё ижодкорларини Ўзбекистонга олиб келиб, уларга шу ерда тажриба алмашишларига шароит яратдик.

2018-2019 йиллар давомида бутун дунёдан 50 дан ортиқ ижодкорни олиб келдик. Бу лойиҳа мустақил бўлиб, бирор бир ташкилот, давлат бюджетидан ёки корхоналардан пул жалб қилмаганмиз. Ўзимиз волонтёр бўлиб, кучимиз етганича ҳаракат қиляпмиз.

Бунинг ортидан нафақат ўзбек ижодкорларини чет элларга олиб чиқиш, балки хорижликларни Ўзбекистонининг диққатга сазовор жойлари билан таништириш, саёҳатларга олиб бориш, маданиятимиз, санъатимиз, тарихимиз ва урф-одатларимиз билан яқиндан таништириш ҳам мақсад қилинган.

Лойиҳанинг яна бир эътиборли томони чет эллик ижодкорлар меҳмонхонада эмас, балки ўзбекистонлик ёзувчи ва маданият ходимларининг уйларида яшайди. Шу тариқа уларга ўзбек ижодкорларининг турмуш тарзи билан яқиндан танишиш, улар билан самимий, дўстона мулоқотга киришиш имкони берилади. Дастур мушоира ва бадиий кечалар, ёзувчи, шоир, рассом ва талабалар билан учрашувлар, кутубхона, адабиёт ва уй-музейлари, диққатга сазовор, тарихий жойларга саёҳатни ўз ичига олади.

Санжар Тошпўлатов, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/chet-ellik-izhodkorlar-bilan-yaqin-hamkorlik-samarasi_651542